Муҳаммад Исмоил
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Муҳаммад Исмоил кўплаб қисса, ҳикоялар, шеъий тўпламлар, публицистик асарлар муаллифидир. Ижодкор асарлари асосида бадиий фильмлар ҳам яратилган. Муҳаммад Исмоил хинд тилини мукаммал биладиган истеъдодли, жаҳонгашта шоир. Ундан дўстларни қадрлаш, онани эзозлаш илмини ўрганмоғимиз керак.
Холдор Вулқон.
Муҳаммад Исмоил
Ҳеч нарса керакмас,
Болам, ҳеч дейсан.
Энди кеч дейсан-да,
Энди кеч дейсан.
Юзимни босаман
Муздай юзингга,
ОНАЖОН, Зор қилиб кетма изингга!
Ўлим олдида ҳам
Ғамимни ейсан,
Мен-чи, жим, тақдирга
Кўнишимга боқ.
Оташқалб шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг ушбу сатрлари доимо юрагимда туради. Онам ҳам шундай, доимо хаёлимни бир четида. Онам бу дунёдан ўтиб кетаяпти-ю, мен тақдирга жимгина кўниб ўтиргандай бўлавераман. Гоҳида онам ҳозир дунёдан ўтиб кетаяпти-ю, мен бехабардай юрагим зирқираб кетади. Хавотирга тушаман. Ўзимни қўйишга жой тополмайман. Телефонга тармашаман. Ёки Ховосга қараб йўлга тушаман. Онам билан беш олти соатлаб гаплашиб ўтираман.
Мени ҳам ёшим олтмишга яқинлашиб қолди. Қалбан қадрдон акам Муҳаммад Юсуфни йўқотдим, кўзига термулиб ўтирадиганим, жонажон устозим Абдулла Ориповни йўқотдим, туғишган акамдан ҳам яқинроғим Анвар қори Турсуновни йўқотдим, гапдошим, маслаҳатгўйим, улфатим Ортиқ Отажоновни йўқотдим, бир курсда беш йил ўқиб, беш йил бир хонада турган дўстим, сирдошим Собир Ўнарни йўқотдим. Юрагим анча тош қотди. Ўлимдан анчайин қўрқмай қўйдим. Аммо Онам… Она инсоннинг бутун борлиғи, Она инсоннинг юрагини ўзи бўларкан. Юракнинг ҳамма ҳужайраси Онаники бўларкан!
Кеча, Ховосдан қайтаётганимда Зулайҳо хожи Онамдан дуо сўрадим. Онам, хайрлашаётиб шу пайтгача ҳеч айтмаган бир гапни айтиб йиғлаб юбордилар: -“Болам, сен ҳам мени дуо қил. Ҳаммаларингдан розиман! Нимаики қилган бўлсам, ҳаммаларинг ортиғи билан қайтардиларинг. Ҳаммаларингга мингдан минг раҳмат! Сизлар дунёдаги энг яхши фарзандсизлар. Ўзларинг емаган овқатни менга едирдиларинг, ўзларинг киймаган кийимни менга кийдирдиларинг, ўзларингда йўқ нарсани менга топиб келдиларинг, эрта-ю кеч сизларни дуо қиламан, ўлсам, нариги дунёда сизларга яхшилик тилайман, ўла ўлгунимча ҳаммаларингдан миннатдорман. Сизлар ҳам мендан рози бўлинглар. Ҳар бандани Худо эртароқ йиғиб олаверсин. Илоё, Худо мени ҳам мушкулимни осон қилсин, бировга музтар қилмай эртароқ йиғиб олсин. Мен энди кетаман. Болам, мени бу гапларимдан хафа бўлма. Сен ҳам мени ёшимга етсанг, қалтираб қоласан.Оёғим чилқий журмайди, қулоқ том, гаранг, кўз ўтмайди. Боя еган овқатинг эсда турмайди.Совуқни ҳам, иссиқни ҳам тезда илғамай қоласан. Иложи бўлса, Худойим мени бугун жийиб олсин. Бундан ошиғи ошиқ. Айланаман Художон! Ҳар бандага Худой солсин. Ҳеч кимни ҳеч кимга музтар қилмасин. 99 га кириб бировни эшигига қарз сўраб бормадим. 99 га кириб бировдан бир нарса сўрамадим. Эртага юзимга солади деб, бой билан қуда бўлмадим. Отанг ўлганда уйимиз шип шийдам бўлиб қолувди. Жолғиз сигиримизни сўйиб қирқини ўтқазувдик. Эри ўлиб кўчада қолди демасин деб, бировдан игна сўрамадим. Нимаики сўрасам Худодан сўрадим. Энди ҳар кун, Худойим мени эртароқ жийиб ол деб, сўраб ўтирибман. Саксон, тўқсондан ошиғи ошиқ экан. Шунгача борсак бўлди экан. Ўлимлигим, кафанлигим ҳаммаси тахт. Мен йўлга тайёрман. Сен ҳам дуо қил. Худойим осон қилсин! У ёқда мени отам бор, онам бор, хўжайиним бор, акам бор, укам бор, синглим бор, овсиним бор, қўни қўшни эгачиларим, тенг тўшларим бор. Уларни соғиндим. Бориб улар билан кўришаман. Уларни ҳам кўрмаганимга анча замонлар бўлди. Мени дуо қил! Эртароқ қайтай! Жон болам, кетадиган вақтим бўлди. Мени бу ерда фақат говдам қолди, холос. Мен аллақачон улар билан биргаман. Худо, ҳеч кимни узоқ умр бериб беабийир қилмасин. Мендан рози бўлинглар, жон болам! Худойим мени тезроқ сийласин-у, тезроқ жонимни олсин. Жоназамда ҳам инграб сиқтаб, қаттиқ йиғлаб юрманглар. Келган одамларни қуруқ оғиз жўнатманглар, қўй сўйиб, бир туюр бир туюр гўшт солиб, шўрва осиб жўнатинглар. Бир одам яшаса менча яшайди. Ҳеч ким бу дунёга устун бўлмайди. Ҳеч орқангга қарамай кетавер. Ер депсиниб йиғламанглар, болам. Юрагимга оғир ботади. Мени ушлаб туриб нима қиласизлар. Мени вақти соатим бўлди. Худойимдан биргина сўровим шу. Эртароқ жийиб олсин…”
Онам, кеча мени шу сўзларни айтиб кузатиб қўйди. Ўша кундан буён карахтман.
ХАЙР ДЕМАНГ, ОНАЖОН!
Кетаяпман.
Бўлинг соғ, омон.
Дилни тўкди ғуссаларингиз.
Нега хайр дейсиз, онажон
Бунча чўкди жуссаларингиз.
Хайр деманг йўқ йўқ Онажон,
Йўқ, ризолик сўраманг ортиқ.
Ундан кўра сўранг мендан жон,
Мен жонимни этайин тортиқ.
Қартайибсиз.
Кўзим ўяр ғам.
Жазолама кўкда қодир Зот.
Худо бергин онамга малҳам,
Яна бир йил бахш этгин ҳаёт.
Ҳар дам учун шукрона айтай,
Ҳар дам учун бўлай қарздор.
Ҳар дам учун бошим кўтармай,
Сажда қилай токи онам бор.
Унга ўн йил умр бер, Тангрим
Унга юз йил ҳаёт бер, Худо.
Мукка тушиб минг йил сўрардим,
Минг йил бизни этмасанг жудо.
Ёлвораман ҳар ён уриб бош.
Зор зор титраб, бўзлайман нолон.
Айрилиққа беролмайман дош,
Хайр деманг, йўқ йўқ онажон!
Кетаяпман аммо биламан,
Айирасан бизларни бир кун.
Тириклайин дорга иласан,
Кўк юзини қоплар қаро тун.
Бизни боғлар ердан Худога
Она берган жоннинг риштаси.
Она лойиқ мангу дуога,
Она, Ер-у кўк фариштаси.
Юрагимнинг бор ҳужайраси,
Кўзим, қалбим, танимдаги жон.
Ёлворади барча барчаси,
Хайр деманг, йўқ, йўқ онажон!
Юрак чиқсин қинидан азот,
Майли чиқсин кўз хонасидан.
Айрилмасин аммо ҳеч бир зот,
Волидаси, ўз онасидан.
Йўқ, сўраманг рози ризолик.
Қулаяпман гўёки жарга.
Қаршимдадир гўё жудолик,
Зулматга мен гўё бадарға.
Гўё энди йўқликда умрим,
Бир йил, ўн йил турар осилиб.
Қайғулардан қораяр турқим,
Қора тунлар нуқси босилиб.
Гар сув босса Ернинг юзини.
Бу офатга шай яшар инсон.
Онасига “Хайр” сўзини,
Аммо айта олмас ҳечқачон.
