Халқимиз асарларини севиб ўқийдиган таниқли шоир Рустам Мусурмон.
Рустам Мусурмоннинг шоирлигидан ташқари инсонийлик фазилатлари ҳам қадрлашга лойиқ.
У: -Мен бир китоб бўлсайдим, титилииииииб, титилиб кетсайдим! -дея шеър ўқиркан, беихтиёр, ўқилаверганидан муқоволари уваланиб, узилиб, варақлари титилиб кетган бир ноёб, нодир китоб кўз олдингизга келади.
Унинг «Гала гала ҳеййй гала! Менинг боғимни тала!» деган ажойиб мисралари одамни ўйлантириб қўяди. Бир қарашда, бу мисраларда шоир шунчаки, узум боғдаги баланд капада ўтирганича еб тўймас қушлар галасини бағрикенглик билан зиёфатга чорлаётган, Худонинг жонворларига хасана, яъни эҳсон қилаётган боғбон образини яратгандай таасурот қолдиради. Бошқа нимкоса мазмун призмасидан қаралганда эса, арзимас молу дунё, муваққат мансаб ва мартаба учун Ватан дорвозаларини ёвларга очиб беришга ҳам тайёр, ёғийларни юртига имлаб чорлагувчи разил, олчоқ, сотқин ялавочларнинг мараз қиёфаларини очиб ташлаётганини кўриш мумкиин.
Ҳа, Рустам Мусурмоннинг шеърларида шундай, этни узиб олувчи киноялар, халқ дарди, Ватан қайғуси яққол сезилиб туради.
Холдор Вулқон
08/01/2023.
Кундуз соат 2: 44.
Канада, Онтерио.
*******************************
Хушхабар!
Таниқли шоир ва таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи Рустам Мусурмон Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири унвони билан тақдирланди. Шу муносабат билан биз ижодкорни кўп сонли адабиёт мухлислари номидан табриклаймиз. Келгуси ижодига зафарлар тилаймиз.
Рустам Мусурмон 1963 йилнинг 26 августида Қашқадарё вилояти Китоб туманининг Яккатут қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Руҳимнинг товуши”, “Хиргойи” шеърий тўпламлари, “Руҳ насибаси” достони, “Муқанна” қиссаси адабиёт ихлосмандларига яхши таниш.
Шоир бадиий таржимон сифатида ҳам баракали ижод қилиб келяпти. Хусусан, у қорақалпоқ халқининг ардоқли фарзандлари Ажиниёз, Бердақ шеърларини, Ибройим Юсуповнинг танланган асарларини, Ўразбой Абдураҳмоновнинг “Оролим – дардим менинг” роман-эссесини, Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий” романини, Муратбой Низановнинг “Ҳаво кемасидаги икковлон” қиссасини, Бахтиёр Генжамуроднинг “Укуздарё битиклари” шеърлар ва достонлар тўпламини, “Мадэхон сўзи ёхуд Чин ипагидаги битик”, “Қорақалпоқ” достонларини, Алланазар Абдиевнинг қатор ҳикояларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.
Шунингдек, у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” рукнида чоп этилган, қорақалпоғистонлик ёш ижодкорлар Сарвиноз Мусаддинованинг “Карвон йўллари”, Аллаёр Дарминовнинг “Ой дўст” шеърий тўпламларининг таржимонидир.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмоннинг туркум шеърлари ва публицистик мақолалари қорақалпоқ адабий нашрлари “Амударё” журналида, “Эркин Қорақалпоғистон”, “Қорақалпоқ адабиёти”, газеталарида чоп этиб келинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, шоир 1999 йилда “Шуҳрат” медали билан, 2016 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси