Фарид Усмон
ЧИНГИЗИЙЛАР ДАВРИ
(тарихий эссе, 2-эълон)
… ТЕМУЧИН.
УНИНГ УЛҒАЙИШИ ВА ҲУКУМАТ УСТИГА КЕЛИШИ
Мовий яйлов бағрида (ўтовлар) юқорида ёзилгандек ўттиз, қирқ минг уйлик мўғуллар яшайди. Кўз илғамас яйлов этаклари – олисларда қорли тоғлар кўзга ташланади. Ҳов, ўша тоғларга туташиб кетган кенгликлар зулмкор Чингизхонга ота мерос юртдир. Темучин шу жойларда улғайди. Гўдаклигидан унинг ёвузлиги маълум бўла бошлади. Эмаклашдан ўтиб, юра бошлаши билан у ўзининг дийдаси қаттиқлигини кўрсата борди. Қўлига мушук, ёки кучук тушиб қолса, албатта шартта бошини узиб ташлар ва қонини ичишга интиларди. Товуқ, жўжаларни эса шарт калласини узиб, парини юлиб-юлиб хомлигича еяверарди. Боланинг бу қилиқлари тенгдошларига қизиқ туюлар, катталар эса, шубҳа билан боқиб қўйишарди.
У икки ёшга тўлган эди. Бобоси Бартон ўлади. Бобосини жасадини отаси Ёсугай Баҳодир қузғунлар ҳукмронлик қиладиган олисдаги жарга олиб бориб ташлаганини у билмайди ҳам. Чунки у ҳали гўдак эди. Беш, олти ёшларида унинг қилиқлари яна ҳам кўпайди. Уй ҳайвонларидан ит, қўй, эчки қонини ичиш унга ҳеч гап бўлмай қолади. У кўп ҳам ҳалол билан ҳаромнинг фарқига бормас, қавмда одат шу эди. У ўз қавмини кексалардан эшитгани — (Аланқува хотундан). Аланқува хотун ўтов туйниги орқали осмондан тушган нур ичида келган одамдан ҳомидор бўлган деб билади. У одам Аланқуванинг айтишича оқ-сариқ бўлиб, кўзлари кўкишга мойил шу билан бирга қонталаш, чўғдек бўлган. Бундай кўзларни қонсираган кўзлар дейилади. Отда чопиб юриши боис шамолдан мўғулларнинг кўз қисилиши, юмилишга мойиллигидан қийиқ бўлиб кетган. Темучин ақли кира бошлагандан бошлаб, ҳарбий тарбияни ола бошлайди. Шу билан бирга қавмидаги “Нурдан яралганмиз – бизлар нур фарзандимиз” деган тушунча билан улғайди. Аланқува хотин авлодларидан эканини англаб борди. Ўзини “бурчини қиёт” деб билди. Бу дегани ҳозирги тушунча билан изоҳланадиган бўлса, қийиқ кўзлилар деганидир.
Аланқува хотуннинг Буданжир Мунқақ ўғлидан тарқаган авлодлари давомчиси бўлган Ёсугай Баҳодирнинг, юқорида айтганимиз Йулун – йилдиқ деган манзилда туғилган фарзанди Темучин отаси Ёсугай Баҳодир ўлганда ўн уч ёшга кирганди. Йигит бўла бошлаганди. Оқ-сариқ қиёфасига келбат кириб, қонсираган кўзларидаги қарашлар анчайин теранлашган, қисиқ кўзларининг боқишлари унинг анчайин улғайиб, оқ-қорани фаҳмлай бошлаганидан дарак берарди. У ҳам ота-боболари қилган одат бўйича отаси жасадини аёлларнинг йиғи-сиғиси бир меъёрга етгач, ўзи елкасига олган ҳолда қузғунлар макони – жарга олиб бориб ташлаб келади. Жасад ўралган матони ўтов чап томонига ёйиб бўлгач, энди буткул бошқарув ўз ихтиёрига ўтганини қавм оқсоқолари маслаҳати билан англади. Фармонбардорлик энди унинг измида эди. Шу вақтда Темучин ўн уч ёшда эди.
Фармонбардорлик гарчи Темучин подшоҳ қўлига ўтган бўлишига қарамай, Ёсугай ўлиши билан мўғул қавми орасида поракандалик бошланганди. Энг биринчиси тотарлар бўйсунмай қўйишди. Поракандалик бошида амирлар турди. Мўғул қавми даврида турли уруғлар бўлган. Шулардан Найман, Тойжуит, Салжуит, Қўнғирот, Уйшун, Дўрмон, Макрит, Жалойин, Буркин ва бошқалар. Бу уруғлар эркаклари ўзлари бир сипоҳий эди. Улар исталган вақтда жангга кира олишарди. Шуларни Ёсугай бирлаштириб турарди. Улар орасидаги ўзаро душманликни бостириб турарди. Улар подшоҳликка ҳар тўрт молидан бирини масалан тўртта қўйдан бирини, эчкидан бирини, отдан бирини беришга мажбур эди. Ёсугай ўлиши билан булар шу тўловлардан бош тортишга тушдилар, Натижада, душманлик авж олиб Темучин бор будидан айрилди, ҳатто бир Найман уруғи томонидан зиндонга ташланиб жазоланди ҳам. Аммо у бўш келмади. Тангрини тан олмаса ҳам Тангри уни қўллаб-қувватлади чоғи… У кўп қийинчиликлар кўрди. Бошидан талай иссиқ-совуқлар ўтди. У қамоқдан қутилиб, яна қўшин йиғиш, амирларни ўзига жалб қилиш ишлари билан шуғулланди. Улуғбек Мирзонинг “Тўрт-улус” китобида унга барлос уруғидан бўлган Қорачор Нўёнбек бу ишларда бош маслаҳатчи бўлгани ва доимо ёнида юрганлиги батафсил ёзилган. Унинг кўмаги билан У Ўнгкон, Найман уруғидан Найманхон Макрит қавми подшоҳи Тўқтобек каби кучли душманларини енгани ҳақида ҳикоя қилинган. Қисқаси, Темучин бу курашларда чиниқади. Қорачор Нўёнбек унга армияни қайта тузиш, ясоқ жорий қилиш маслаҳатларини беради. Бу тартиблар тарихда “Чингизхон ясоғи” номи билан қолган.