Хайр деманг,
асло Онажон…
Муҳаммад Исмоил
Ижодкорнинг шаклланиши
Минора қурилиши бир неча йиллар давом этганидек, ижодкорнинг шаклланиши умрининг сўнгги дақиқасигача давом этади. Миноранинг тархи аввалдан чизиб қўйилганидек, ижодкор қисмати, жаъми инсонлар қисматидек азалдан Лавҳул – маҳфузга ёзиб қўйилган. Ҳаётнинг қизиқлиги, бу китобни Оллоҳ таолодан бўлак ҳеч ким ўқимаган. Шул сабаб, ҳар бир инсон, ҳар бир ижодкор, Оллоҳга таяниб турмуш аравасини судраб кетаверади.
Оллоҳ инсонга инсоннинг ўзи ҳам илғаши яширин тарзда кечадиган махфий иқтидор берадики, китобимиз шу иқтидорнинг шаклланиши, ривожланиши ва зиё тарқатиши борасидадир.
Келинг, бу иқтидор қандай ва қай тарзда, қай даражада намоён бўлганлигини ижодкорлар ҳаётидан мисоллар келтириб баҳоли қудрат кўриб чиқайлик.
Бунинг энг ёрқин намунаси, Ҳазрат Алишер Навоий ва Мавлоно Лутфий ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдир.
Маълумки, тўққиз ёшли Алишер ўзининг икки мисра байтини Мавлоно Лутфийга тақдим этган эди,мана ўша байтлар:
Оразин ёпкоч кузимдин сочилур хар лахза ёш,
Буйлаким, пайдо булур юлдуз, нихон улгач куёш.
Мавлоно Лутфий, шу икки мисра шеърингиз учун бутун ижодимни алмашмоққа тайёрман, дейди. Ўша пайтда Лутфий Ҳиротнинг энг забардаст, энг улкан, тенгги йўқ шоири эди. Унинг ижоди бутун Хуросонликлар томонидан эъзозланар ва минглаб оташин мухлислари бор эди.
Шундай экан, Лутфий бола Алишерни менсимаслиги, хатоларини айтиши, ҳатто гўзаллар ҳақида ёзишга ҳали ёшлик қиласан дейиши, Алишернинг шаштини қайтариши, етарлича баҳо бермаслиги, заковатини тан олмаслиги мумкин эди. Ҳатто бунга хаққи бор эди. Чунки, у пайтда Алишер, ҳали Алишер Навоий эмас, бор йўғи хаваскор шоир эди. Аммо Лутфий Навоий дахосини кўра билди, ва яқин олиш учун, ўзининг улкан салобати, улкан ижоди олдида Алишер эсанкирамаслиги учун оламшумул ижодини унинг оёғи остига ташлаб қўя қолди.
Албатта, бундан Лутфий ижоди пасайиб қолгани йўқ. Билъакс, Лутфийнинг буюклиги яққол номоён бўлди. У бола Алишерда ўзбек шеъриятининг бўлғуси подшоҳини кўрди, ва ўзининг нақадар зукколигини асрларга намуна қилиб кетди.
Албатта, Навоийдек одамларда истеъдод яққол намоён бўлади. Ва кўп куттириб илҳақ қилмайди.
Яна бир буюк бобомиз Абу Али ибн Сино Ҳазратлари етти ёшида Қуръон Каримни ёд олган, биринчи асарларини эса ўн бир ёшда ёзган эканлар. Абу Райҳон Беруний ҳазратлари илк асарини ўн тўрт ёшида, беш юз бетдан ортиқроқ бўлган “Ўрта Осиё халқларининг минг йиллик тарихи” қомусий китобини йигирма тўрт ёшида ёзишни бошлаб, йигирма етти ёшида тамомлаган эканлар. Фариддин Аттор 13 ёшли Жалолиддин Румийни кўриб: – Бу бола ҳадемай оламдаги барча ошиқлар қалбига ўт солади! – деб башорат қилган экан.
Балки бу мисралар узоқ ўтмишда содир бўлган, муҳити, турмуш- тарзи мутлақо ўзга сайёрада юз бергандек туюлар. Биз бор йўғи истеъдоднинг намоён бўлиши борасида сўз юритмоқдамиз.
Аммо бугунги кунларда ҳам истеъдоднинг яққол номоён бўлишига оид ёрқин намуналар кўп.
