Холдор Вулқон Ғафур Ғулом ҳақида
Ғафур Ғулом ёзган асарларни уқинг!
Мен жуда узоқ вақтлардан буён Ўзбек халқининг севимли шоири Ғафур Ғулом ижоди ҳақида ёзишни режалаштириб юрардиму бунга фурсат тополмасдим.
Фурсат топсам, устоз китобларининг менда йўқлиги бу ҳайрли ишга монеълик қиларди.
Шундай бўлсада, бугун Ғафур Ғулом ижоди ҳақида , хотирот муҳрномасига таяниб, билганимча ёзишга қарор қилдим.
Мен аввало, Буюк Ўзбек шоирининг шеъриятига тўхталмоқчиман.
Ғафур Ғулом қаламига оид ташбеҳлари эскирмайдиган , ўзига ҳос шеъриятда бадиий образлар жонли, воқеалар эса ҳаётий.
Унинг шеърияти — тирик шеърият. Ғафур Ғулом шеърларини ўқир экансиз, гўё ўзингизни шоир яшаган замон артгалереясига кириб қолгандай, ватанимиз, халқимиз тарихи акс этдирилган ғаройиб картиналарни, полотноларни тамошо қилаётгандай сезасиз.
«Турксиб йўлларида» номли шеърида шоир:
Бу йўлда
беш миллион,
ўн миллион, юз миллион нафар
Қуллар ва туллар
Гарданида чўяндан қуйилган занжир,
Ерларда ҳашорот каби,
Очликдан, зорликдан гезариб лаби
оч, махкум,
Хор ва бетадбир,
Нон! — дея, Нон! — дея
Суриниб кечмишдир!
дея ёзади.
Мисраларнинг зинасидан тобора юқорилар экансиз, пардадан пардага юксалаётган маҳзун бир куйни тинглаб, муаллақ зинада турганингизча, банди қилинган миллионлаб эрксиз қулларнинг гарданидаги чўяндан қуйилган занжирлар шалдирашини эшитаётгандай, маҳкумларнинг очликдан гезарган лаблари кўз олдингизга келгандай бўлади. Ғафур Ғулом ўзининг ушбу шеърида Турксиб темир йўли узра елиб бораётган учқур поезд ойнасини тасвирлар экан, жумладан шундай дея ёзади:
Кўлга отилган кесак парчаси каби,
Уфқлар бир карра липиллаб қолар.
Тез кетиб бораётган поезд деразасидаги рутубатли уфқларда сассиз чақнаган чақинлар каби маъсум бу оний манзарани дунёда ҳеч қайси шоир бу қадар қойиллатиб тасвирлай олмаган бўлса керак. Айниқса, Ғафур Ғуломнинг «Соғинч» шеъридаги мисралар ўқувчини ўйга толдиради . Уни мозийнинг қирғовуллар учаётган даштларига, саҳрою биёбонларига олиб кетади.
Зўр карвон йўлида етим бўтадек,
Интизор кўзларда ҳалқа — ҳалқа ёш.
Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш!
Шеърни ўқир экансиз, поёнсиздай саҳролардаги корвон йўлида маъраб онасини излаганича тентираб юрган, бўзлаётган бўта (Туя бўталоғи)нинг аянчли ҳолати шуурингизда шамоил касб этади. Кейинги байтда кичик заррага тушган нигохингиз бирдан кенгайиб чексиз коинотларга ёйилиб кетади. Шоир Қуёшни каттаю кичик мавжудодларнинг мураббийси, тарбиячиси дея атайди. Ундан урушга кетган ўғли ҳақида хабар, мужда, пайғом етказишини сўрайди. Дарҳақиқат, оламдаги барча нарсаларнинг Худо яратган мўжиза — Қуёшга, унинг нурига ва ҳароратига эхтиёжи бор. Қуёшсиз ер шари бир ондаёқ музлаб қолади. Юқоридаги икки мисра: «Зўр карвон йўлида етим бўтадек , Интизор кўзларда халқа — халқа ёш» мисралари ҳали ҳеч қайси рассом ишлай олмаган соғинчнинг, изтиробнинг, ҳасратнинг қайғули суратидир.
