Холдор Вулқон
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Таниқли ёзувчи Саломат Вафо ҳақида.
Мен таниқли ёзувчи Саломат Вафонинг бир пайтлар дарахт ҳақида ёзган ҳикоясини «Ёшлик» журнали саҳифаларида ўқиб, унинг бадиий диди юксак эканига, ҳайратомуз, соф санъат асарлар ёза олиш интеллектуал қувватига амин бўлганман. У шубҳасиз ўзбек прозасида ўзига ҳос ўринга эга, иқтидори Худо томонидан ато этилган аёл ёзувчилар сирасидандир. Саломатнинг ўз асарларида ҳақиқий ижодкор позициясидан туриб, ўзбек жамиятидаги иллат ва муаммоларни аёвсиз фош қилиши, мазлумларни ёқлаб, золимларни савалаши тез орада кимларнидир қаттиқ безовта қила бошлади ва унга қарши адолатсиз маломат тошлари билан сангсор қилиш компанияси бошланди. Кимдир Саломат Вафонинг асарларида шарқона одобга ёт эротик эпитетлар мавжудлигини иддао қилса, кимлардир уни телбага чиқарди. Айниқса унинг модерн фикрлаши, «Акамни алмаштириб қўйибдилар» дея ёзган сўзлари ўзининг бошига бало бўлди. У фақат тафаккури теран ва юксак модернист ёзувчиларгина тушуна оладиган қуш тилида: -Тахдид ва тазъйиқлардан қўрққан акамнинг менга нисбатан муносабати кескин ўзгарди. Акам аввалллари бундай эмас эдилар -дея ёзмоқчи эди. Уни тушунмаган «экспертлар» Саломат Вафонинг ғайриоддий сўзларини телбалик аломатига йўйдилар ва ўзининг санъат даражасидаги дурдона асарлари билан адабиётимиз ҳазинасини бойитаётган шундай истеъдодли ёзувчини носаломат вафо дея руҳий беморлар даволанадиган касалхонага мажбурий даволанишга юбордилар, жиннига чиқардилар. Мени ҳайратда қолдирган нарса, на Ёзувчилар уюшмаси мутасаддилари, на биронта ёзувчи ё шоир чиқиб: -Ҳой, нима қиляпсизлар?! Бадиий адабиётимиз ҳазинасини бойитаётган бу ёзувчига тазъйиқ ўтказишни бас қилинглар! — дея овоз чиқармадилар. Лекин, ўша пайтдаги золим ҳукумат тазъйиқ ва босимлар ўтказиб, фақат бадиий асарларида ҳақиқатни айтгани учун ижод оламида яккамоховга айлантириш сиёсати билан ҳам бу ўжар, истеъдодли ёзувчини руҳан синдира олмади, Саломат Вафо ўз идеалларига содиқ қолди. Унга зулм ўтказганлар кўп ўтмай, ё аламли азоблар билан хору зор бўлиб ўлди, ё қамалиб кетди. Шу тариқа у ҳукумат қаҳрига учрагач, «гап тегиб қолмасин» дея уни кўрса ҳам, атайлаб кўрмасликка оладиган дўстлари ундан юз ўгирдилар. Шунга қарамай, Саломат иқтисодий ночорлик пайтларида ҳам, мунтазам ижод қилиб, «Поезд», «Устюрт», «Номсиз кема», «Эртакка айланган кун», «Арғимчоқ», «Муқаддас манзил» каби ҳикоялар ва романларни ёзди, уларни «Қора бева» номли сайланма китобига жойлаштирди. Саломат Вафо цензура қолипларини синдирган, социалистик реализм ромига сиғмаган озод, эркин, журъатли, жасур ёзувчи аёл, замонавий ўзбек адабиёти осмонида порлаётган ёниқ юлдузлардан биридир.
05/01/2023.
Кундуз соат 4:53.
Каннада, Онтерио.