
Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Таниқли шоир, устоз Яҳё Тоға ҳаёти ва ижоди ҳақида
Яҳё Тоға 1957 йил 20 январда Тошкент вилоятининг Кўрғонча («Юлдуз») қишлоғида туғилган. Москвадаги Олий Адабиёт курсини тамомлаган (1991). «Кўклам қалдирғочлари» (1988), «Қафасдаги бургут» (1989), «Тасалли» (1994), «Куйла, ҳофиз» (2004) каби шеърий китоблари чоп этилган.

Ўзбек шеърияти тарихида иккита Яҳё исмли зўр шоирлар бор. Уларнинг бири, шоирларнинг генерали, генераллар шоири устоз Ҳайдар Яҳёев, иккинчиси халқимизнинг энг ардоқли ва севимли шоирларидан бири устоз Яҳё Тоғадир.
Яҳё ака билан бир гал Тошкентда Телерадиокомпания биносининг вестбюлида тасодифан учрашиб қолдик.
Мен бу новча бўйли, футбол деса ўзини томдан ташлайдиган, Есениндай тиниқ, туйғули шеърлар ёзадиган шоирнинг «Кўклам қалдирғочлари» номли китобини ўқиб, шеърларининг ғойибона муҳлисига айланган эдим.
Шоирнинг ўзини учратиб қолиб, қувониб кетдим.
-Яҳё ака мени танимасалар ҳам керак.Танисалар ҳам, эхтиёткорлик билан ўзини танимаганга олсалар керак -дея ўйлагандим ўшанда.
Чунки ўзбек жамияти учун демократик ислохатларни талаб қилишим ортидан ўша пайтдаги қаттиққўл ҳукумат кўзига тиканак бўлиб, адабий жамоатчиликка анча ўгайлашгандим, диссидентга айлангандим. Лекин, шунга қарамай, Яҳё ака, баъзи чумчуқ пирр этса юраги шир этадиган, қўрқоқ, эхтиёткор шохерлардан фарқли ўлароқ, мен билан самимий кўришиб, ҳол -аҳвол сўрадилар. Сўнгра:
-Шоир, сира кўнглингизни чўктирманг! Бу золимлар ўзи жуда хаддидан ошиб кетди кейинги пайтларда! -деб, баланд овозда, баралла гапириб, менга далда бердилар.
Ўзи ишлаётган Телерадиокомпания биноси ичида туриб шундай гапларни баралла айтиш у замонларда қаҳрамонлик эди.
Фақат истеъдодини Худонинг ўзи ато этган, ҳақиқат ҳимояси йўлида ўлимнинг ҳам кўзига тик қарай оладиган ҳақиқий шоирларгина, жасур инсонларгина шундай журъатга, жасоратга эга бўладилар.
Бир куни тоғни урса толқон қиладиган дадам қариб, хассага таяниб турганини кўриб, беихтиёр Яҳё аканинг «Отам қариб қолибди» номли қайғули шеърини эсладим.
Ҳа, тирик шеърият эгаси устоз Яҳё Тоға қандай асар ёзмасин, воқеаларни кир қилмай, фисқу фасодсиз, кўзгудагидай, булоқ сувларида акс этаётгандай аниқ, тиниқ, ҳаётий ифодалайдилар.
Айниқса, унинг севги ҳақида ёзган достонини ўқиб, қойил қолганман.
Яҳё ака гарчанд Тошкент вилояти, Паркент томонларда туғилиб ўсган бўлсаларда, достонни худди бахшилар куйлаётгандай, Қашқадарё шевасида қойиллатиб ёзганлар.
Устоз Яҳё Тоғанинг умрлари узоқ бўлсин, юз ёшларга кириб юрсинлар.25/01/2023.
Кундуз соат 4:00.
Канада, Онтарио.
*****************************************************************************************
Яҳё Тоға

Шеърлар
СОҒИНЧ
Ғунчагаму гулга парвона
Қуш тилида хонишлар этдим.
Гарчи, бу гап сал шоирона,
Лекин сени соғиниб кетдим.Товуслар сув қуйди қўлимга,
Қайтгим келди Ойдинкўлимга.
Бир гул йиғлаб чикди йўлимга,
Лекин сени соғиниб кетдим.Сайрайверди булбул мен учун,
Йиғлайверди ул гул мен учун.