Шоирнинг «Сен етим эмассан » шеърини ўқиб, юрагингиз зулматларга ёқиб қўйилган шамдай эрий бошлайди.Қуйида Ғафур Ғуломнинг ажойиб мисраларини мисол тариқасида келтирамиз:
Бу ерда музлаган аждар халқумли
Вахшат тўпларининг
Қахқахаси йўқ
Дея ёзади у.
Ташбеҳларни қаранг. Шоир жонсиз тўпни аждардек ҳаракатга келтириб уни ёвуз девлар каби қахқаха отдирмоқда. Ўртамиёна, одми «Шоирча»лар каби «Тўплар гумбирлаб отилди» деб ёзса ҳам бўларди. Лекин Ғафур Ғулом одамлар айтавериб увадаси чиқиб кетган сийқа сўзлардан фойдаланмадилар.
Бу дунёда гарчанд ўзлари бирон мисра шеър ёзолмаган бўлсаларда, Ғафур Ғуломнинг айрим шеърларидан мисол келтириб, уни маддохликда айбловчилар ҳам кўп.
Ундайлар Ғафур Ғуломнинг шеърларини диққат билан синчиклаб ўқисин.
Шунда шоирнинг ўз замонасидаги қаттол режим устидан кулганини, унинг мадхия эмас, пародиялар ёзганини англаб оладилар.
Худди Владимир Маяковский Ленинга, большевизмга породиялар ёзгани каби.
Ғафур Ғулом ўзини ғайбан Маяковскийнинг шогирди деб биларди, ундан таъсирларниб, сарбастда қофиясиз шеърлар ёзарди.
Аммо у шеърлар қофияли шеърлардан кўра қофиялироқ эди. У қуйма қофиялар ички қофиялар эдики, ундай қофиялаш ҳар қандай шоирнинг ҳам қўлидан келавермас эди. Бундай маҳорат ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Ҳа, Ғафур Ғулом ўз замонасида устози Маяковский каби мавжуд режим билан ақлсизларча “Кураш”мади. Балки унинг кўринишини Андерсен эртакларидаги аъёнлар каби мақтаб, алқаб, ҳажв қилди, жонини омон сақлаб, яна мукофотлар олиб яшайверди, ёзаверди.
Буни фақат ақли соғлом, тафаккури теран, закий инсонларгина англаб етолганлар, аммо у сирни маълум сабабларга кўра ошкор этолмаганлар.Ғафур Ғулом пародиянинг устаси, ҳажвнинг қироли эди.
Унинг барча насрий асарлари ҳажв билан суғорилган. Айниқса «Шум бола» повести бу борада тахсинга лойиқ. Ғафур Ғулом «Шум бола» асарида ўқувчисини кулдириб қотирсада, ўша замонда ғоят усталик билан жафокаш Ўзбек халқининг дарду ҳасратини, қайғу аламларини куйлади, эл — улуснинг оғир ҳаётини тасвирга келтириб, золимлар зулми остида инграётган халққа асар кўзгусини тутиб, ўзлигини ўзига кўрсатишга ҳаракат қилди.
Лекин у замонлар авом халқ кўзига Материалистик мил тортилган бўлиб, дахрий раийят очиқ кўр эди, сўқир эди. Ваҳоланки, Ғафур Ғуломнинг асарлари ҳозир ҳам ўз актуаллигини йўқотган эмас.
«Шум бола » асарида Ўғри бир бечоранинг ҳамёнига ўзининг нарсаларини солиб қўйиб уни ўғри қилади. Жандарм келиб йигитни тутадида, ундан нега бировнинг ҳамёнини ўғирладинг? — дея сўрайди. У мен олганим йўқ дея тухматчи дастидан фиғони фалакка чиқади. Ўғри бўлса томошабин одамлар орасида турган Шум бола ва унинг дўсти Омонни ёнига олиб: — Мана менинг гувохларим! — дея жандармни алдайди. Жандарм ўғрининг берган оғзаки кўрсатмаси бўйича айбланувчининг ҳамёнини олиб текшириб ўғрига беради. Кейин тухматга қолган бечора йигитни қамаб қўяди.
Ўғри ўз шайкаси билан бўзахўрлик қилиб ўтирса, қаёқдандир бир баччабоз мулла келиб қоладида, шайка аъзолари домлага ҳам бир коса бўза узатишади. Домла Йў — йў — деб ичмаётганини кўрган ўғрибоши: «Ич!» деб ўшқиргач, домла бўзани оқ уриб, косани бўшатади.