Усмон Носир илк шеърини 9 ёшида ёзган экан ва йигирма икки ёшида Акмал Икромов Тошкентда бўлиб ўтган жуда катта йиғинда: “Бизнинг Пушкинимиз – бу Усмон Носир!” деган экан.
Усмон Носир истеъдоди жуда эрта камол топган ва порлаган.
Абдулла Қодирий 24 ёшида “Ўтган кунлар” романини ёзиб битқазди. Ва ўша пайтнинг ўзидаёқ Абдулҳамид Чўлпон: — “Ўзбекнинг онаси бундай ёзувчини юз йилда бир туғади” – дея айтди ва унинг башорати тўғри бўлиб чиқди.
Шунингдек, улуғларимиз орасида истеъдоди узоқ йиллар давомида шаклланганлари талайгина. Шоир Шукрулло шундай хотирлайди: Ўн тўрт – ўн беш ёшларимда шеър қоралай бошладим. Бир тўда болалар чуғурлашиб ёзган шеърларимизни Ғофур Ғуломга кўрсатиш учун олиб бордик. Ҳамма шеър ўқиди, шулар орасида мен ҳам. Устоз унга у деди, бунга бу деди, менга эса эътибор бермади. Орадан бир қанча вақт ўтиб ёзган янги шеъларимизни яна олиб бордик. Устоз сўри устида ўтирган экан, шеърларимизни эшитиб турди-да, унга у деди, бунга бу, деди, менинг қоғозим устига эса, шундай ўринларидан туриб, дарахтдан бир ғўрани узиб: — ғўр шеърга, ғўра муҳр бўлади, — дедида, эзғилаб ғўрани босди. Бироз хафа бўлдим-у, индамай кетавердим. Дилимда бир исён бор эди: “Қаттиқ меҳнат қиламан, қаттиқ ижод қиламан, кимлигимни устозга кўрсатаман, албатта катта шоир бўламан, зўр шеър ёзаман, қойил қолдираман!”
Орадан бир йилга яқин вақт ўтди. Янги шеърларимдан кўтариб яна устознинг олдига бордим. Бир соатга яқин шеър ўқидим. Бир пайт устоз: — Қани кўйлагингни еч! – дедилар. – Ие, Ғофур ака нима қилаяпсиз? – дедим. – Еч дегандан кейин, ечмайсанми! – дедилар. Ноилож кўйлагимни ечиб, қўлларига тутқаздим. Устоз, кўйлагимни этагидан ўпиб: — Энди буни кийма! Уйингга бориб осиб қўй! Йиллар ўтиб, болаларингга, невараларингга кўрсатасан! Мен, шоир бўлган куни буюк Ғофур Ғулом, этагимдан ўпган. Мана шу кўйлак ўша! – дейсан дедилар. Хурсандликдан кўзимдан ёш чиқиб кетди.
Бу кўйлакни йигирма йилдан ортиқ, қамалиб кетган йилларим, кўп нарсалар қатори у ҳам йўқолиб кетгунга қадар, асраб юрдим -дедилар Шукрулло бобо.
Оловли йилларда, бош кўтарган одамнинг бошини қилич кесиб кетадиган йилларда, йиллар исканжасидан эҳтиёткорона авайлаб асралган истеъдоднинг шаклланиши – эди бу.
Яна ўзга хил, истеъдоднинг вояга етиш шакли ҳам бор. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлапберган Қаипберганов ҳикоя қилганди:
— Мен туғилганимда отам эллик ёшларда эди. Мендан олдинги фарзандлар туришмаган, гўдаклик чоғидаёқ нобуд бўлиб кетаверишган. Шунинг учун мени еру – кўкка ишонишмасди. Отам қаерга борса, бирга олиб борарди. Бола бўлишимга қарамай, куним катталарнинг гап – гаштагида ўтарди. У пайтда одамлар йиғилса, маънили – маърифатли суҳбатлар ўтқазилар, баҳри – байт айтилар, бахшилар халқ термалари, достонларидан айтишарди. То қўшни овулдан қайтгунча отам, кўрган эшитганларимни айтиб беришни талаб қиларди. Уйга келгач эса, онамга ҳам айтиб берар, шундай қилиб ўзим билмаган ҳолда гўяндага айланиб қолгандим. Такрорлайвериб, жуда кўп ривоятларни, афсоналарни, достонларни миямга сингдириб олгандим. Менда, ёзувчиликка ҳавас, балки шундан кейин, ичимда жуда кўп тааъсуротлар тўплангандан сўнг, уйғонгандир, қобилиятим шу тарзда шакллангандир.Кўрган билганни такрорлаш, ҳаётимни сўнггигача давом этди. Кўрган – билганларимни ҳар кун алоҳида дафтарга ёзиб борадиган бўлдим. Ёзганларим бугунга келиб ўн томлик китобга жо бўлса ажабмас! Саккиз ёшимдаги одат саксон ёшимгача давом этди!