Шу ўринда Темучин душманларини қандай қилиб жазолаганига мисол келтириб ўтамиз:
У Тайжут бошлиқ Нурин эли устига қўшин тортиб боради. Бу вақтда у ўн минг қўшинга эга эди. Тайжут эса ўттиз минг қўшин билан эди. Темучин жангга шиддат билан киради. Ўзи бош бўлган ҳолда энг оғир жойларда қилич чопади. Атрофидагилар ҳам ундан илҳомланиб, ўрнак олиб қилич чопишади. Унинг ўлимдан қўрқмаслиги ёнидаги қўшин бошлиқларидан тортиб оддий сипоҳийгача таъсир этмасдан қўймас эди. У жангда энг олдинда бўлгани учун ҳамма унга эргашар эди. Кейинчалик бу ҳислар ундан кейин тарих саҳнасига келган Соҳибқирон Амур Темурда такрорланди. Ана шу жанговарлик уни Тайжутнинг 30 минг кишилик қўшинини мағлуб қилишга олиб келди.
Тайжутни енгиб, асир тушганларни боғлатиб қўяди. Сўнг етмишта қозон остириб, уни сув билан тўлдиртиради. Сувни қайнатиб, қўл оёғи боғланган асирларни боши билан қозонга солиб, оёғидан тутиб туришни буюради. Бу вақтда у 13 ёшда эди. Бу жазолаш бутун атрофга овоза бўлади. Темучин ана шундай усулларни ўйлаб топиб, халқлар юрагига ва ён атрофидаги душманларига қўрқув сола олди.
Сана 600 йил ҳижрийда, туркчада сичқон йилида Темучин энг катта рақиби найман уруғининг сардори Найманхонга қарши юриш бошлайди. Уни мағлуб қилади. Шундан кейин, бир бошдан катта-катта уруғларни енгиб, ўзига таслим эта борди. Шу билан қўшин сонини кўпайтириб, ўз сиёсатини мустаҳкамлашга киришди. Лашкарда интизом бўлиши учун Қорачор Нўён томонидан “Ясоқ” жорий қилинган эди. “Ясоқ” қоидасига ким амал қилмаса, уни муқаррар ўлим кутарди. “Ясоқ” қоидаси Темучиннинг ҳамма юмушида амал қиларди. Тушунилиши осон бўлиш учун ов қилиш жараёнини олиб кўрамиз, Мирзо Улуғбекнинг ёзишича 20-30 кунлик жойдаги масофа қўшин томонидан буйруқ бўлиши билан ўраб олинади. Ҳудуд чор атрофдан “сиқиб” келинади. Мана “сиқиб келиш”да бирорта лашкар овни ёнидан ўтказиб юборса оғир жазоланган. Ҳатто ўлим жазоси олишга ҳукм қилинган. Марказга биринчи Хон кирган. У ов қилиб бўлгач, унинг яқинлари Шаҳзодалар, лашкар бошлиқлари ундан кейин сипоҳийлар марказга кириб ов қилишган. Бу жараён гўё жанг майдонидаги каби бўлганки, лашкар бу билан доимо жанговар ҳолатда турган. Қолаверса, лашкар жанг пайтида ҳеч эсанкираб қолмаган.
Найман қавмига қарши олиб борилган жангда Темучин шу усулдан фойдаланган.
Шу ерда биз Темучиннинг Найман қавмига қарши олиб борган жанг тафсилотлари баёнини кейинга қолдирайликда, яна бир қавм бошлиғи бўлган (подшоҳи) Ўнгхон билан олиб борган жангига тўхталайлик.
ЎНГХОННИНГ МАҒЛУБИЯТИ
Бир қанча қавмларни ўзига бўйсундирган Темучин энди Ўнгхонни ўзига тобе этиши, уни енгиб қавмини ўзига қўшиб олиши, шу билан ўз армиясини кучайтириши керак эди. У шу ўй билан яшар, унинг тажаввузкорона мақсадлари ҳали олдинда эди. Ўз авлодларини “нур”дан яралган деб билгани учун унинг наздида “нур” оламга ҳукмрон бўлиши керак эди. У ана шундай ёвуз, қотил “нур” эди.
Темучин учун Ўнгхон ҳар ҳолда, Найманхон даражасида бўлмасада, ҳавфли душманлардан эди. Айниқса, Темучин Ўнгхон ўғли Шингунни Найманхон устига қўшин тортиб боришга буюргандан кейин, ундан янада ҳадиксираб қолган эди. Шунинг учун аввал уни кейин Найманхонни йўқотмоқчи бўлади.
Шу вақтга келиб анча лашкари кучайиб қолган Темучин Ўнгхонга элчи юборади. Элчилар у ёққа бу ёққа борди-келди қиладилар. Учинчи бор Темучин таслим бўлиши тўғрисидаги нома билан яна элчи юборади. Ортидан ўзи лашкар тортиб боради. Унинг келаётганидан хабар топган Ўнгхон лашкарини йиғишга мажбур бўлди. Бу вақтда ўғли Шингун Найманхон билан жанг қилишга кетган эди.