Яхшилаб эътибор беринг, ахир бу бегунох инсонлар чўнтагига наша , варақа тиқиб тухмат билан 15 — 20 йилга қаматиб юбораётган аблах тухматчилар, Худодан эмас, золим хукмдорчадан, диктатордан қўрқиб зулмни ёқлаётган, жаллодни оқлаётган сохта муллалар, ҳамда тўғрилар азоб чекиб, ўғрилар майишат қилаётган замонамизнинг бўртдириб ишланган (Современное трехмерное изображение) уч ўлчамли рангли фотосурати эмасми?
Шум бола бойдан ўч олиш учун ўчоққа керосин шишани кўмиб портлатиб юборганда Гирмон тўғрисида суҳбатлашаётган кимсаларнинг капалаги учиб: — Ана, сиёсат ҳақида гаплашмайлик дегандима! — дея юрак ҳовучлаши бугунги қўрқув ичра сиёсат тўғрисида пичирлаб, баъзилари имо — ишора билан гапириш даражасига туширилган халқимизга ўхшамайдими?
Шум болани ва унга ўхшаган камбағалларни эшакдай ишлатиб, хизмат хақига қурт тушган олма беришичи?
Бу эпизод йил ўн икки ой бошидан офтоб ўтиб, сув кечиб, чанг ютиб ишлаб, бебаҳо оқ олтин етиштирган халққа хизмат ҳаққинг дея қуртлаган макарон ва бир баклажкадан пахта мойи бергувчи золим хукуматнинг ўзгинасику.
Бечора Қоравой минг азобу уқубатларни бошидан кечириб, уйига яланг оёқ, қуруқ қўл билан қайтиб келганда унинг йўлларига кўз тиккан касалманд онаси ўлиб қолган бўлади.
Етим қолган опа ўз укасини кўриб «Қоравоооой!» дея бақиради. Қоравой опаси томон югириб унинг бағрига ўзини отади. Қоравойнинг опаси оналарининг оламдан ўтганини айтгач, иккаласи роса йиғлайдилар.
Бу кўриниш Россия, Қозоғистонга кетиб эшакдек ишлаб, уйига қуруқ қўл билан қайтаётган мардикор Ватандошларимизни, қоравой укаларимизни, акаларимизни эслатмаяптими сизга?
Устоз «Шум бола» қиссасининг бош қаҳрамонини нима учун Қоравой дея номлаганлари ҳақида оддий ўқувчиларни қўятуринг, ҳатто шоир ёзувчилар ва адабиётшунос олимлар ҳам шу пайтгача жиддийроқ ўйлаб кўрмаганлар. Хўш, нега Қоравой? Нега Оқбой эмас? Қоравой исми аввал чор, кейин қизил империя томонидан асрлар мобайнида юртини хомошё баъзасига, ўзини итоаткор қуллар подасига айлантирган, офтоб тиғида ишлаб, сариқ чақа эвазига бебаҳо оқ олтин етиштирган қора тўри халқимизнинг аянчли қисматига ишора эмасми? Устоз Абдулла Қодирий ўзининг «Обид кетмон» асари орқали ҳажми уйдай келадиган бахайбат кетмони билан жавлон уриб, бир ўзи баланд баланд қир адирларни ҳам текислаб, пахта эккан Обид (яъни ибодатли бўла туриб) бединларнинг коллектив хўжалигига — колхозга кирган Обид Кетмон образини яратиб, худосиз коммунистлар, колхозлаштириш устидан қах қах отиб кулган бўлса, Ғафур Ғулом «Кўкан батрак» номли поэмаси бош қаҳрамонини Кўкан деб атади. Нега Кўкан? Кўкан дегани нима маънони англатади? Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Йўқ албатта. Кўкан форсча Кўхикан дегани. Кўх -тоғ, кўхикан теша билан тоғу тошларни парчалаб водию вохага сув чиқарган афсонавий қаҳрамон Фарходдир. Ғафур Ғулом ўз поэмасида бадиий конспирацияни қўллаб, Фарҳоддай пахлавон Ўзбек халқининг хақ -хуқуқсиз итоаткор қулга, батракка айланиб қолгани ҳақидаги аччиқ ҳақиқатни чуқур қайғу -алам билан ифодалайди.
