Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Амир Худойберди ҳақида.
1987 йили Дўрмон ёзувчилар боғида ўтказилган ёш ижодкорларнинг 5 семинарида воқеа бўлган шоирлардан бири Амир Худойбердидир.
Эсимда, семинар ўтаётган кунлар ўқиган унинг бир фалсафий шеъри барчага бирдай маъқул бўлган эди.
У фалсафий шеърда инсон боласининг аввал она қорнига, туғилгач, дунёга, ўлгач, қабрга ҳам сиғмай, хокини шамоллар учириб кетган ҳолати, қайғули инсон қисмати ифода этилган эди.
Озғинлигидан бўйни бироз узундай туюлгувчи, кўз косаларига чуқур ботган тийран кўзлари худди узоқ узоқларда, зулматлар қаърида порлаётган маъюс чироқларни эслатгувчи бу туғма истеъдод эгаси даврадош шоир ёзувчиларга далаларни дефоляция қилиш баҳонасида тупроқларимизга учоқлардан тонналаб оғу сочгувчи мовий кўз учувчилар бошидан заҳарли пестидсид сочиб ўтиб кетганини ва оқибатда касалланиб қолганини сўзлаб берган эди.
Ўша пайтларда ҳам фалсафий мазмунда шеърлар ёзган Амир Худойберди бир умр ўз севимли мавзуси фалсафага содиқ қолди.
Унинг шеърларида ҳақиқий шоирлар феълидаги жунун, ҳеч бир идишга сиғмас, муросасиз исён, дард бор, ватан ва халқ қайғуси мавжуд. У бир шеърида:
Ўлсам ҳамки бегона тупроқларда ётмасман,
Шеърим менинг Ватаним, мен Ватанни сотмасман!
дея ёзади. Ҳа, шоир ҳақ. Ростдан ҳам чин маънодаги шоирларнинг ватани ҳам, кафани ҳам шеър. Шоир ўз шеърларида яшайди, лекин ўлмайди. Чунки шеър аталган у Ватанда ўлим йўқ.
Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
************************************************
Амир Худойберди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Шеърлар
Боболар
Рўшнолик кўрмаган юртда даҳолар,
Манглайига хорлик, қувғин ёзилган.
Қўли баланд бўлган доим юҳолар,
Қодирий отилган, Машраб осилган.
Бобур юртни ташлаб Ҳинд сори кетган,
Ибн Сино қабри Теҳрон томонда.
Усмоннинг таланти бошига етган,
Талантсизлар омон ҳамма замонда.
Беруний бир умр саройда банди,
Бухорий бир бурда нонга зор ўлган.
Муқимий бўйнида хорлик каманди,
Фурқат айрилиқда қадди ё бўлган.
Бобом деб айтурсиз, буюклар бари
Ўз элида азиз бўлмаган зинҳор.
Билмассиз сиз кимнинг набиралари,
Қонингизда, айтинг, кимнинг қони бор?
Балки ул зотларни қувғинга олган
Сизнинг боболардир золим, бераҳм.
Бошига минг турфа балолар солган,
Залолатга тойган калтабин қавм.
Балки Улуғбекнинг қатлига фатво
Берган бобонгиздир, сабаби ҳасад.
Турон осмонида ўчди нур-зиё,
Юлдузлар қулади, йиқилди расад.
Беш аср бўлдики, қанча даҳолар
Туғилмай бешикда таслим қилур жон.
Ҳар бир қилгуликни тарих баҳолар,
Ҳақиқат эгилур, синмас ҳеч қачон!
Бугун ҳам аҳвол шу: буюклар зотин
Қадрига етмассиз, озор берурсиз.
Чоптириб юрибсиз зулмнинг отин,
Ҳақталаб зотлардан безор эрурсиз.
Уйингизнинг тўри муттаҳам, олғир,
Ўғрига ҳамиша ясатиғлиқ, тахт.
Тарих тилсиз гувоҳ: тан олмоқ оғир,
Мунофиқ бўлгансиз ахир ҳамма вақт.
Буюк боболарга авлодсиз магар,
Нега буюкларга қилмассиз таъзим.
Кимки истеъдодли ютар қон, заҳар,
Сизники ҳамиша маишат, базм.
Узр, кескир сўзлар айтдим, вале бу
Саййид Аббос тийғи олдида нима?!
Етар онгимизга сочилган оғу,
Етар Ёлғон, ялтир-юлтур, жимжима.
Токай зеҳнимизни берамиз мерос
Кўҳна зирҳли олтин сандиқ олдида.
Бошимиздан олиб дўппини, шаррос
Ўйлашиб кўрайлик мантиқ олдида.
Илдизи юз минг йил ўсган бу шажар,
Ҳар япроғи қоғоз шеърим сатрига.
Буюклар авлоди бўлсангиз агар,
Бугун буюкларни етинг қадрига!
11.06.2020.
Узлат
Яхшилик изладик – чиқдик ёмонга,
Кунба-кун кучаяр кўнгил ёраси.
Хаёл ҳадеб бошлар Узлат томонга:
«Ахир дардларингнинг Узлат чораси:
Узлат қандай яхши, номардлар турқин
Кўрмайсан, ғамларинг бўлади унут!
Ҳаммасидан кечиб хаёллар сургин,
Ниш отсин кўнглингга кўмилган умид!
Узлат паноҳида безовта руҳинг
Юпанчлардан шояд топса ҳаловат.
Кечгил ҳаваслардан, барча андуҳинг
Унутилар, қалбинг қолгай саломат!»
