Самарқандлик шифокор шоир Орифжон Комиловнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Холдор Вулқон билан суҳбати.
Опубликовано на 10/01/2023
Орифжон Комилов: — Ассалому алайкум! Аввало суҳбатимизни Адабиётнинг инсоният маънавий камолотидаги роли ва аҳамиятидан бошласак. Сизнингча Одам фарзандларини маънавий юксалтириш учун Адабиётнинг нечоғли ўрни бор?
Холдор Вулқон:— Ва алейкум ассалом. Жавобни аввало дунёдаги ҳеч бир диний конфессия инкор қила олмайдиган манбаъдан бошласак. Дин олимларининг айтишича, Худо Одам Алайхиссаломни айнан бизларни елкасида беминнат кўтариб, ризқимизга сабабчи бўлиб, оёқ остимизда хор бўлиб, топталган камтарин ва ҳоксор тупроқдан, лойдан барпо қилди.(Яхшиям олтиндан ё кумушдан эмас).Дунёвий олимларимиз Одам Ато авлодлари, яъни инсоният, турли товушлар чиқариб, ўз фикрини имо ишоралар билан ифодалашга интилиши ортидан, ўзаро мулоқот жараёни — тилга эхтиёж сеза бошлаган. Кейинчалик товушлардан сўзлар барпо бўлиб, лахжалар, тиллар дунёга келган дейишади.Табиийки, одам болалари қизиқарли ов таасуротларини бир бирларига сўзлай бошлаганлар. Шундай қилиб, халқ оғзаки ижоди вужудга келган. Кейинчалик, оғзаки ижод намуналари сақланиб қолиши учун ёзув ихтиро қилинган. Мана, жаҳон адабиётининг ўқ илдизи қаерда. Бора бора ёзув билан ифодаланган халқ эртакларида уч бошли аждархо илонларни енган пахлавон баҳодирларнинг жасорати ўз ифодасини топди ва эртаклар инсон болаларини эзгуликка, яхши ахлоққа, ватанпарварликка, умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилишга чорловчи одобиятга, адабиётга айланди. Донишманд халқимиз, айрим босар тусарини билмай қолган, озгина нарсани ўрганиб олган киши бўлиб, замонавий қилиб айтсак оддий ҳурмат, инсоний субардинацияни унутиб, чиччайиб, чикиллаб, ўзидан катталарга ҳам ақл ўргатаверадиган, қол ва ҳол илмига эга бўлса ҳам, жимгина жилмайиб турадиган донишманд, хизрсифат оқсоқол оталар юзига оёқ қўядиган кимсаларни беодоб деб аташи бежиз эмас. Мош еган хўроздай кеккайиб ғўдайган, ўзидан бошқани одам хисобламайдиган, махмадона, кибрли, беодоб кимса, охир оқибат элу халқнинг назаридан қолади. Адабиёт одам боласини миллатидан, ирқидан ва динидан қатъий назар, ҳалоллик, камтаринлик, одоб каби олий инсоний фазилатларга ўргатади.
Орифжон Комилов: — Кейинги саволим ҳам биринчи саволимнинг давоми десак ҳам бўлади. Айтингчи, Адабиёт кўпроқ нимага хизмат қилиши керак? Мавжуд ижтимоий муаммоларни фош этиш ва уларга қарши туришгами, ёки санъат сифатида гўзалликни акс этдиришгами ваё инсоннинг руҳий-маънавий юксалишигами?
