Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Истеъдодли шоир Феруз Неъматуллаев шеърларини ўқиб.
Авваллари шоир ёзувчилар ўз асарларини қаламда ёзганлар -десанг, ҳозирги ёшлар ишонмаслиги ҳам мумкин. Ўша пайтлар камдан кам ёзувчида учрайдиган ёзув машинкаларини хисобга олмаса, бунақа, клавишлар ёрдамида сўз қадоқлайдиган компьютерлар уларнинг ҳатто етти ухлаб, тушларига ҳам кирмаган. Қутб жимлигига чўмган «Дўрмон» ёзувчилар қароргохида ижод аҳли худди ўрмонда дарахтларни тақиллатаётган қизилиштондай ёзув машинкасида сўз қадоқлар эди.Ҳозир ёзилган мактуб электрон почта, замонавий месенджерлар орқали Ер куррасининг исталган чеккасига яшин тезлигида етиб боради.Авваллари шоирлар шеърларини қўлёзма ҳолатида конвертга жойлаб, газета ва журналларнинг тахририятига йўллар, мактубга оқ -қора тасвирли ўз суратини ҳам қўшиб юборар эдилар. Тасаввур қилинг, бир шоир шу тахлит газета редакциясига мактуб йўлласаю, бир ойдан кейин тахририятдан жавоб мактуби келса. Хурсандлик ва ҳаяжондан қўллари титраган шоир, тахририятдан эмас, қандайдир император жаноби олийларидан мактуб олган фуқародай, конвертни авайлаб очсада, шундай мазмунда мактуб келган бўлса:
«Ҳурматли, фалончи, мактубингизни олдик. Олиб, конвертни шундай очсак, нимадир тап этиб ерга тушди. Суратингиз экан. Уни кўриб, халқаро қидирувга берилган ўта хавфли жиноятчининг фотороботими деб ўйлаб, ишхонадагилар ёппасига қаттиқ қўрқиб кетдик. Кўзингизнинг ғилайлиги ҳам оздай, бурнингиз противогаз шлангкасига ўхшар экан.Ғознинг бошига ўхшаш хажман кичкина бошингиз бор йўғи бехининг ғазанагидек, носқовоқдай келаркан. Ҳалигача дағ дағ титраб, ҳаяжонимиз босилмаяпти, ўзимизга келолмаяпмиз. Ишхонага киргани қўрқяпмиз.Мен бир нарсага ҳайронман, сиз филнинг хартумига ўхшайдиган шунақа бурун билан шоир бўлмоқчимисиз? Ахир, шоир деганининг соқол мўйлови таглаб қиртишланган, лаби лунжи дўрри, юзлари лўппи, кастим шим кийиб, бўйнига бўйинбоғ (латтахоч) таққан бўлиши керак эмасми? Шоирлар жамиятнинг юзику! Тўғриси, суратингизни кўрибоқ, биз шеърларингизга кўз югиртиришдан бирон фойда, маъно, мазмун йўқ деган қатъий қарорга келдик. Сизга дўстона маслахат, шоирликни ташлаб, биронта бошқа хунар эгалланг. Мисол учун, этикдўзми, ямоқчими, гўрковми, ё ўлик ташийдиган санитар бўлиб ишласангиз, ёки дейлик, чўчқабоқарлик каби шарафли касбни эгалласангиз демоқчи эдик.
Камоли эҳтиром ила, адабиёт бўлимининг мудири, Канстантин Матьяк.»
Бундай машъум мактубни ўқиган шоир умидсизликдан шалвираб, хўрлиги келиб, озғин елкаларини силкитиб узоқ ва унсиз йиғлаши, ёда кулавериб, куйиб, қорайиб кетмаслигига ким кафолат беради?
