Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Таниқли шоир Ғулом Мирзо шеърияти хусусида
Ғулом Мирзо (Ғулом Мирзаев) 1964 йил 4 январда Қашкадарё вилоятининг Қарши туманига қарашли Хушвақд қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1989). «Яхшиям сиз борсиз» (1994), «Унутилган ҳур» (1997) шеърий тўпламлари нашр этилган.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Олий Мажлис депутати.
Ғулом Мирзо билан 1987 йили бўлса керак, валлохи аълам, Дўрмонга жойлашган ёзувчилар боғида ўтказилган Республика ёш ижодкорларининг 5 — семинарида илк бор учрашиб, дўстлашиб кетган эдик. Семинарда қатнашган юзлаб шоирлар ичидан Ғулом Мирзо, Салим Ашур, Иқбол Мирзо, Амир Худойберди каби ёниқ истеъдод эгалари ажралиб чиққан ва воқеа бўлган эдилар. Улар қаторида каминаи камтарин ҳам борлигидан ҳамон фахрланиб юраман. Ўша «Дўрмон»да ўтказилган ёш ижодкорларнинг 5 — семинар муҳокамасида Ғулом Мирзо ажойиб шеърлар ўқиган эди. Бир шеърида у Тошкентдаги Цирк биносини тўйда бирининг устига иккинчиси тўнкарилган сопол товоқларга, яъни лаганларга ўхшатган ва «Орол»и қуриб бораётган, жамиятни пахта яккахокимлиги қамраб, охидан дуд ўрлаётган юртимизда тўй кузагани, қувончлар абас бўлгани акс этган маҳзун бир шеърий картинани намойиш этганди. Ўшанда унинг бир шеърини деярли ёдлаб олган эдим.Агар камчиликлари бўлса, шоир мени кечирсин.
Икки кўзим бўм — бўш уя.
Бу уяга
икки юрак сиғмаскуя.
Оч тўлқинлар ғаюр эди
сени еди, мени еди,
«Ҳайр» дединг,
«Ҳайр» дедим,
Ҳа, Ғулом Мирзо замонавий адабиётимизнинг кўзга кўринган, ёниқ, истеъдодли лирик шоирларидан бири. Шундай ижодкорлар борки, ёзган асари остидан номини олиб қўйсанг, у асарни ким ёзганини ҳеч ким айта олмайди. Ғулом Мирзонинг асарлари эса, аксинча, номини олиб қўйилса ҳам, зукко ўқувчи унинг дастхатини дарров танийди ва «Бу шеърни Ғулом Мирзо ёзган» дея сира иккиланмай айтади. У бировларнинг киссасидан тушиб қолган сийқа, даққи ташбеҳлардан қочади, уларни ишлатишдан ор қилади. Ғуломжон ўз шеърларида ҳамиша янги гап айтади. Адабиётнинг, шеъриятнинг оёқ етмас, даштларидан, биёбонларидан янги қўриқлар очади. Унинг шеърияти ноёб қўриқхонага ўхшайди.
Бир шеърида Ғулом Мирзо:
Қадахларин синдирди лола,
Кўйлакларин йиртди атиргул,
Қўлларида кемтик пиёла.
дея ёзади.
Бу шеърни ўқир экансиз, беихтиёр, баҳор оёқлаган палла қисқагина умри тугаган лоланинг пойида унинг қадах синиқларига ўхшаб сочилиб ётган гулпаллалари кўз олдингизга келади. Лолани кўп шоирлар қадахга менгзаганлар, аммо гулпаллалари тўкилаётган лола мисолида қадахнинг синиб ётган кўринишини Ғулом Мирзо биринчи бўлиб ўз шеърида акс этдирди. Кейинги мисраларга эътибор беринг. Куз яқинлашаётган дамлар япроқларидан мосуво атиргулнинг қўлида, яъни новдасида бир — иккита гулпаллаларини сармаст август шамоллари учириб кетган гулнинг кўринишини кемтик пиёла дея бир ғариб манзарани рассомона махорат билан тасвирлайди.
Яна бир шеърида Ғулом Мирзо:
Дунё — тошлар тегиб чатнаган соғар
дейди.
Дунёни разолат ва қабохат аҳли отган тошлардан синган соғарга, яъни маломат тошларидан дарз кетган паймонага, ақли бутун инсонлар учун Вахдатул Вужуд шароби қуйилган кўхна қадахга ўхшатади.
Ғулом Мирзонинг:
Кўз ёш тасбехларин сочиб ташладим,
Синди, қўлимдаги асо -қаламим.
дея ёзган мисраларида ҳам ҳали ҳеч ким ишлатмаган ташбеҳни тасбехларга айлантириб, йиғлаётган одам образини янги бўёқларда, ёмғирли руҳ баҳорлари, оппоқ тонглари отаётган кимсасиз онлар изтироб новдасида одамзод ҳасратларини куртаклар каби бўртдиради. Тасаввуримиз кўзгусида шодаси узилган тасбех доналарининг сочилган ҳолати жонланаркан, унсиз йиғлаётган инсон қиёфасини, изтиробларини туйгандай бўламиз.
Иккинчи мисрада охир — оқибат интилган, талпинган нарсалари сароб эканини англаб етиб, узлатга, уфқларга чекинаётган, қаламни асо, яъни хасса қилиб, найнов оломондан тобора узоқлашаётган донишманд, ақли тиниқ шоир образини бир дарвеш юрак соҳибини кўрамиз.
Айниқса, Ғулом Мирзонинг бир мисраси ўқувчини ҳайратлантиради. У :
Мен оҳ урсам қоқигулдай тўзғиб кетар ой
дея ёзиб, ойни тўзғиётган қоқигулга (Момақаймоқ тўзғоғи)га ўхшатади. Бу мисрани ўқиган одам қаршисида тунги сукунат, поёнсиз осмонларда хаёлдай тўзғиётган ой ва разолату қабохатга, сотқинлигу хиёнатга тўла дўстсиз дунёдан тамоман безиб , ёлғиз қолган шоир қиёфаси гавдаланади. Биз мақолани тугаллар эканмиз, шоир дўстимиз Ғулом Мирзога бунданда буюкроқ ижодий юксалишлар тилаб қоламиз.
1 март, 2011 йил.
Кундуз соат 12 дан 25 дақиқа ўтди.
Торонто шаҳри, Канада.