Холдор Вулқон:— Ижтимоий муаммоларни фош қилиш адабиётнинг иши эмас, балки журналистиканинг вазифаси. Адабиёт — инсон руҳи шуурини парвариш қилиб, туйғуларини тарбиялайдиган жараён. Баъзи одамларнинг суҳбатига қулоқ солсангиз улар: -Кеча французларнинг ресторанида ўтириб, олтин кукуни аралаштирилган, ҳар порцияси беш минг доллар турадиган таомларни еб, юз йил ертўлада сақланган шотланд шаробларини ичиб, маза қивордикда лекин -дея маишатдан, айшу ишратдан гапирадилар. Уларда пул кўп. Еб ичаверганидан ўз қиматбаҳо машиналарига аранг сиғадиган даражада семириб кетишган. Филдай бақувват. Лекин, қантариб қўйилган, оч қолиб, кўзлари киртайган руҳлари озиб, тўзғиб кетган. Улар қопга ўхшаш қорин қурсоғини емиш ичмишга тўлдирадилару, ўз руҳларини қантариб, очдан ўлдирадилар. Руҳнинг озиғи, озуқаси эса, адабиёт, бадиий насрий асарлар, юксак шеърият намуналари экани ҳақида улар ҳатто ўйлагани ҳам эринадилар. Ундайлар учун бадиий адабиёт намуналари, китоблар чойнак учун таглик, пашша ўлдиргичдан бошқа нарса эмас.Китоб қўлига тушса, оғзини наманганнинг Поп шаҳрида ишлаб чиқарилган олтинчи русумли тош калишидай катта очиб, эснай бошлайдилар ва бир зумда пишиллаб уйқуга кетадилар. «Маънавий қашшоқ» деганда, донишман халқимиз айнан ўшандай калтафахм бойваччаларни назарда тутса керак. Ҳадеб еб, ичиб, қоринни қаппайтиравермай, руҳингизни ҳам парвариш қилинг, жаноблар! Акс ҳолда оч қолган руҳингиз арши аълога юксалолмай, ажиназор хилватлардаги дарахт ковакларида чирқиллаб, тирикларни қўрқитиб юрадиган оч арвоҳларга айланиб қолиши мумкин! -дея хайқиргингиз келади уларга.
Орифжон Комилов: — Абдулҳамид Сулаймон Чўлпоннинг ўша машҳур ибораси билан айтилса, «Адабиёт яшаса — миллат яшар». Бугунги кунда тобора китоб мутолаасидан узоқлашиб бораётган миллатни яшаб қолиши учун Адабиётни қандай қилиб яшашини таъминлаш керак деб ўйлайсиз?
Холдор Вулқон:— Мен миллатчи ҳам, космополит ҳам эмасман. Шу маънода, Чўлпондан фарқли, Адабиёт яшаса -инсоният яшайди — деган бўлардим.Нега миллатчилик ёмон? Чунки, дунёдаги тамоми қонли урушларга айнан маҳаллийчилик, миллатчилик, ирқчилик, бўлгинчиликлар сабаб. Дейлик, сиз туркийман десангиз, бошқаси дарров сергакланиб, мен славянман дейди. Бир зумда бир бирига зид икки лагер вужудга келади. Ягона оила фарзандлари, Одам Ато ва Момо Ҳавво болалари, миллати, ирқи ва динидан қатъий назар, биргаликда, тинч тотув, аҳил иноқ, сиёсий уйғунликда яшашга масъул, мажбур ва ҳатто маҳкум. Унинг бундан бошқа дурустроқ йўли йўқ. Чунки дунё иқтисодиёти бир бирига кўринмас занжирлар билан боғланган.Ҳа энди, ўрислар билан украинлар урушяптида.Уруш биздан узоқдаку — дея ҳотиржам бўлишга ақли салим одамнинг ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Сабаби оддий. Уруш қилаётган имериячи агрессив, яъни босқинчи мамлакатга нисбатан халқаро қонунлар конвенциясида белгиланган жиловлаш ричаглари — иқтисодий жазо чоралари жорий қилинади. Яширишнинг нима кераги бор. Бугун россия федерациясининг иқтисодиёти айнан ўшандай иқтисодий жазо чоралари гирдобига ғарқ бўлмоқда. Россияда эса, бизнинг миллион милион меҳнат муҳожирларимиз бор ва меҳнат мигрантлари хисобидан давлатимиз ғазнаисга миллиардлаб маблағ тушаётгани ҳеч кимга сир эмас. Уруш туфайли издан чиққан иқтисодиёт ўша тушум рақамларига таъсир этмай қолмайди.Мигрантлар иш тополмай, Ватанга қайтса, яна ишчи ўринлари билан боғлиқ қандайдир муаммолар пайдо бўлиши мумкин.