Лашкар бир-бирига рўбарў бўлди. Темучин қонли кўзларини тикиб, анча олисда турган Ўнгхон қўшинини кузатаркан, бирдан ўзи ҳужумга қўшинини бошлади. Жангда Қорачор Нўён Ўнгхон билан қарама қарши бўлиб қолишди. У Ўнгхоннинг отига қарата ўқ узди. От йиқилди, Ўнгхон қулаб тушди. Чанг-тўзон ичида ёнидаги одамлар унга от олиб келишда. Қария зўрға отга миниб қочишга тутунди. Ўнгхоннинг қўшини кўп эди. Лекин шунга қарамасдан омад қонсираб турган Темучинга кулиб боққан эди. Аскарларни мағлуб қилган Темучин Ўнгхон юртини вайрон қилишга киришди. Одамларини эса қочган Ўнгхон ортидан қувишга буюрди. Улар хонни ўқ билан отиб ўлдиришди. Бошини кесиб, ўтов олдида ғолибона ўтирган Темучин олдига олиб келиб ташлашди. Бу ишни Тайонхон Найман одамлари амалга оширди. Ўнгхон ўғли эса бир қисм қўшин билан Тибет томонга қараб қочди. Йўл-йўлакай юртларни талаб, обод жойларни вайрон қилиб, шаҳарлар кулини кўкка совурган бўлди. Ўзи оқибат ўлим шарбатини ичди. Замон ана шундай эди. Қон ичган ғолиб эди. Давр ҳукмдорларга ҳам сут ичирарди, ҳам қон. Темучин ҳам замон етиштирган қонхўрлардан бири эди.
У Ўнгхон юртини вайрон этиб, халқни ўз лашкарларига талатиб бўлгач, айш-ишрат қилишга киришди. Бу вақтда у энди 49 ёшда эди.
Улуғбек Мирзо уни ўша давр талаби ва одатича мақтаган бўлиб, “Соҳибқиронни аъзам Темучин қоони муаззам”,-деб ёзар экан, у қилган ёвузликларини очиқ-ошкора айтиб ўтади. Бу ҳақда ҳали яна баён этамиз.
Ўнгхон егилди. Юрти вайрон қилинди. Бўйсунмаганлар ўлдирилди, хотин-қизлар, чол-кампирлар қул қилинди, йигит-эрлар таслим бўлганлари Темучинга навкар бўлди. Унинг лашкари янада кўпайди.
У ўзини бу ғалабалар боис бақувват сеза бошлаган Нўёнлар маслати ва шахсан ўз ташаббуси билан йиғин чақирди. Бу ишлар 49 ёшида бўлаётган эди. Ғолиб бўлаётган Темучиндан қўрқувга тушаётган, унинг қонхўр кўзидан, сариқ чеҳрасидан даҳшатга тушаётган қавмлар унга келиб ўз ихтиёрлари билан қўшила бошладилар. Чунки Темурчин ўша даврда ер юзи аҳли бошига юборилган Тангри Таолонинг қирғин балоси эди. Эллар Темучин десалар ўлимни кўз олдиларига келтирадиган бўлиб бормоқда эди.
Баҳор ўрталари эди. Кенг яйловларда ўтлар кўкариб, гуллай бошлаганди. Яйлов қушлари узоқ-узоқларда хонишлар қилишар, улар нур сочиб ҳар ёқни чароғон этиб илитаётган қуёшни олқишлашар, оламни мадҳ этиб борлиқни яратган Тангрига ўз тилларида ҳамду санолар айтишарди. Мана шу пайтда Темучин Найман деган жойда эди. У амалдорларини атрофига жам қилиб, устига алвон гилам тўшилган баланд тахтида ўтириб ишрат қиларди ва тобе бўлганларни қабул қилиш маросимини ўтказарди.
Тобе бўлган қавм сардорлари Темучин ўтирган тахт қаршисига келиб тиз чўкишар, ўрмалаб бориб, у босиб ўтирган гилам четини ўпишар, гўё Темучин оёқларини ўпишганидек бўларди. Икки ёнда (ўнг ва чап) қатор турган Қарочор Нўён бошлиқ амалдорлар, улар ортида тизилишган ясовуллар кузатиб туришарди. Шундан кейин Қарочор Нўён айтган тадбир бошланди. У Темучинга Ўнгхон устидан ғалаба қозонилгандан кейин:
— Ғалаба қозондик, энди жангда биз бирга бирга бўлган пешқадам жангчиларнинг каттадан кичигини бир дафтарга номини ёзиб, уларга мансаб, яъни қўшин бошлиғи, ёки қисм бошлиғи қилиб тайин этайлик,-деган эди. Шу иш амалга оширилди. Шу ёзиш жараёнида аварғор ва жавонғор яъни 12 қўр ҳосил бўлди. Аванғор – ўнг, жавоғар – чап қанот дейилди. Бу китобларда ёзилишича, Алинжаҳон замонида шаклланган. Қушларнинг осмонда учиши тартибидан олинганга ўхшаган бу тартиб асосан Темучин даврида юзага келди.
Амур Темур ва Бобур замонида у янада такомилига етди. 12 қўр ўнг ва чапдаги 12 тадан қисмдир. Уни белга боғланадиган белбоғга нисбат олиниб, 12 ўрам ҳам дейишган. Жангнинг тақдирини шу ўрамлар ҳал қилган. Шу тартибгача илгари қўшинларда саф тортиб юриш бўлмаган эди.. Бундан ташқари бу 12 қўрнинг жойлашиш тартибида ҳам маълум вазифалар бўлганки, уни ёзадиган бўлсак, ўқувчига малол келиб қолиши мумкин.
Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи” китобида ёзади: “Темучин турк авлоди подшоҳларининг шоҳи саодатли ғалаба йилида, ҳокимлар қатл этилган йили (ўша йил ҳижрий 594, милодий 1202 йил эди. Демак, Чигизхон (Темучин) ни 1152 йилда туғилган дейиш мумкин) шоҳлик тахтига чиқди”. У ўзини катта бир қўшин, мамлакат катталари жам бўлган бир фурсатда подшоҳ деб эълон қилади. Энди шунчаки қўшин бошлиғи, шунчаки хон хизматидаги ходим деб эмас, подшоҳ бўлган эди. Шунинг учун бутун бир мамлакатга (у қўлга киритган ҳудудлар) бутун бир элга, лашкарларига, амалдорларига Қарочор Нўён бошлиқ зиёфат бераётган эди. Аслида у ўзи бир фурсатлар Ўнгхоннинг лашкарбошиси эди.
Воқеа бундай эди. У ўн уч ёшидан бошлаб отасидан қолган юртни бошқарди. Аммо ёш ҳукмдорнинг атрофида фитначилар кўпайди. Оқибатда Темучин ҳукмдорлиги таназзулга юз тутди. У йигитлик ёшида бор будидан ажралди. Шундай бўлдики, кичкина бир қўшини билан Найманхонга қарши уруш қилди. Енгилди. Ўзи асирга тушиб зиндонга ташланди. Тўрт йил Найманхон зиндонида ётди. Зиндондан қочишга муваффақ бўлди. Қочиб Ўнгхон ҳузурига борди. Аввал оддий навкар бўлиб, сўнг тадбиркор, қўрқмаслиги боис лашкар бошлиғи даражасига етди.
Подшоҳлар тадбирли, қўрқмас кишилар боис муваффақиятга эришган. Ўнгхон ҳам Темучин хизматига келгач, душманларини мағлуб қилиб, уларнинг мол-мулкларини, ерларини, лашкарларини ўзиники қила бошлади. Бу борада у доим Темучин билан бамаслаҳат иш қилди. Шунингдек, Темучин ҳам у билан мақсад маслаҳатда бирга бўлди. Шундан у ҳам бойиб борди. Темучин Ўнгхон ҳузурида 18 йил хизмат қилди. Ўнгхон уни ўз фарзандидек кўрарди. Ботирлигидан хушнуд эди. Амирлари эса бундан ҳасад қила бошлашади. Улар ораларига нифоқ солиш мақсадида турли гап-сўзларни кўпайтиришарди. Уни ёмонлашарди. Жамуқа деган амир бор эди. У Темучиннинг ютуқларини кўраолмасди. У аста-аста Ўнгхон ўғли Шингун олдида уни ёмонлашга киришади.
— Темучин бир кунимас бир куни подшоҳликни олмоқчи. Буни унинг одамларидан билиб қолдим. Нияти бузуққа ўхшайди,-деди. Бундай гаплар кўп бўлди. Шингун отасига айтди. Отаси бунга ишонмаган бўлди. Ўғли айтган гапларни яқин амирларидан ҳам эшита бошлади:
— Ёсугайнинг ўғлига ишонмаслик керак. Қонида тахтга иштиёқ бор унинг. Бир кунмас, бир кун у мақсадига эришиши мумкин ва ҳакозо…
Бу гаплар Ўнгхонга таъсир этмай қолмади. У амирлари билан кенгашди. Улар Темучин ҳақида нимайки ёмон билсалар айтишди. Хон ҳузурида бўлган бу гапларни бир амир уйида хотинига айтади. Унинг икки ўғли бор эди. Бодай ва Қишлик номли. Йигитлар отаси ва онаси ўртасидаги гапларни эшитиб Темучиннинг тезда жазо топишини билиб қолишади. Қалба тоза йигитчалар чодир ташқарисида эшитган гапларини Темунчинга раҳми келганидан бориб унга айтадилар. Дили очиқ, кўнгли пок йигитчалардан бу гапларни эшитиб Темучин чуқур ўйга толиб қолади ва сирдоши Қорачор Нўён билан маслаҳат қилади. Қорачор Нўён:
— Ўзингга қарашли одамларинга айт. Чодирларни йиғиштиришсин. Тобеъларни мен уюштираман. Бир кечада бу ерларни тарк этамиз. Тарафдор лашкарларни бошқаришни йигитларингга тайинла-дейди. Улар тунда тоғ этакларига қараб кўчишади. Бундан Ўнгхон ғафлатда қолди. Эртаси воқеадан хабар топиб, тоғ ёнбарига лашкар тортиб боради. Чодирларга ҳужум уюштиради. Боришса, чодирларда ҳек ким йўқ. Чодирлар қуп-қуруқ. Ён-атроф ва бир кунлик масофадаги жойларнинг тит-питини чиқаришади. Йўқ. От туёқларининг излари тоғ тепаларига қараб кетган эди…
ТЕМУЧИН-ХОН
Кейинчалик Темучин ишлари юришиб, Қорачор Нўён тадбири билан ўз мавқеини тиклаб олгач, юқорида Темучинни Ўнгхон қасд қилганидан огоҳ этиб, ҳаётини сақлаб қолган икки йигитчани у Тархон деб эълон қилди. Ўша даврда Тархон шундай амалдор одам эдики, барча давлат солиқларидан озод эди, эркин, қайси лашкарда хизмат қилмасин, қандай ўлжани қўлга киритмасин, ҳеч ким ундан бир нарса олмасди, ҳоҳлаган вақтида у хон ҳузурига кира оларди. Агар тўққиз бор гуноҳ иш қилса кечиримлидир, бу нарса тўққиз авлодига ҳам тегишлидир. Шундай қилиб Темучин буйруғи билан Бодов ва Қишлик Тархон бўлган, улардан тархонлар тарқалди. Чиғатой улусидаги тархонлар Қишлик қавмидан. Кейинчалик улар ҳукуматни бошқаришда ҳам иштирок этдилар. Бухоро тархонлари ана шулар.