Дарҳақиқат, асл шоирлар суҳбат чоғида сизга телба нигох билан қарайди. Уни кўриб, беихтиёр: — бечара телба эканда -дейсиз, бироз ортга тисарилиб, ич ичингиздан унга ачиниб. Аммо, у ўз донишманд нигохини, кўз ёшларини кўхинур олмосидай ўша телба табассуми ортига яшираётганини сезмайсиз. Сиз адабиёт ҳақида тинимсиз гапираётган пайтингиз, у сизга сездирмаган ҳолда сўзларингизни эмас, кўзларингизни жимгина тинглай бошлайди.Ҳа, шоир шундай айёр мавжудод.
Бугун ушбу мақолада бадиий адабиётимизнинг кенжа авлодига мансуб, истеъдодли шоир Феруз Неъматуллаев шеърияти ҳақида суҳбатлашамиз. Ферузнинг шеърларида ўзининг соясига ҳавотир ва ҳадик билан қараб турган инсон руҳи, шуури акс этган кимсасиз, илоҳий ойдинлик бор. Шоир ўз шеърий тўпламига «Алах» дея ном қўйибди. Қандай ажойиб ном! Ҳа, биз яшаётган ҳаёт тушга, сўзларимиз эса, тушдаги алахсирашга, шеърлар тонг қоронғусида уйқусираб чирқиллаётган безовта қуш сайроғига ўхшайди кўпроқ. Қушнинг алахлашига осуда, нимқоронғи тонги сукунат акс садо бераркан, кимдир қушнинг алахлаганини эшитади, товушлар мазмунини тушунмаса ҳам, негадир оҳанг уни қувонтиради. У қуш тилини билмаганидан афсусланади, ўкинади.
Феруз бир шеърида ақл бовар қилмайдиган даражадаги поёнсиз, мангу осмонга сўз билан жон бағишлайди ва осмонга қараганича ердаги ҳақсизликларни айтиб, арз қилмаса ҳам, осмон уни сўзсиз тушуниб, ерга қараганича, хижолат чека бошлайди. Шеърларнинг қурилиши, архитектураси, сўзларга дард юклай билиш санъати шоирнинг юксак диди ва маҳоратидан далолат бериб турибди.Жим боқиб турибман, осмон боқар жим,
дейди у, осмонга қараган куйи, чуқур хўрсиниб. Кейин, томоқ қириб олиб, давом этади:
Бари ўтар, ўтар қолмоқ истаги,
Ўтар нада ижод, нада пок қоғоз.
Дунёга эгалик қилмоқ истаган –
Мен! …Осмонга боқиб турибман, холос.Шоир «қоғоз» дейилиши биланоқ, хожатхона қоғозини ўйлаб, қувонадиган, бадиий адабиёт ўрмонларида шоирларнинг хато ва камчиликларини қўзиқориндай териб, ризқлангувчи одамқиёфа, аммо хашаротданда ожиз кимсаларнинг олдиндан оғзига уриб, «пок қоғоз» дея ёзаркан, қоғозга қадоқланадиган пул, яъни молу матонинг муваққатлигига, вафосизлигига, ўткинчи эканига, дунёни эгалламоқчи бўлган мустабид ҳукмдорлару бойлиги банкларга сиғмайдиган боёнларнинг ҳам ер остида осмонга қараб ётганига оригинал ташбеҳлар, ўткир киноялар бигизи билан ишора қилади шоир.
«Алах» тўпламининг аксар қисмини фалсафий шеърлар ташкил қилади. Шундай шеърларининг бирида шоир:
Мукаммал сўз – сақланган жимлик!
Сўзла…дея ёзади. Яъни валақлама, алахла! -дейди у.