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳам бу борада қизиқ гап айтганди:
— Негадир болалигимда ҳамма шеър ёзса керак, мен ҳам ёзаман деб ўйлаганман ва ҳали эсимни танимай туриб, бир талай шеърлар ёзганман. Мактабдаги ўқитувчиларимга берганимда, қаерлардандир кўчириб олгандирсан, ўзинг ёзмаган бўлсанг керак деб, ишонишмаган. Мен ҳам индамай қўяверганман. Хурсанд бўлганман. Шоирлардан фарқим йўғ экан, энди ёзавераман деганман. Шундан буён ёзаман. Ҳеч қачон илҳом келишини кутмайман. Ёзишни бошласам, илҳом ўзи келади. Мухбирларнинг, шеъриятга қандай кириб келгансиз, деган саволи мен учун энг мушкул, жавоби энг қийин саволдир.
Мен шеъриятга кириб келмаганман, шоир бўлиб туғилганман тамом – вассалом. Шеър ёзиш учун, ёзишни ўргандим, шеъриятда ўзимга дўст топиш учун, китоб ўқишни ўргандим, энди шеъриятдан бошқа ҳаётим ҳам, кетадиган – келадиган, ўйлайдиган бошқа жойим ҳам йўқ!
— Билмаганларимни оёғим остига қўйсам, бошим осмонга етар эди, — дейди Имом Аъзам.
Имом Аъзамдай одам шундай деб турса, у кишининг билими олдида, бизнинг билганларимиз тоғ олдида турган тошдан фарқи йўқ, яна биз илмга муҳтож бўлмай ким мухтож бўлсин!
Ҳазрат Имом Аъзамнинг бундай дейишларига сабаб, ҳамиша илмга чанқоқликлари, ҳамиша юқори илм пиллаполарига интилишлари, комиллик исташларидандир. “Билим билмасликни кенгайтиради!”- дейди донишманд Анаксимен.
Иқтидор инсонни катта майдонга олиб чиқади. Эл орасида ҳурматли, маълум бир муваффақиятларга эришган обрўли шахсга айлантиради. Мана шу ҳурматни, обрўни, шон – шуҳратни ушлаб туриш ҳам кишидан жуда катта иқтидор талаб қилади. Фалсафа фанлари достори, етакчи олим Қиёмиддин Назаров ўз болалигини эслаб,қуйидагича ҳикоя қилади:
-Учинчи синфда ўқиб юрганимда, мактабда тадбир бўлиб қолди. Чиқиб ашула айта бошладим. Ашула ярмига етганда сўзлари эсимдан кўтарилди. Олдинги қаторни бир марта такрорлаб айтдим, икки марта , уч марта… Ўқитувчим ёнимда доира чалиб турибди.Ўқитувчимга қарайман,индамайди. Қарайман индамайди. Ниҳоят қўлимдаги рубобни отиб юбордим-у, даврадан йиғлаб чиқиб кетдим. Ўқитувчим билан икки – уч кун гаплашмай юрдим. Бир кун ўқитувчим хонасига чақирди-да, стол устига чиқариб, бўйимни ўз бўйи билан тенглаштиргач, кўзларимга тик қараб: — Сен саҳнага чиқдинг. Саҳнага чиққан одамга энди ҳеч ким ёрдам беролмайди, буни яхши билиб ол. Ҳамма тайёргарликни саҳнагача қилиш керак, ҳамма ёрдамни саҳнага чиққунча олиш керак. Саҳнага чиқдингми, тамом ортга йўл йўқ. Сен энди қиролсан! Сен ўзингни қўлга олишинг, ўзингни ўзинг бошқаришинг, сенга қараб турганларга эгалик қилишинг керак! – деди. Шунда, столни оёғим остига бекорга қўймаганини, мени ўзи билан тенг кўриб, жиддий гапирганини тушундим.