Шу воқеалардан кейин Темучин кучайиб борди. Ўнгхонни енгач, катта йиғин қилиб, ўзини подшоҳ деб эълон қилди. Орадан икки йил ўтиб, ўз авлодларини «нур»дан яралган деб айтган Темучин қурилтой чақирди.
Ўшанда у ўзини подшоҳ деб эълон қилган фурсат каби бир вақт эди. Тоғу тошларда гулу лолалар бўй кўрсатган эди. Чашма бўйлари, ўтлоқлар юзи гўзал қизлар юзи каби кўнгилларни ўзига тортар эди. Қисқаси, баҳор эди. Чодирлар атрофи ўт билан қопланган бу кўчманчи қавмлар елкасига офтоб тегиб, уларнинг мол ва йилқилар, энди баҳор қуёши тафтидан яйраб қолганди. Темучин буюрди:
— Оқ байроқ тикилсин. Энди сипоҳ зафар истайди. Шунга ҳозирлик зарур. Беш кундан сўнг тонгдан қурултойга йиғилишсин. Ҳарбий мусобақа ўтказилсин. Амалдорлар, шаҳзодалар, амирлар суюлғол (мол-мулк) билан тақдирланиб, соврун олишсинлар.
Фармони олийни олган ясовуллар тўрт томонга қараб от қўйдилар. Мақсад қурултой кунига ҳаммани жалб этиш, олис жойларда яшовчи амалдор ва сипоҳларни Темучин подшоҳ пойига келтириш, уларга таъзим қоидаларини бажартириш эди.
Улар етиб келгунча Темучин подшоҳ учун осмон ўпар тахт қурилди. Тахт ёнида тўққиз пояли баланд оқ туғни фалакка етгулик қилиб тикдилар. Оқ байроқ баҳор шамолида баландда ҳилпирай бошлади. У Темучин подшоҳ салобати эди.
Анжуманга келганлар мўғул элу улуси (ўша даврда ҳамма туркий қавмларни мўғул деб аташган. Ҳозир ҳам мўғул деб қарашлар йўқ эмас) оғаю ини, ота ва ўғил, кичигу катта мартабаларига қараб яйловдаги Темучиннинг кўчиб юрадиган саройи олдида 12 қўр бўлиб ўз ўринларига ўтиришди. Шу ўтириш асносида Темучин саройига қараб таъзимда бўлдилар. Бу фурсатда буғчилар буғ чалишар, (ҳайвон шоҳига ўхшаган мусиқа асбоби) яна бошқа мусиқалар — карнай, ноғоралар тиним билмай янграр эди. Издиҳом шундай кучайдики, ҳар томондан келиб, кўп одам йиғилганидан у кичкина машҳар кунига (қиёмат куни)ўхшарди. Аскарлар аванғор, жавонғор ва ғул бўлиб саф тортдилар. Бу бўлимлар даҳи (ўнлик) сада (юзлик) ҳазора (минглик) туман (ўн минглик) ҳозирги замон армиясидаги взвод, рота, батальон, полк, двизия деб номланган тартиб – ўша замонда Темучин тахтга ўтириб подшоҳ бўлган даврда ҳам бор эди. Бу нарса туркий саркардаларда қатъий жорий қилинган эди. Аскар ўз бўлимидан ҳеч ерга ўтаолмас эди. У бўлимни тарк этса, ёки хиёнат қилса, уни ўлим кутарди.
Издаҳомни бошқараётган ясовуллар халқни саф-саф қилиб ўтказди. Қўшиннинг саф тортиши, халқнинг саф-саф бўлиб туриши, карнай-сурнай, ноғора садолари, атрофда катта дош қозонларда қўй, эчки, мол этларининг бутун-бутун қайнатилиши бундан ташқари ташриф буюрганлар учун турли таомларнинг ҳозирланиши, ҳамма — ҳаммаси шоҳ томонидан қилиниб, шоҳнинг шону шавкати учун эди.
Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи” китобида баён қилишича, ўша даврда, ўша ҳудудда бир кекса киши бор эди. У қишин ёзин яланғоч, яланг оёқ юрарди. Унга изғиринли қиш ҳам, куйдирувчи ёз ҳам писанд эмас эди. Яланг оёқ, ялонғоч юргани юрган эди. Нурни худо деб қуёшга талпинувчи (сиғунувчи) мўғуллар уни “Тибб тангри” деб аташар, туркий қавмлар бўлса “Яланғоч ота” деб номлашарди.
Шу ўринда айтиб ўтсам яхши бўлса керак. Ёшлигимда онам раҳматли “Ялағоч ота”га эҳсон қилиб келай дерди-да, у бу олиб (гўшт, шакар, ун,ёғ) Андижоннинг Сойгузарига қараб кетарди. Бориб у одам қабри ёнида Қуръон тиловат қилиб, барча ўтган азизлар қатори унга ҳам бағишлар, олиб борганларини унинг “авлодлари”га бериб келарди. “Авлодлари” ўша ҳовлида яшарди. Қабри ҳам ўша ерда эди. Самон билан сувалган эди. Онам бориб келиб:
— Ялонғоч тўрамни йўқлаб келдим,-деб қўярди. Темучин яшаган паллада, у қурилтой чақирган жойда ҳам ўша Ялонғоч тўрамнинг бобокалонларидан бўлса керак-да, “Ялонғоч ота” бор эди.
Темучин қурилтойида пайдо бўлиб қолган тибб Тангри – Ялонғоч ота оғзидан чиққан ҳар бир сўз у айтиши билан воқеъ бўларди. Нафаси ўткир эди. Шуниси бор эдики, у ҳеч ким билан гаплашмас, аммо ўзига ўзи турли лаҳжаларда сўзлар, гоҳ йиғлар, гоҳ куларди. Қурилтой бошланаётган бир пайтда “оҳ” урганча қийқириб тўпланганлар ўртасида пайдо бўлиб қолди. Ўртада айланиб юриб ўзича нималарни деб, чапак уриб, рақсга тушар, одамлар рўпарасида тўхтади, сўз айтади, шу одатини давом этарди. Одамларни ўзига жалб қилиб турган пайтда кўчма нақшинкор сарой ичидан Темучин подшоҳ чиқиб келиб баланд тахтига кўтарила бошлади. “Ялонғоч ота” бирдан қийқира бошлади:
— Подшоҳ ҳазратлари Темучин!
Унинг Темучин? Деган қийқириғи оламни тутгандек бўлди. Ҳамма тахт тарафга қараб таъзим қилди. Бир лаҳза атрофни сукунат қоплаб олди. “Ялонғоч ота” қичқириб сўзлай бошлади.
— Кеча тунда ҳаққи Субҳана Таолло мени хабардор қилди. Бутун рўйи заминнинг борини Темучин подшоҳ ва унинг фарзандлари, ҳамда хешларига топширурмиз. Ер юзини унинг забуни қилурмиз. Барча улкан маликлар ва улуғ султонлар унга муте ва қарам бўладилар. Энди унга Чингизхон деб ном берилади. Чингизхон! Чингизхон!
Макони тоғ, юрар йўли боғ, ётар маскани дашту чўл бўлган Ялонғоч отанинг хитоби бори оғизларга кўчди. Ҳамма “Чингизхон!” деб қийқиришга тушди. Сипоҳ сардолари ва бори сипоҳ эса дудама ханжарларини қинидан суғуриб олишганча осмонга қараб силташар, “Чингизхон!” деб ҳайқиришарди. Бу ҳайқириқлар ўлимдан дарак эди. Оламни қон ҳиди, бўлиб ҳам инсонлар, бегуноҳ инсонлар қонининг ҳиди тутмоқда эди. Шунгача кўп қирғинларни кўрган одамзод олами галдаги қирғинга ҳозирлик кўрмоқда эди. Бу қирғинни Чингизхон лақабли Темучин ёвуз томонидан амалга оширилиши кутилмоқда эди.
Ялонғоч ота гоҳ йиғлар, гоҳ кулар, ўзини ҳар томонга ташлар, рақс тушаётганга ўхшар, у шу зайлда бориб ўзини тахт олдига ташлади. Уни ҳеч ким тўсмади. У ер ўпиб бошини сарак-сарак қилар, гоҳ йиғлар, гоҳ куларди. Йиғиси кулгусидан кўпроқ эди. У яна Темучинга қараб сўзлай бошлади:
— Айш аҳли косасига тупроқ ташлайсан, хашакларга ғазаб ўтини пуркайсан, Олам оёғинг остида ёнади. Энди сен шоҳлар шоҳидирсан! Чингизхонсан! Чингизхонсан!
У шу сўзларни айтди-да, бирдан ғойиб бўлди. Қаёққа кетди ҳеч ким билмади. Ҳеч ким уни суруштирмади. Фақат одамлар оғзида Чингизхон! Чингизон” сўзлари қолди. Бу сўз қўрқув эди. Бу сўз қирғин эди. Бу сўз ўлим эди. Кейинчалик халқ орасида – тирик қолган халқ орасида унинг катта ўғлига нисбат бериб, “Жўжи келди, Жўжи келди. Жўжи билан бўжи келди” каби сўзлар яралди. Чингизхон ана шундай бўжиларни оламга келтирган катта, бош бўжи эди.
Темучин Чингизхон номини олгач, қирғинларини бошлаб юборди. У қурултойда шоҳлар шоҳи унвонини олгач, бу номни исботлашга киришди. Дастлаб, бугунги ўқувчимизга нотаниш бўлган қавмлар устига юриш бошлаб уларнинг хонларини тиз чўктира бошлади. Одамларини ўлдириш, мол-мулкини талаш унинг асосий ишига айланди. Бу билан ўзи ҳам бойиб борди. У вазирлари, лашкар бошлиқлари, оддий сипоҳларигача бойитишга киришди. Остидаги учқур тулпор, лашкарлари минган шамолдек тез отлар унинг қўл остидагиларни ўзи бошлиқ доим жангга чорлаб турарди.
У аввал Мирзо Улуғбек ёзганидек, ён атрофидаги қавмларга қарши от сурди. Биринчи Найман қавми Найманхоннинг укаси Буйруқхон устига бостириб борди. Буйруқхон лашкарни озуқа билан таъминлаш учун уни ов қилдираётган эди. Буйруқхон ов майдонида катта бир чинор ёнида ўлдирилди. Калласи кесиб қопга солинди ва Чингизхон оёғи остига олиб бориб ташланди. Жияни Қушлукхон амакиси ғамида изтироблар торта торта Тангут қавмида юрган Тўхтабеки ёнига қочди. Иккиси топишиб беш-ўн навкарларини эргаштиришганча у ердан ҳам қочдилар. Чигизхон эса Тангутлар устига бостириб бориб қирғин қилди. Тангутлар ўлкаси бутунлай босиб олинди. Мол-мулк, чўпонлар, подалар қўлга киритилди. Асирлар эса кишанларга солинди. Қул бозорлари авж олди. Сипоҳилар асир олинган қулларини сотиш пайида бўлар, чўнтакларидаги ақчаларини кўпайтиришни ўйлашарди. Чингизхоннинг эса лашкари сони ортар, бойлиги кундан кунга зиёда бўлиб борарди. Айниқса, қирғиз, тангут қавми устига юриш қилгандан сўнг юриш қилгандан лашкари сони ортиб кетди. Чунки фақат жанг қилиб, бола-чақа боқадиган сипоҳлар унинг лашкар сафига келиб қўшила бошлади. Ўша даврда сипоҳ учун босқин – мол-мулк талаш асосий тирикчилик манбаи эди. Бу ҳол барча туркий қавмлар орасида бор бўлиб, айниқса қирғиз, тангут, мўғул қавмлари шундай кун кечиришарди. Босқин қилар, мол-мулк талар, аравасига ортиб ўтовига олиб келар, ўлса жангда ўлиб кетаверарди.
Чингизхон тангут, қирғиз, найманларни ўзига тобе қилгач, ўз жони омон қолишини ўйлаган бу қавм катталари унга соврун — совғалари билан таъзимга кела бошлашди. Барчалари тобе бўлишди. Энди Чингизхон босиб бориши керак бўлган қавмлар уйғот, қорлиғ, уйғур қавмлари эди. Чингизхон лашкари денгиздек тўлқинланиб мавжланиб кетган эди. Қаерга оқиб борса ўша ерни вайрон этар, бўйсунмаганларни тиғдан ўзказарди. Чингизхон улкан бедапояда беда ўришга киришган бир беда ўрувчига айланиб бораётган эди гўё. Ўроққа ҳали дуч келмаганлар омон қолар, қочишар, феруза осмон остида ям-яшил ер устида ўзларига ўлимдан омон қолиш учун паноҳ излашарди. Афсус, унинг иложи йўқ эди. Чингиз лашкари тинч яшашга иштиёқи баланд халқларни таъқиб этгани этган эди.
Бир минг икки юз еттинчи илон йилида шердил инсон Тўқтобегихон бутун лашкари ва эли билан Чингизхон томонидан бутунлай қириб ташланди. Бу қирғин — баротда чочлик (тошкентлик) камонсозлар ясаган камонлар Чингиз лашкарларига иш берди. Лашкар сипоҳийлари худди овга киришган овчилардек — болани, онани, отани, кампирни чолни, ёшу қарини, амалдору фуқарони, аскару сардор – ҳамма ҳаммани камондан ўқ отиб тутдек тўкди. Тўхтабегихон ҳудуди бўлган барча ерда тирик жондан асар қолмади. Ярадору қочганларни ҳисобга олинмаса жон зоти ўлим топганди. Чингизийларнинг яна галдаги жангги ҳам ана шундай даҳшатли бўлди.
Бу қирғиннинг даҳшати тафсилотлари яшин тезлигида атрофга тарқалди. Атрофдаги ҳукмронларни ваҳима боса бошлади. Уларнинг олдида “Нима қилиш керак?” деган муаммо пайдо бўлган эди.
Қарши турилса, нафақат черик, балки бутун раиият ҳам қирилади. Бегуноҳ бандаларнинг ўлими охиратда хоннинг ёқасидан олиши мумкинку. Яхшиси мулоҳаза йўлини тутиб, иш қилмоқ зарур.
ТАСЛИМ БЎЛИШ
Қирилиб кетишдан даҳшатга тушган қавмлар худди ирмоқлар бориб денгизга қуюлгани каби тўп-тўп бўлиб Чингизийларга қўшиларди. Қорлуғ қабиласи бошлиғи Арслонхон элини сақлаб қолиш мақсадида биринчи бўлиб босқинчи даргоҳига бош эгиб борди. “Эгилган бошни қилич кесмас” мақолига амал қилган Чингизхон уни яхши кутиб олди. Кейин дилғут, дайфур улуслари келди. Бир неча ўнлаб улусларнинг сардорлари совғаю соврунлар олиб худди илонлар ўз жонларини асраб қолиш учун аждарҳо комига судралиб борганларидек Чингизхон тамон судралиб келавердилар. Лашкару улуси билан бош эгаётганларни албатта Чингизхон қуруқ қўймади. Уларни совғалар билан сийлаган бўлди. Амалларини ўзларига қолдирди. Энг катта қавмлардан бири уйғурлар эди. Подшоҳи Идиқут эди. Идиқутнинг маъноси туркий-уйғур луғатида давлат соҳиби деганидир. У ҳам Чингизхонга келиб қўшилди. Жомуқо, солжуют, чуют, орлот, барлос, тойчуит, дўрмон, баҳрин, жалойир, цюшин, қўнғирот, тотор, қўнғон, жожирот, дарёту, қопкин, юргин, қўнғургин подшоҳлари ўз сипоҳлари билан келиб, Чингизхонга бош эгдилар.
Шу жараёнда уйғур Идиқут билан Чингизхон ўртасида қизиқ воқеалар бўлиб ўтди. Бу ҳақда кейинроқ баён этамиз. Ҳозирча кўпайиб борган сипоҳнинг сифати ва Чингизхон мулоҳазалари ҳақида тўхталсак. Чингизхон қўшини кўпайиб боргани сари унда шаклланиши зарур бўлган, сифат ҳақида ҳам бош қотирди. У қўшинда сафлар мустаҳкамлигини таъминлаш билан бирга инсоният тарихида содир бўлиб ўтган урушлар тажрибаларини ўрганишга киришди. Александр Македониский жорий қилган ҳарбий тартиб билан танишибгина қолмай ҳиндлар, эронийлар, суғдлар, бақтрийлар, византияликлар, хитойлар қўллаган усулларни бир-бир ўрганиб чиқди. Айланиб келиб мусулмон олами, хусусан Парвардигори Эгамнинг суюкли расули пайғамбаримиз Саллоллоҳи алайҳу вассаллам Муҳаммад Мустафо жаноблари қўшинда жорий қилган мустаҳкам интизом яъни ҳар бир жангчи ўзининг жанговар сафдаги ўрнини яхши билиш қоидаси унга маъқул келди. Бу ҳарбий назария унга ёқди.
Чингизхонга мусулмон жангчиларининг ўқ отиш, қилич солиш, тўқмоқ урушдаги тезликлари ёққан эди. Бу машқ қилиш билан шаклланарди, албатта. Мусулмон қўшинларида дала шифогоҳлари ҳам бўлган эди. Бунда қисмда хизмат қилувчи табиблар ярадорларга қарашган. Ярадордарни даволаб, сафга қўшишган. Чингизхон буни хуш кўрмади-да, “ярадор жангчи жангга ярамаса, ўлим билан сийлансин”, деб ҳукм қилди. Аммо, жангчи жангдан сўнг истаганча ўлжа олиш ҳуқуқи берилди.
У жанг пайтида жангчи албатта эга бўлиши керак бўлган иккитадан камон, ўттизтадан камон ўқи, қалқон, совут (бу кўпроқ қўшин бошлиғида бўлиши мажбурий эди) қилич, тўқмоқ, ханжарга эга бўлишига ҳам эътибор берди. Бундан ташқари ҳарбий қисмда агар жангчи қоидани бузса, ўлим жазоси берилишини қатъий қилиб белгилаб қўйди. Ўлим жазоси фақат жангчига эмас эди, масалан: ўнликда бир жанчига ўлим жазоси берилса, бу жазо ўн жангчига тегишли бўларди. Бир жангчи хатоси учун ўн жангчи ўлдирилган, керак бўлса эллик жангчи, юз жангчи ўлдирилган. Бундай жазони қўллаш, қўшинда қаттиқ тартиб бўлишига олиб келган.
Ўшанда баҳор эди. Чўлларда ўт-ўланлар ўсган. Жониворлар тириклик куйида ҳаракатда. Чингизхон олдинда бораётган айғоқчи гуруҳ келтирган маълумотларни мулоҳаза қилиб бораркан, бирдан осмони фалакда қора қузғунларнинг айланиб уча бошлаётганига кўзи тушиб қолди. Отини таққа тўхтатди. Ортида ундан йигирма қадам фарқи билан келаётган қўриқчи ҳам тек қотди. Бир зум даштдаги отлар туёғидан ҳосил бўлаётган шитирлашлар тинди. У сариқ яполдош юзини осмонга қаратганча, қонли кўзларини қузғунлардан узмай қолди. Қузғунлар галаси шувуллаган товуш чиқаришиб, чарх уришарди. Уларнинг ваҳимали қағ-қағлари ўтлар ичида юрган ўлжарига даҳшат солар, қузғунлар айланиш ижараёни ихчамлашиб борар, улар ҳосил қилган доира торайгани торайган эди. Улар катта тезликда, ерга шўнғиди ва қисқа вақт ичида ўлжалари тит-питини чиқариб ташлашди. Чингизхон бу манзарадан хулоса чиқариб, жангда ҳам шундай қилиш зарурлигини тушуниб етди. Ўзи душман устига бостириб борганда жангчилари шундай қилишини ҳоҳлади. Ов пайтида ортирилган тажриба ҳам иш берарди. Жангчилари тез эди. Худди қузғунлардек ҳаракт билан саф тортиб кетаётган сипоҳ бирдан ҳалқага айланар, тўдалашиб қолган душман атрофида от ўйинини ҳосил қиларди. Гир айланаверар, айланаверарди. Отлиқлар елдай учиб юриб, камондан ўқ отишни тўхтатишмас, ўқ албатта нишонга тегар, хато кетмасди. Жангчиларнинг даҳшатли қийқириқлари, қузғунлар қағ-қағидек ваҳимали эди. Бу қувди-қувди узлуксиз давом этарди. Чарчашга ўрин йўқ эди. Ёғийни йўқ қилиш фавқулотда узоққа чўзиладиган бўлса, чарчаганлар ўрнини босадиган қисмлар доим шай эди. Душманнинг тинкаси қуридими, шу етарли эди. У батамом қириб ташланарди. Таслим ишораси бўлгандигина улар асирга олинар, улар қулга айланишарди.
Чингизхон қўшини мисоли қуюн эди. Вайрон қилувчи бу қуюн олдинда намайки дуч келса, у тирик ўлик бўлишига қарамай, янчиб ташланар, унга улкан қалъалар, обод шаҳарлар писанд эмас эди. У ўтган манзилда фақат ер саҳни уза бир неча асрларга етгулик ўчмас бир доғ қоларди халос.
Давоми бор.