Боринг ана, меҳнат мигрантларимиз Европа мамлакатларига кўчиб ўтиб, ишлай бошлади ҳам дейлик. Лекин, медалнинг иккинчи тамони бор. Уруш туфайли иқтисодиёти ўтириб қолган мамлакатда озиқ овқат махсулотлари, дейлик ун, ёғ, шакар қимматлаб, ё умуман йўқолиб кетса, бизнинг айрим пихини ёрган, халқ манфаатларидан ўз манфаатларини устун қўядиган қўштирноқ ичидаги «бизнесмен»ларимиз тонна тонна ун, ёғ, шакар, нефт махсулотларини вагонга уриб, яшрин йўллар билан ўша мамлакатга ташиб олиб бориб, пуллаб, чўнтак қаппайтирмаслигига бирон кафолат борми? Ҳурматли божхона ходимларимиз хафа бўлмасинлару, виждонли, ҳалол божхона ходимлар орасида баъзи бир нафси хаккалак отган, бир даста долларни чўнтагига тиқиб қўйса, атом бомбасининг ядровий каллагини олиб кетаётган террористларни ҳам ўтказиб юбораверадиганлари ҳам топилади онда сонда. Қисқача айтганда, биз ЎЗБЕКИСТОНЛИКлар урушларга, очарчиликларга, қахатчиликларга сабаб бўлгувчи бўлгинчиликлардан, маҳаллийчилик, миллатчилик ва ирқчиликдан сақланишимиз керак. Бу борада Ўзбекистон президенти жаноб Мирзиёев олиб бораётган яхши қўшничилик муносабатлари, муроса ва стратегик ҳамкорлик устига қурилган мўътадил сиёсат барчамизга ибрат бўлмоғи керак. Адабиётнинг яшаш яшамаслик масаласига келадиган бўлсак, бу ҳақда менинг субъектив фикрим шундай. Адабиётимиз, Худога шукр ўлгани йўқ. У яшамоқда. Нафақат яшамоқда, балки гуллаб, яшнамоқда. Мустақиллик йилларида, замонавий адабиётимиз остонасида пайдо бўлган кенжа авлодни — ёш, истеъдодли шоир ёзувчиларнигина назарда тутадиган бўлсак, улар талайгина. Ёзган ва ёзаётган бадиий асарлари юксак санъат асарлари дея баҳоласа бўладиган бу ёш ижодкорлар адабиётимизнинг этранги кунини белгилаб турибди ва уларнинг рўйхати узун. Ҳуллас адабиётимиз жуда унақа оғзига сув томизадиган даражада эмас.
Орифжон Комилов: — Аллоҳ таоло Шуаро сурасининг 224-226 оятларида “…Ва шоирларга гумроҳлар эргашур. Уларнинг ҳар водийда дайдишини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми?..” – деган мазмундаги оятни нозил қилди. Бундан англашиладики, жаҳолат даврида инсоният ахлоқи маънавий таназзулга юз тутиши билан бирга, асли маънавият посбонлари бўлган шоирлар ҳам ўзларига гумроҳларни эргаштирувчи, шону-шуҳрат ва бойлик илинжида водийма-водий кезувчи ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтувчиларга айланишган эди. Демак ижодкор аввало ўзи комил хулқ эгаси бўлмай туриб ҳам ижод қилиши мумкин экан? Сиз буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
Холдор Вулқон: — Мен дахрий ҳам эмасман, мулла ҳам эмасман. Яъни диний илмлар билмдонлигига даъвойим йўқ демоқчиман. Қурони Каримда келтирилган шоирлар ҳақидаги «Шуаро» сураси эса, бежиз эмас. Ҳамма соҳаларда бўлгани каби, адабиётда ҳам ёзган чизганига тутмиши тўғри келмайдиган ёзувчи шоирлар ҳам, афсуски бор ва бўлади. Ўзи танқид қилишга суяги йўқ, лекин заррача танқидга тоқати йўқ, жиззаки, сиркаси сув кўтармайдиган сохта диндор, ва сохта демократ, шайтондай кибрли биттаси, ўйламай нетмай: «шеърияти шариат бўлди» дея ёзибди. Ваҳоланки, ҳеч қандай шеърият шариат бўлолмайди. Ҳато Аҳмад Яссавию, шох Машрабу, Сўфи Оллоёрларнинг шеърияти ҳам. Чунки шариат бу дин аҳкомларининг мажмуи, қоидатул исломиядир. Муҳтарам уламои киром, хусусан фатво чиқаришга ҳақли муфтохиддин, яъни Муфтият, Яссавий ё Сўфи Оллоёрнинг, ёки Машрабнинг шеърияти асосида ҳукм чиқармайди. Улар шариат аҳкомларига таяниб, фатво берадилар. Кўраяпсизми? Ўзини номозхон, олим ва Ҳақ ўйлида узлатни ихтиёр этган авлиё қилиб, кўрсатиб, илма тешик бўлиб кетган жойнамозни қўлтиқлаб, аслида эса, динга зид ношаръий сураткашлик билан шуғилланувчи, диндорман дея, эхром боғлаб, баланд овозда Маккани бошига кўтариб, лаббайка айтиб, хаж қилиб, нафақат диндорларни, балки Худои Таолони ҳам алдашга уринадиган, демократман дея маслакдошларини лаққа туширгувчи кимсанинг бошлаган диний бузғунчилигини? Тек қўйсангиз, ундайлар шариатни ҳам шеъриятга айлантирадилар. Шеъриятни эса, шариатга. Оллои Таоло «шоирларга эргашманглар» деганда, айнан ўшандай бузғинчи, қўштирноқ ичидаги «шохер»ларни назарда тутган, валлохи аълам. Ҳақ яратган дунё гўзалликларини, инсоний севги муҳаббатни тараннум этадиган, одамзоднинг қувончу изтиробларини тавсивлаб, тасвирлаб, инсонларга осуда тонглар каби тоза туйғу бахш этадиган шоирлар бундан мустасно.Улар мағзуби алайх, яъни ғазабга гирифтор бўлган, Худонинг қахрига учраган тоифалардан эмас, балки Оллонинг раҳматига сазовар бўладиган кишилардир.