Бу бир умрлик сабоқ бўлди. Минбарда ҳар гал маъруза бошласам, мана шу воқеа бир бор кўз олдимда намоён бўлади ва минбарда туриб ҳеч қачон енгилмаслигим, энди ҳеч ким ёрдам бермаслиги, ўзимни қатъий бошқаришим лозимлигини ҳис қиламан.
Адабиёт майдони ҳам шундай. Бу майдонга тушгач ўзингиздан бошқа ҳеч ким ёрдам бермайди. Шеър ёзишдан олдин шоир шер қаршисида тургандай ожиз туради. У ҳоҳ хаваскор шоир бўлсин, ҳоҳ санъаткор! Ҳамиша шундай. Тажрибали, истеъдодли бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам қаршингизда тер тўкиб қилинадиган меҳнат туради. Ҳар кун ва ҳар сафар!
Шеър ёзиш битта китоб чиқазганингиздан кейин енгиллашиб қолмайди. Ўнта китоб чиқазсангиз ҳам шу меҳнат, шу фидойилик, шу заҳмат, яъни шеър қанча талаб қилса шунча тер тўкишга, юрагингизни азоблашга, изтироб чекиш аламларига чидашга мажбурсиз. Айёрлик қилиб, заҳматдан озгина бўйин товладингизми тамом, шеърингиз чала туғилган гўдакдек, мажруҳ ва кераксиз бўлиб қолаверади.
Агар тажриба асосий аҳамиятга эга бўлганда, ёшлар ёмонроқ ёзган, кексалар яхшироқ ёзган бўларди. Афсуски, ундай эмас. Ижод ёшлардан қанча куч – қувват, заковат, иқтидор ва фидойилик талаб қилса, кексалардан ҳам худди шунча жоннисорлик талаб қилади.
Иқтидор ҳам фарзандингиздек тарбия, ғамхўрлик ва парваришни талаб қилади. Нима қилсангиз шундай қилади.Қаёққа қадам ташласангиз, нимага эътибор берсангиз у ҳам фақат шуни ўрганади. Ўғирлик қилсангиз, болангиз ҳам бир кунмас бир кун албатта ўғирлик қилади. Кимгадир яхшилик қилсангиз болангиз ҳам албатта яхшилик қилишни ўрганади. Истеъдод ҳам шундай. У сиздан ҳамма нарсани ўрганади.
Усмон Азим шундай воқеани гапириб берганди: — Юқори лавозимда ишлаб юрган пайтларимда ҳар хил илтимослар бўларди. Қўлимдан келса, холис битириб бераверардим. Шундай холислик билан италиялик бир гуруҳ тадбиркорларнинг ишини битириб берибман ва бу хаёлимдан мутлақо кўтарилиб кетибди.
Бир кун улар меҳмонга чақиришди ва завод фойдасидан улушингиз дея, катта миқдордаги пулни тутқазишди:
Бирдан орқага чекиниб:
— Йўқ, йўқ, менга пул керакмас, агар шу пулни олсам, кейин шеър ёзолмай қоламан – дебман. Қаршимда гўё иккита йўл тургандай эди. Ҳеч иккиланмай шеъриятни танладим. Бошқа йўл йўқ эди.
Албатта, бой шоирлар кўп. Гап бу ерда бойликда эмас, бойликнинг пора, яъни ҳаром йўл билан топилаётганида, ва ҳаром нарса ҳар қандай шоирни ногирон қилиб қўйишга қодир эканида! Усмон ака ўзини, истеъдодини мана шу ёвуз кучдан асраган. Балки у ўз виждонига хиёнат қилганида, кейин яхши ёзишни истаса ҳам, ёзаолмаган бўларди.
Ҳар бир ижодкор иқтидорини шундай химоя қилади, номоён бўлиши, камол топиши учун муҳит яратади, шароит излайди, уруғнинг униб чиқишини кутиб туради.
Бир кун шоир Азим Суюн уйига таклиф қилиб қолди.
— Шундай муюлишдан қайрилсангиз, бизнинг дарвоза ярқ этиб кўзга ташланади. Тепасида катта архар шохи қўйилган. Шу шохга қараб топиб олсангиз бўлади. Бошқа ҳеч кимнинг дарвозасида йўқ!
Азим Суюннинг дарвозасини топиш мушкул бўлмади. Шоирнинг ўзи айтганидай дарвоза тепасига қулоч етмайдиган архар шохи, архарнинг калла чаноғи михлаб қўйилган эди.
Ичкарига кириб анграйиб қолдим.Ҳовли ўртасига харсанглар келтирилиб тоғ ясалган, архарлар, бўрилар, какликлар, тоғ эчкиси, морол, айиқ, бургут ва яна турли туман жониворларнинг хайкаллари худди тоғу – тошда ўйнаб юргандек иштиёқ ва улкан муҳаббат билан ўрнатилган, тоғ арчалари, туғдона, кийикўт, ялпизлар гуриллаб ўсиб ётар, тоғ қўйнига тушиб қолгандек бўлардингиз.
— Бу Бешбармоқ ота! – Мен тоғлар бағрида туғилганман. Бу тоғлар менга илҳом бахш этади! Бу тоғларга қараб куч оламан, қудрат оламан ,дея – хайқирарди шоир. – Ҳар бир шоир ўзига мана шундай илҳом манбаи яратиши керак! Юринглар сизларга яна бир сиримни очаман!
Азим ака шундай дея бизни ичкарига, ижодхонасига бошлаб кетди: — Мана мен ўтирадиган стол. Қаранглар, стулимда кўк бўрининг териси! Шу терининг устида ёзаман. Бу теридан менга кўкбўрининг қуввати ўтиб туради. Ўтирган заҳотим вужудимга туганмас дармон ўрмалайди. Кучайиб кетаман. Мана бу дивандаги эса, қўнғир айиқнинг териси. Бу айиқ Нурота тизма тоғининг айиғи! Уни менга 95 ёшли кампир ийлаб -ошлаб берган. Бундай мукаммал ошлашни ўша кампирдан бошқа ҳеч ким билмайди. Мен мана шу айиқ терисига ўраниб ётаман. Айиқдай бақувватлигим шундан. Айиқ ўз ўлжасига ташлангандай, ижодга ташланаман. Ишлаб чарчамайман, ёзиб чарчамайман, қийинчиликларга қарши курашиб чарчамайман!
Азим Суюн самимий ва содда инсон. Илҳом манбаи на архар шохи, на айиқнинг терисида, балки юрагида эканини, қалби қайнаб тошиб турмаса, буларнинг сариқ чақачалик қудрати йўқлигини яхши билади. Билади-ю, ўзини овутиш, ўзига тасалли бериш, ҳамма юкни юрагига ташлаб қўймаслик кераклигини билганидан, оғирликларни атрофидаги лаш – лушларга юклайди. Молани азоб билан тортаётган юраги эмас, балки бошқа нарсаларда деб, ўзини ишонтиради, ўзини овутади ва юрагига енгиллик беради. Улар куч бермасада куч бераяпти деб ўзини ишонтиради. Натижада ҳақиқатдан ҳам улардан куч келаётгандай бўлаверади.
Шукур Холмирзаев ҳам ўзини моҳир овчи ҳисобларди. Дала ҳовлисига борганимда кўпинча ов милтиғига суянган ҳолда ўтирганини гувоҳи бўлардим. Бу милтиқ отмасди. Чунки, ичида ўқи йўқ эди. Нафақат ўқи, балки тепкини босадиган илмоғи ҳам йўқ эди. Қуруқ нусха эди. Лекин, Шукур ака унга суяниб ўтиришни, болалиги ҳақида хаёл суришни, тоғда қандай овчилик қилганлари, қандай қилиб қобонни отганлари, қандай қилиб айиққа дуч келиб қолганларини гапириб беришни ёқтирарди.
Кўпгина ҳикоялари шу тарзда дунёга келарди. Шукур аканинг милтиққа суяниб хаёл суриб ўтириши, болаларча беғуборлигидан, ишонувчанлигидан, соддадиллигидан дарак берарди, лекин, истаймизми йўқми унинг иқтидорига, илҳомига бу хаёл суришлар озуқа ҳам эди. Агар Шукур акага Мерседесда юриш илҳом бағишлаганида, албатта Мерседесда тинмай юрган бўларди. Худо ҳар кимга феъл – атворига яраша истагини қондиради, дейишади-ку!
Биз илҳомни ўзлари излаб, ўзлари топган ижодкорларнинг айримлари ҳақида сўз юритдик.
Лекин, баъзилар қисматнинг қаттиқ зарбаларига дуч келгач, ўзлари истамаган ҳолда оғир мушкулотларга йўлиққач, юракларида исён қайнаб тошади, туйғулари, изтироблари, вулқондек отилиб, илҳом қайноқ ижод қучоғига етаклайди.
Шундай воқеа ҳассос шоира, оташқалб ижодкор, доно ва фозила аёл Турсуной Содиқовада юз берди. Бу ҳақда Турсуной опа шундай дегандилар:
— Оғир касалликка чалиниб ётиб қолдим. Инсулът бўлдим. Бир ярим йил битта тўшакдан турмадим. Ўлим ҳар маҳал, ҳар маҳал йўқлаб қўяр, раҳми келибми, қайтиб кетарди. Шу ётганимда ҳаётни севиб қолдим. Ўлим ва ҳаётнинг ораси бор йўғи бир сониялик йўл эканини мана шу кунларда англаб етдим, баъзида бир сониядан сўнг тирик бўламанми йўқми билмасдим. Гоҳида кўзимни юмишга қўрқардим. Гоҳо уйқуга кетар олди, қайта уйғонаманми йўқми, буниям билмасдим. Қўрқиб – қўрқиб ухлардим. Худодан эсон – омон уйғотишини ҳар кеч ёлвориб сўрардим. Уйғонгач эса минг бора шукроналар айтардим.Ҳар бир лаҳза ўлим бўғзингдан буғиб турса, ҳар лаҳзани ўлимнинг беаёв чангалидан бирма – бир юлиб – юлқиб тортиб олаверганингдан сўнг ҳар бир лаҳзанинг қадрига етар экансан. Унгача етмас экансан. Унгача етмагандим. Унгача ҳаётим тўлиб – тошиб оққан дарёдек гуввуларди. Мен абадий шундай бўлади, абадий шундай ўйнаб кулиб яшайвераман, ўлим мендан жуда узоқда, кўз кўрмас, қулоқ эшитмас, одам оёғи етмас жойларда деб ўйлардим. Ҳамма ўйлаганларим хом хаёл экан. Бир ярим йилдан сўнг оёққа турдим-у, қўлимга қалам олдим. Энди ҳар лаҳзам, сўнги лаҳзам бўлиши мумкинлигини билиб ёзаман, ҳаётни севиб ёзаман, ҳаётда из қолдирай, ному – нишонсиз йўқ бўлиб кетмай, Худонинг олдида жавоб беришга арзигулик савоб ишлар қилай, эл-у юрт олдида, юзим ёруғ бўлишига лойиқ асарлар ёзай, Худонинг буюклигига, буюк қудратига ҳамду сано айтмай бу дунёдан ўтсам энг ношукур, энг нонкўр, энг ярамас инсон бўлиб қоламан, Яратган Парвардигор Эгам мана шундан асрасин деган тилакда ёзаман!
Мен ўлимни кўрдим, шу туфайли одамларни яшашга чорлайман, яхши яшашга, яшаш қадрини яхшироқ англашга чорлаб яшайман, мен тирикликни улуғловчи қўнғироқман, мен душманнинг калтакларини еб, дўстнинг қадрига кўпроқ етган инсонга ўхшаб қолдим. Ўлим яшашга илҳомлантирди! Мен ёзганим сари ўлимдан узоқроққа қочаётганга ўхшайман. Мана шу қочиш мени илҳомлантиради! ***
Шунингдек, шоирни дўстлари, устозлари, севган ёрлари илҳомга ундайди.
Бир кун шоир Шукрулло дўстларнинг бир – бирларини илҳомлантириши, иқтидорларини юксак қадрлашлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берганди:
— Бир куни Абдулла Қаҳҳордан Ғофур Ғулом иккалаларинг ўзбекнинг икки буюк ижодкори бўла туриб нега бир – бирларинг билан ҳеч келишмайсизлар, десам – Нима биз отамизнинг мулкини талашармидик, Ғофур ўзи мендан қочиб юради, бир икки марта кўришганимизда, сен жуда катта билим эгасисан, иқтидоринг тенгсиз, шу қудратингни нега рўёбга чиқармайсан, нега кўпроқ ижод қилмайсан, кўп гапларинг ичингда, қачон борингни тўкиб соласан, деб койигандим, шундан буён қочиб юрадиган бўлди, келишмовчилигимизнинг асл сабаби шу. Мен кўпроқ ижод қилсин дейман. У кўпроқ ижод қилса ундан шунча кўп хурсанд бўламан, деганди.
Улар доимо бир – бирларини қўллаб – қувватлашар, бир – бирларига мадад бўлишни истар, ижодда бир – бирларига кўмаклашар, бир – бирларини ёзишга чорлаб туришарди, — деганди Шукрулло.
Манба: — uforum.uz.