Феруз Неъматуллаевнинг шеърларида Ватан қайғуси, халқ дарди кучли.У Ватан ҳақида ёзса, ҳеч қачон «осмонимиз мисаппо» деб ёзмайди. Бу шаҳарда деб бошланадиган шеърида у:
Бу шаҳарда
Азон маҳали
Уйғотади совуқ ҳайқириқ
Ва боради масжидга сари
Поябзаллар тонг билан – йирик…
дея ёзаркан, тонги ғира шира, кесак отсанг, кўринмайдиган субҳи козибда янграётган азоннинг тароватсизлигидан, совуқлигидан зорланади. Масжидга номозхонлар эмас, ковушлар, калишларгина шунчаки хўжакўрсинга бориб келаётганига ишора қилади.Бу ташбеҳлар билан шоир гўё хайбатли комбайнга миниб, чанг тўзон кўтариб, Худодан қўрқиб эмас, маҳалладан, қавмдан ажраб, яккамохов бўлиб қолмаслик учунгина шунчаки масжидга қатнагувчи риёкорларни бепоён далаларга қувиб, сўзларнинг намакоб шимдирилган узун узун қамчилари билан аёвсиз савалайди.Шеърни ўқир экансиз, яқин ўтмишда, масжидларда микрафонлар уни ўчирилиб, сўфилар азонни имо ишора билан айтган кунлар ёдингизга тушади, беихтиёр.
Юқоридаги шеърнинг яна бир бандида у:
Бу шаҳарда
Фақат мезбон кам,
Туркий чеҳра, оппоқ саллали…
Бу шаҳарда!
Дорлар бор – улкан,
Одамлар бор – улкан каллали…
дея ёзаркан, Шаҳарда мезбонлар хаддан ташқари камайиб, «меҳмонлар» кўпайиб бораётганидан сергакланиб, ташвишга тушади. Албатта, бу дунё бир ҳужра, инсонлар эса, ўша муваққат ҳужрада вақтинча яшаётган, ижарада турадиган муҳожирлардир. Албатта уйга меҳмон келса яхши.Меҳмон бахона оғзинг оққа тегади.(ароққа демоқчи) Меҳмон отангдан улуғ деймиз. Лекин «меҳмонлар» тобора кўпайиб, товони йўқ кирза этиклари билан уй тўрига чиқиб, мезбонларни аввал пойгакка, кейин уйдан ховлига, кейин «Сизлар пахта териб тураверинглар» дея далага қувиб юборсачи? Яъни меҳмонларнинг бир думалаб, мезбонларга айланиши бироз тахликали эмасми? -демоқчи бу шоир.Қаранг, у нималар ҳақида ёзмоқда. Ҳайронман, нега у ҳануз озодликда юрибди? Нега шу пайтгача отувга ҳўкм бўлмади?! Нега қатл қилинмади?! Бунақа шоирларни зудлик билан тутиб, пешонасига «халқ душмани» тамғасини босиб, Ватандан қувғин қилиб, карнай сурнай, ноғораи калон садолари остида дорга осишимиз керак эмасми?!
Феруз Нематуллаев «Юқори лаҳзага саёҳат» номли шеърини ўқиган одам: » Ўзи зўрға ижара ҳақи тўлаб яшаётган уйнинг пастаккина кир чир ойнасини кимдир қасддан синдирибди» дея ўйлаши ва шоирга ич ичидан астойдил ачиниши турган гап.Аммо у шеърда гап жаранглаб синган дил ойнаси ҳақида кетаётганини ҳар ким ҳам дарров тушуниб етавермайди.
Шоирнинг яна бир «21 аср» деган шеъри бор. Шеърни ўқиб чиқиб, ўқувчи: — яловбардор Яго ўз хўжайини қора мавр Отеллодан ўч олиш мақсадида, «Дездемона ёш лейтенант Кассио билан дон олишиб юрибди» дея гап тарқатгач, рашкчи генерал Отелло томонидан бўғиб ўлдирилган шўрлик, соҳибжамол, дўндиққина Дездемонанинг 21 инчи асрга нима алоқаси бор экан? -дея ўйлайвериб, ўйига етолмай, ўзини ўзи шаппатилайдиган дардга мубтало бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Аслида эса, шоир бизнинг асримизни фитначи Яголар босиб кетганини, фитначиларнинг шантажларига учиб, рашк ўтида ўз бегунох севикли хотинини бўғиб ўлдириб, хотинининг ўйнаши дея ишониб, ўзининг энг садоқатли лашкарбошисини қатл этишини қўятуринг, бутун бошли халқларни қирғин, қатағон қилишга тайёр сиёсий бесавод, мустабид, автаритар, золим ҳукмдорларнинг жирканч қиёфаларига, кирдикорларига ишора қилмоқда.