Холдор Вулқон: — Шеър, менинг фикримча, инсон дилидан тилига чиқара олмаётган гўзал туйғуларнинг, руҳий изтиробларнинг ифодаси, суратидир. Бундай олиб қаралса, бу дунёда шоир бўлмаган одамнинг ўзи йўқ. Ҳатто у ўз умри давомида бирор мисра шеър ёзмаган бўлса ҳам. Ҳар қандай ақли бутун одам, ҳатто у мактаб кўрмаган саводсиз бўлса ҳам, гўзаллик қаршисида ҳайратга тушади, ойдин кечалар далаларга сув тарар экан, чирилдоқлар жўр бўлиб чириллаётган пайкал устида тамоман ўзини унутиб порлаётган ойга термулган куйи, кетмон дастасига таяниб, хаёлларга толади, завқланади. Ўша завқ, ўша тахайюл, ўша таҳайюр -шеър. Кимки дилидаги туйғуларини тилига чиқариб, уларни ифодалай олса, ўша одам шоир.Туйғуларни қандай ва қай даражада ифодалай олиш эса, бошқа масала.
Орифжон Комилов: — Бугунги кун замонавий Ўзбек адабиёти жаҳон адабиёти силсиласидан узилиб, ҳатто Туркий халқлар адабиёти доирасида ҳам ўзининг нуфузини анча йўқотгандай. Бунинг бош омили нима деб ўйлайсиз?
Холдор Вулқон: — Балки сизга шундай туюлаётгандир.Менимча, замонавий ўзбек адабиёти жаҳон адабиёти занжиридан узилиб қолгани йўқ.Буни бугунги бадиий таржимачилик жараёнидан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси амалга ошираётган халқаро анжуманлардан, адабий алоқлардан ҳам билса бўлади.Айниқса, мамлакатимизда, ёшлар орасида инглиз ва бошқа тилларни ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бораётгани, ва ёзилган, ёзилаётган асарларни пайдар пай инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, форс — тожик тилларига муваффақият билан таржима қилинаётгани юқоридаги саволингизга жавоб бўлар дея ўйлайман.
Орифжон Комилов: -Сўнгги пайтларда аксари ёш ижодкорлар томонидан ёзалиётган шеърларда шеърий шакл ва қоидалар ўз аҳамиятини йўқотгандек. Мазмун ҳам ҳаминқадар. Баъзан ўйлаб қоламан. Гўё ким энг тушунарсиз шеър ёзаркин деб беллашаётгандек тасаввур уйғотади. Сизни шеърларингизни ўқиган шеърхон аввало шунга амин бўладики, ҳар бир шеър, ҳар бир сўзга аниқ вазифа юкланган бўлиб, шеърхон буни тез ва осон илғаб олади. Тобора шеърий услуб ва қоидаларни кўзга илмайдиган, ҳатто мазмун ва оҳангга-да эътибор қаратмаётган ёш ижодкорларга нималар деган бўлардингиз?