Ваҳоланки, Ғафур Ғулом ҳаммамиз ўқиб, кулиб, қотадиган машҳур «Шум бола» қиссасини йиғлаб ёзганлар. Ҳали оддий халқ экан, ҳатто у асардаги драматик фожеа кўламини, конспирелогик мазмун моҳиятни ҳатто Ғафур Ғуломнинг ўз замондошлари, илғор зиёлийлар, ёзувчи шоирлар ҳам англаб етмаганлар. Агар англаб етганларида, ўзимизнинг ёзувчилар, ўзимизнинг зиёлийларимиз аллақачон Ғафур Ғуломнинг устидан нквдга донос ёзиб, шоиримизнинг шўрини қуритган ва Ғафур Ғулом Қодирий, Чўлпонлар қатори вахшийларча қатл этилган бўлар эди. Яхшиям ўша замондаги ўзбек «зиёлийлари ва ижодкорлари» Ғафур Ғулом ёзган «Шум бола» қиссасини оддий ҳажвий асар дея қабул этиб, ялқов каллаларини ишлатиб, асарни чуқурроқ таҳлил қилмаганлари! -дейман мен баъзида, ўзимча кулиб.
Баъзилар бугун ақлдан озиб, Ғафур Ғуломни Абдулла Қодирийни қизилларга сотган дея иддао қилишга ўтиб, ўзлари билмаган ҳолда ёвлар тегирмонига сув қуймоқдалар. Хўп, Ғафур Ғулом ўша қамчию қиличидан қон томиб турган нквд ертўлаларида қийноқ ва босимлар остида Абдулла Қодирийнинг номоз ўқиши, ибодатли ёзувчи экани тўғрисидаги ҳақиқатни ёзиб берган бўлса бордир. Лекин нега сиз ўша қаттол, қатағон замонлардаги Ғафур Ғуломнинг ўрнига бир зум бўлсада ўзингизни қўйган ҳолда ёндошмайсиз масалага?! Эй, жасоратли қаҳрамон, Ғафур Ғулом ўрнида сиз бўлганингизда у ертўлаларда сиз ўз туғишганларингизни ҳам сотар эдингиз. Керак бўлса, ўз ота -онангизни ҳам қопга солиб, олиб чиқиб берардингиз уларга! Эй бировларни қулоққа, сотқинга чиқаргувчи кимса, яқин замонларда ҳам шоир ёзувчилар қамалганда, қатағону қувғин қилинганда қабристондай жим -жит «Дўрмон» ёзувчилар боғидаги дала ховлингиз чироқларини ўчириб, қоронғуда кўзларингиз қўрқувдан тангадай ялтираб, чурқ этмай ўтирдингизку! Ёки бу сотқинлик эмасми?! Энди сиз қаҳрамон, Ғафур Ғуломлар сотқин бўлдими? Бирон ёзувчи ё шоир ҳақида ёзишдан аввал, одам деган ўзи биронта пичоққа илинадиган асар ёзган бўлмоғи керак. Миллат, Ватан қайғусида бағри қон, умр бўйи тинимсиз ижод қилиб, халқимизга соф санъат дурдоналарини қолдирган устозларни жуда унақа тепалаб -топтаб, асарларига оёқларингизни артиб юборманглар, жаноблар!
Ҳа, атоқли Ўзбек ёзувчиси ва шоири Ғафур Ғулом чиндан ҳам буюк тарихий шахс.
Халқ дардини, қайғу ҳасратларини куйлаб, ҳақ гапларни ёзиб кетган устозимиз Ғафур Ғуломнинг гунохларини Яратганнинг ўзи кечириб, ўз раҳматига мушарраф қилсин.
Шариат призмасидан қаралса, Ғафур Худои Таолонинг исми сифотларидан бири бўлиб, мағфират қилгувчи, яъни кечиргувчи деган маънони беради.
Ғулом эса аксинча, қул деганидир.
Тилагимиз, Ғафурур Роҳим ўз Ғуломини мағфират этсин, омин.
20/04/2010
Тунги соат 11 дан 55 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.