Шунингдек шоирнинг «Гитарка» шеърини ўқир экансиз, оҳанглар қуйилиб, худди кўзларини қора мато билан танғиб, боғлаб, пояфзалларини тапирлатиб ерга уриб, қўлларини юқори кўтарганича испанларнинг «Сарабанда» рақсини ижро этаётган Андалусиялик лўли манзараси кўз ўнгингизда яққол намоён бўлади. Қоронғу дераза ортида, зулматлар қаърида қарсиллаб ёғаётган ёмғир гитарага жўр бўлиб, бир моромда қарсак чалаётгандай туюлади сизга.Шу ўринда Феруз Неъматуллаевнинг гитарага бўлган меҳри муҳаббати бежиз эмаслигини, ижоддан бўш пайтларда гитара чалиб, дўриллаган бас овоз билан бинойидек қўшиқлар хиргойи қилиб туришини ҳам эътироф этсак ёмон бўлмас.
Тириклигида хўрланиб, сталинизмнинг, қизил диктатура қатағонининг қурбонига айланган, «Мастер и Маргарита» каби машҳур романни дунёга келтирган буюк рус ёзувчиси Михаил Булгаковнинг «Итюрак» повести бош адабий қаҳрамони Шариковни ҳамма бир овоздан қораласа, Феруз Неъматуллаев адвокат каби уни оқлашга ҳаракат қилади. Шариков тилидан у: -Мен ит бўлиб ўларман энди, Одам бўлиб туғилар итлар -дейди. Ит бўлиб ўлган шўрлик Шариковда айб йўқ, Шариковни имон эътиқодсиз, адолатсиз жамият, диктатура итга айлантирди! -дея ҳайқиргиси келади унинг.Қизил оломондан юз йилларча ўзиб кетган Михаил Булгаков чурқ этганннинг боши сапчадай учадиган, ҳаммаёқ чақимчи қулоқларга тўлган мустабид жамиятда, чакиллаб қон томиб турган жаллод болтасидан хайиқмай, сталин диктатурасини, қизил террорни фош қилди, ўз асарлари билан инсоният озодлиги учун курашди. Бизнинг замонимизга келиб, ҳамма тиз чўкиб, сиғинган диктатор сталиннинг йўли нақадар нотўғри ва чиркин, Булгаков интилган идеаллар эса ёруғ ва барҳаёт экани исботланди.Лекин шариковларнинг ҳам авлодлари ҳамон мавжудлиги, улар аҳён аҳёнда прогрессив инсоният пойчасидан олиб, карвонларга акиллашлари одамларнинг кулгисини қистайди. Феъруз Неъматуллаевнинг шариков ҳақидаги шеърида ўша мавзуга оид янгича руҳоний таҳлил ўз аксини топган.
Илоҳий бахт каби туюлар, жоним,
Aччиқ ёшларимни тўксам ярангга.юқоридаги байтда ёр билан хилватда учрашиб, унга ҳижрон азобу уқубатлари ҳақида айтиб, деб, йиғласа, маъшуқа қалбидаги биринчи муҳаббат қолдирган, оғриқлари роҳат, умрбод битмайдиган ярасини янгиласам дейди шоир. Кейинги мисраларда эса:
Тилсизмиз, сўзловга сўзимиз қўлдир,
Кўзимиз манзили фалакка йўлдир,
Мен сенга тўлайин, сен мени тўлдир,
Сассиз лабимиздан сас чиқса, жоним,
Ўлдир, ўзингни ҳам, мени ҳам ўлдир.дея чидаб бўлмас соғинч изтиробларини сатрлар кўзгусида жилвалантиради.
Яна бир шеърда у, ўқигувчини ҳайратда қўйиб,Кираверинг, дераза очиқ.
дея ёзаркан, эшикдан эмас, деразадан кираверинг! — дейди. Ҳайрон бўлиб, деразадан ичкарига кирасиз.Кейин, драмани кўриб, уйга кирганингизга ҳам минг бор пушаймон бўласиз.
Тирикликнинг пойи – айлана,
Кирдим, танбаладим эшикни.
Деразадан кираверинглар,
Яшамоққа бироз кечикдим.дейди у, шеърга якун ясаб.Бечора адабий қаҳрамон!Ёлғизликда, шундоқ шифтга тикилганича бақрайиб, энгак ташлабди, жон таслим қилибди. Жағини танғигани одам топилмабди. Бу шеър эмас, инсон фожиаси акс этдирилган қайғули сюреалистик картина!
Дарвоқеъ, оддий битта ўзбекдан: -Ҳа, оғайни, нима қилиб юрибсан? дея сўрасангиз, у ўйлаб ўтирмай, дарров: -ўзим шунчаки, айланиб юрибман -дея жавоб беради. Қаранга, айланиб юрган эмиш! Доимо эврилиб тургувчи Ер шари, қуёш системалари, галактика, квазагалактикалар, тамоми коинот билан бирга қўшилиб айланмоқда экан, бизнинг ўзбек. Тупроқдан яралиб, яна тупроққа айланаётган эмиш!Ҳа, ҳа, шоир мутлақо ҳақ бу борада. Тириклик туғилишдан ўлишгача бўлган траекторияда циркульга ўхшайдиган одамзод чизадиган бир айлана ҳалос. Халқимизнинг, оддий бир ватандошимизнинг шунчаки айтган жавоби коинотлар билан боғлиқ бўлса, у ёғини тасаввур қилаверинг.Булутлар – кесилган томирим қонар,
Қуёш ёнаётган бошимдир манинг.яна:
Бир осмон зор экан бир ёнган бошга,
Узиб отажакман елкаларимдан.кейин:
Бошсиз ўлим йўқдир иккинчи бора
дея ёзганичи шоирнинг.
Айниқса, шеър хотимасида:
Бир лаҳза ёришиб олади дунё
Қулаб бораётган бошимни тутиб.дейди, ёнаётган боши озгина бўлса ҳам дунёга асқотганидан хурсанд бўлиб.
Шунингдек, у ўз шеърларининг бирида яна бош мавзусига қайтар экан:Фарқим: ҳeч ким қилмас бeзовта
Бошсиз яшаётган одамни.дейди. Тўппа тўғри. Бошсиз одам билан кимнинг иши бор? Елкада, бош бўлса, яна у ишласа ёмон. Ундай бошнинг ҳолига вой. Умр бўйи ғамдан чиқмайди.
Ҳуллас, гапираверсак, гап кўп. Сизларнинг ҳам вақтингларни олмайлик. Ишга борасизлар, тирикчилик дегандай. Шулардан келиб чиқиб, мақолага нуқта қўямиз. Сўнг истеъдодли шоир Феруз Неъматуллаевнинг севги ҳақида ёзган ажойиб шеърини тўлиқ келтириб, шоирга бунданда юксак ижодий парвозлар тилаймиз.
***
1. Ўтган йиллар аро иккимиз… Балки,
Ҳали юракларда сўнмагандир чўғ.
Ўйлайман ўтмишнинг кўзгусин артиб,
Қайта севилиш бор, қайта севиш йўқ.Сочимга қўнди оқ, юзимда ажин,
Сен ҳам қаригансан, кўрганлар айтди.
Бу кун кўкка боқиб, сени эсладим,
Бу кун ёшлигимга сўнгги бор қайтдим.2.Қайсидир бекатда автобус пойлаб,
Шамолдан жунжикиб, пуфлаб қўлингга,
Кўзлар тўқнашади, таниш икки қалб,
Билмадим, негадир совуқ кўриндинг.Aзалий ҳаётдай салом ва алик,
Икки жон ичинда икки ёт қабр.
Aвтобус қўзғалди, хайрлашмадик
Aввал кўришмаган бегона каби.
2019.
09/03/2022.
Тунги соат 4:42.
Канада, Онтерио.