Холдор Вулқон: — Гапларингизда жон бор. Ростдан ҳам, айрим ёш шоирларимиз ёзган шеърларни ўқиётиб, ўқигувчи сўзлар мазмун моҳиятини тушунолмай, пешонаси тиришиб, худди кроссворд катакларига сўз ахтараётган одамдай қийналиб кетади. Бу мазлум ўқувчига золим шоир томонидан ўтказиладиган зулмдир. Уларнинг тилсимли шеърларидан кўра, Велимир Хлебников, Даниил Хармс, Артур Ремболарнинг шеърларини тушуниш осонроқдай.Мен шеъриятдаги измларга, жанр ва йўналишларга асло қарши эмасман. Шоирлар ҳохлаган жанрларида ёзсин. Лекин, модернист, футурист, абстракционист, авангардист ёки сюреалист эканман деб, олифтагарчилик қилиб, сўзларни ит ғажиган суякдай қийнаб, ўз ёзганларини ўқиб, ўзи ҳам тушунмайдиган даражадаги абсурдга, мавхумотга айлантирмасликлари керак. Шеърни ўқиган одам, устозимиз, буюк адабиётшунос олим, Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғафуровга ўхшаб, илтимос, ука, шеърингизни тушунтириб берсангиз — деб юрмаслиги керак. Олимлар ҳам тушунмайдиган у қадар мураккаб «шеър»нинг, чистоннинг кимга кераги бор? Ҳуллас, шеър адабиёт фанига номаълум, инопланетизм жанрида ёзилган бўлса ҳам, элга, халққа, инсониятга тушунарли бўлиши керак. Раҳматли Абдували Қутбиддиннинг модерн шеърларидан биридаги: «у ёғи чумоли уяси» деган мисрасини, худди реалистик шеър мисрасини тушунгандай осонгина тушуниш мумкин. Чумоли уяси — қабристон.Чумолилар илма тешик қилиб юборган қабр. Ҳа, шоху гадонинг, ҳар бир инсон ҳаётининг поёни, Абдували Қутбиддин таъбири билан айтилса, У ЁҒИ чумоли уяси…
Орифжон Комилов: -Сизнинг япон шеъриятидан қилган таржималарингиз ҳам алохида эътиборга лойиқ, таҳсинга сазовор. Бугунги кунда Америка қитъасида яшаб, ижод қилаётган ижодкор сифатида айтингчи, бугунги кун Ўзбек таржимачилигини ривожлантириш учун аввало нималар қилишимиз керак?
Холдор Вулқон:— Аваз Ўтарнинг бир мисраси бор. Тил воситаи робитаи оламиёндир -дейди у. Дарҳақиқат, тил, таржима дунё халқлари адабиётини бир бирлари билан боғлайдиган восита, робита, яъни кўприкдир. Албатта, биз агрессив сиёсат олиб бораётган бугунги россия ҳукуматини эмас, жаҳонга Пушкин, Есенин, Маяковский, Пастернак, Толстой, Чехов, Тургенев, Гоголь, Булгаков каби дахо ёзувчи шоирларни берган рус халқини ва унинг тилини ҳурмат қиламиз. Тил ва халқда айб йўқ.Тан олиш керакки, бугун у ёки бу даражада элга танилган ўзбек шоир ёзувчилари тил ва таржима олдида қарздордирлар.Негаки, уларнинг барчалари жаҳон адабиёти намуналарини таржимада, айнан рус тили воситасида ўқиб, ўргандилар, улғайдилар. Ўзбек таржимачилигини ривожлантириш учун эса, аввало Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хисобига давлат бюджетидан етарли маблағ ажратилиши ва у маблағлар яхши таржималар учун қалам хақи сифатида тўланиши керак. Бундан ташқари, конкурсларда ғолиб бўлган яхши таржимонларимизни мукофот пули билан қўшимча рағбатлантирилса, таржимачилигимиз ўз ўзидан гуриллаб, ривожланиб кетади.
Орифжон Комилов: — Аллақачон Сайланма китобингизни чоп этадиган фурсат етган. Шундай режангиз ҳам борми?
Холдор Вулқон: — Қани эди.Яхши бўларди. Бунинг учун сизга ўхшаган инсоф диёнатли укаларимиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ёзма ёки оғзаки мурожаат этиб, Холдор Вулқоннинг сайланмаси нашриёт режасига киритилса, нашр қилинса бўладими? — деган саволни қўйишлари керакдай. Агар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёзилган талабномани,ё илтимосномани инобатга олиб, рухсат берса, китобларимизни режага киритса, хурсандликдан бошимиз осмонга етарди. Чунки, умр ўтяпти. Тўғриси, мен ҳам, тириклигимда, Ватанимда сайланма асарларим нашр этилишини, камтарона ёзган чизганларим халқимиз қўлига етиб боришини жуда жуда истайман.
Орифжон Комилов: — Мароқли суҳбатингиз учун катта раҳамат.