Мен дунёга келган ховли. Шу кўхна дорвозани дадам раҳматли ўз қўллари билан бунёд этган эдилар. Ҳозир бу дорвоза ўрнига бошқа, замонавий ровот ўрнатилган. Лекин, менга шу дадамдан ёдгор эски довоза қадрлироқ эди. Сурати сақланиб қолганига ҳам шукр.
Болалик пайтларимиз биз шу ариқда чўмилар эдик. У пайтлар бу ариқ катта ва чуқур эди. Ҳозир ариқчага айланиб қолибди. Қуриб қолмаганига ҳам шукр. Кўприк устидаги курсида қўшнимиз, 90 ёшли Абдумалик тоға хаёл суриб ўтирибдилар.У киши ҳозир оламдан ўтганлар. Жойлари жаннатдан бўлсин.Ўнг томондаги биринчи уй мен учун жуда қадрли. Шу хонадонда Абдумалик тоғанинг Абдуқахҳор деган ўғли билан бирга ўйнаб, катта бўлганмиз.Абдуқахҳорнинг каптарлари кўп эди. Улар том устидаги баланд ҳавозага қўнишар, биз хуштак чалиб, каптарларни ҳавога кўтарилишга мажбур қилар эдик. Улар ҳавода учиб, умбалоқ ошса, юрагимиз завқу шавққа тўлар эди.Осмонга аланглаб юрар эдик. Ўзим Америка қитъасида, обод шаҳарда яшасамда, ҳамон ўзим туғилиб ўсган шу, йўллари ўнқир — чўнқир қадрдон қишлоқни соғинаман. Бу кўчани, бу уйларни ўйламаган куним йўқ.
Холдор Вулқоннинг набираси Абдусаломова Дилноза Мақсудовна. Канада, Онтерио.