Балки, бари бир пул мен учун,
Лекин сени соғиниб кетдим.Юлдуз санаб бу кеча дилгир,
Эслаб қўяр мени ҳам кимдир?!
Дўстларимни унутдим бир-бир,
Лекин сени соғиниб кетдим.Қанот истаб куйдим, бўзладим,
Қарчиғайдай кўкни кўзладим.
Рост сўзладим, ёлғон сўзладим,
Лекин сени соғиниб кетдим.Жумла битдим дардли, девона,
Шеър, деб тутдим жумла жаҳона.
Мен бир бедард болангман, она,
Лекин сени соғиниб кетдим.
СУВЧИ
Унга раҳмат айтиб ўтирма,
Беҳуда бир шеър билан мақтаб…
Бир пиёла чой бергин унга,
Бир ёстиққа етгулик пахта.Қўшиқ қўйиб бергин, эшитсин –
Комилжоннинг «Дугоҳ»ларини.
Сўнг ёнига чўккинда секин,
Уқалаб қўй оёқларини.
БАХТ ҚУШИ
Мана бахт қуши ҳам елкага қўнди.
Бу яғир елкага қўнди-ку охир,
Оғир бахт қуши.
Этга ботиб кетди тирноғи.
Бағир қон.
Қанотлар қон.
Лабга силкқан қон таъми — тахир.
Мен бу қушдан фақат
Бахт сўрагандим, ахир.
У эса…
Мени қурбонликка сўради.
ТЕГИРМОН ТОШИ
Дил маърака майдон, тил беор жангчи,
Дошингда айланар тегирмон тоши.
Қўлларинг ўқига етмайди, гарчи
Қошингда айланар тегирмон тоши.Ҳар кимнинг ташвиши ўзигадур эш,
Оҳ, қачон тўлибдур рўзғор деган меш?
Хиваю Андижон, Самарқанду Кеш,
Шошингда айланар тегирмон тоши.Ўзинг жардасану кўзинг қуёшда,
Ёш жонинг қарғалар аро талошда.
Дунё акс этармиш бир томчи ёшда,
Ёшингда айланар тегирмон тоши.Ҳар гул ўз ҳидидан мастдур чаманда,
Асрлар шамоли айлайди ханда…
То ҳаётсан, яша, эй ожиз банда,
Бошингда айланар тегирмон тоши.Киприги ўқмонанд, ўсмабанд қоши,
Хазонга ўт қўяр фалак фарроши.
Яҳё, юрагингда минг армон тоши,
Тошингда айланар тегирмон тоши.
ЕТИМ ҚИССАСИ ЁХУД БАРДОШДАН БИНО БЎЛГАН БОЛА
Ямоқ енги қуримас ёшдан,
Ёшин тошдай ёстиқлар ичган.
Тақдир бошин яратган тошдан,
Кўйлагини қарғишдан бичган.Тили аччиқ, нони миннатда,
Қаҳри қаттиқ ўгай онанинг.
Қўли қотиб кетар меҳнатда,
Суяги қотмаган боланинг.Гоҳ бешиган қучоқлаб йиғлар,
Таскин бўлар сутнингми ҳиди..
Бу боланинг онаси ўлган,
Ўлмагандир фақат умиди.
СУТДАЙ ТУНДА
Сутдай тунда тутдай тўкилиб,
баҳорги булутдай тўкилиб,
сойга термулган кўйи,
сув бетида ёшдай қалқиб турган
ойга термулган кўйи,
нималарни ўйладинг, дўстим?Нега кифтинг титраб чикди
тун бўйи?
Келдинг ахир кимлардан тўйиб,
кимлардан куйиб?
Қўшиқ айтмаганинг рост, бироқ,
менинг эшитганим не нола, дўстим?
Сутдай тунда рангинг нега бўздай оқ,
тун бўйи бўзлаган бўз бола дўстим?
САБР ТАГИ…
Мен сабр айладим,
Мен жуда бойман.
Сабрнинг тагидан
Тилло ковладим –
Ҳар бири ойдай.
Мен сабр айладим,
Мен жуда бойман.
Топган тиллоларим
Олисда мендан
О й д а й…
Яҳё Тоға шеърлари манавиятимиз жонкуярларидан бири, журналист давронбек Тожиалиевнинг Ziyouz. сайтидан олинди.