Калла суяги олдидаги ўйлар
Ишонгим келмайди, шу бош чаноғи
Бир замонлар тирик бўлганлигига.
Қуёшнинг нурлари ўпиб ёноғин,
Кўзларида юлдуз кулганлигига.
Ишонгим келмас, шу суяк ичинда
Орзулар жимирлаб оққандир наҳот?
Икки чуқурчада нур бўлиб чиндан,
Оламга ҳайрат-ла боққандир наҳот?!
Бу кўҳна фалакнинг савдосидан лол,
Нималар ҳақида ўйлаган экан?
Бир гўзал ишқида куйиб телбаҳол,
Гулларни қучоқлаб куйлаганмикан?
Ишонгим келмайди, бир кун менинг ҳам
Суягимни қўлга олишларига.
«Шуям севганмикан, чекканмикан ғам?»
Дея сукут ичра қолишларига!
***
Гар эрсанг мусулмон, кўргилки, шайтон
Фитна қилур, сен-чи лақма, гўл, нодон.
Қўйвор биродаринг ёқасин, токи
Душман шод, дўст кўнгли бўлмасин вайрон!
***
Қиляптими сенга бу замин торлик?
Касбинг фитнабозлик ё дилозорлик?
Унутдингми Тангрим йўриғин тамом,
Сенга етишгайдур абадий хорлик!
***
Ақлингни йиғиб ол, бахиллик бўлса,
Боғ ҳам қурир, дилда заҳиллик бўлса.
Иблис ёқолмагай фитна оловин,
Ўртада чин дўстлик, аҳиллик бўлса!
***
Биродаринг кўриб уймагил қобоқ.
Йўқлаб бор, синмасин ўртада тобоқ.
Душман найрангига учиб боболар
Не бўлди, олсанг-чи кечмишдан сабоқ!
***
Манқурт, зомби кимса эркнинг тотини
Билмайди, ўзи қул, чўри хотини.
Мардларнинг бошин еб, кун кўрар, боқсанг,
Зоҳири одамдур, Иблис—ботини!
24.04.2020.
«Ўлма, гўрўғли…»
Дунё синовлидир, боқиб ҳаётга,
Бобом айтган нақл тушади ёдга:
«Ўлмагин, Гўрўғли, ўлма ҳеч қачон,
Ўлгунча ўзингдан қолма ҳеч қачон!»
Баъзан белни букар оғир муҳтожлик,
Ҳолдан тойдиради ташналик, очлик.
Кеча бошингда тож, эдинг ахир шоҳ,
Бугун гадо бўлиб қолдинг-ку ногоҳ!
Бор неки бисотинг Тангрим йўлида,
Ҳар неки ҳаётинг Тангрим қўлида.
Кеча азиз, бугун хор қилиб қўяр,
Қашшоқ қилиб қўяр, зор қилиб қўяр.
Кеча зўр боёнсан, олий шоёнсан,
Бугун ҳеч вақосиз бир нотовонсан.
Баъзан муҳтож қилар бир тубан пастга,
Бир турқи совуққа, ювуқсиз касга.
Бобом нақлин шунда ёдга оламан,
Ҳаётга теранроқ назар соламан:
«Ўлмагин, Гўрўғли, ўлма ҳеч қачон,
Ўлгунча ўзингдан қолма ҳеч қачон!»
Замонамиз
Лўттибозга зар чопон,
Мунофиққа тавозе.
Қулоққа ёқар чунон
Қарғаларнинг овози!
Булбулмисан, тур нари,
Куйингга йўқ ҳушимиз.
Майнавозлик ҳунари,
Майна бизнинг қушимиз!
Оқилмисан,гўрга бор,
Киргин қора тупроққа.
Тирик юрсанг, хорсан, хор,
Айланасан урпоққа!
Шалоқчида бор «шатак»,
Қароқчида мартаба.
«Елкага минди патак,
Бошга чиқди пайтава».*
Жоҳилга иззат-икром
Золимга эл қарсаги.
Қозонасан шаксиз ном
Тўқийверсанг варсақи.
Тўғрига тўқмоқ амал,
Ўғрига ҳадсиз имкон.
Ўмаришни бил аввал
Мансаб истасанг, нодон!
Нонкўрмисан, кел, сенга
Уйимизнинг тўри бор!
Тил бурроми ёлғонга,
Мукофотнинг зўри бор!
Маддоҳмисан, унвонинг
Оширилар бирпасда!
Пуфак мисоли шонинг
Шиширилар бирпасда.
Ҳалолмисан, бағал кам,
Имкон йўқдир бойирга.
Шеърлари зўр бўлса ҳам
Шимилдириқ шоирга.
—————
* Ҳофиз Рўзивой. Х1Х аср.
17.07.2019.
Тугалланмаган битик
Ўзимизни агар асрамас эрсак,
Худо ҳам асрамас муҳаққақ бизни.
Жипслашсак, балога ҳамжиҳат турсак,
Ўзи асрар асрасак бир-биримизни.
Оқибатли бўлсак, саботли бўлсак,
Англасак бирликда куч-қудрат, толе.
Тили ширин, сўзи новвотли бўлсак,
Доим яқинларнинг сўрасак ҳолин.
Офат чекингайдир, бало бўлур дафъ,
Дилда меҳр ўти ёнса гуриллаб.
Билиб олсак нима зарар, нима наф,
Урфон эпкинлари эсса ҳуриллаб.
Инсон зоти кучли иймони агар
Тафаккури бирла бўлса чамбарчас.
Шижоатли бўлса, писандмас хатар,
Ҳар қандай балога келаолур бас.