Темур Пўлатов, Шерзод Комил Халил
Одам Атонинг охирги авлоди
(қисса)
«Одам Атонинг охирги авлоди» қиссаси ҳақида
Устоз Темур Пўлатов ва таниқли ёзувчи Шерзод Комил Халил ҳамкорликда ёзган «Одам Атонинг охирги авлоди» қиссасини ўқиб чиқдим.
Асарда гап йўқолиб бораётган миллатлар, элатлар ҳақида кетсада, ўз халқи келажагидан ҳавотирга тушаётган, ташвишланаётган инсон юрагининг қонталаш жарохатларини кўргандай бўлдим.
«Одам Атонинг охирги авлоди» асарини ўқир экан, ўқувчи арктика томонларда, тундрада яшовчи Карель, Чукча, Эвенк, Коряк, Водь, Ижор халқлари ҳақида антропологик маълумотга эга бўлади ва уларнинг йўқолиб бораётгани ҳақида ўқиб, қайғули хаёлларга ботади.
Бу қиссани ҳеч иккиланмай санъат асари дея баҳолаш мумкин. Асарнинг тили туйғули ва равон. Қийналмай, бир нафасда ўқиб қўясиз гўё.
Одатда, ўқигувчи тирик асар мутолаасига киришар экан, уни тез тугаб қолишидан қўрқиб ўқийди. Ўқиб бўлиб, асар тасирида бир хафтагача ўзига келолмай юради.
Ўша бадиий асар қаҳрамонлари билан бирга яшаб ўтган виртуал ҳаётини қўмсайди, асар қаҳрамонларини ўзининг энг яқин дўстларини соғингандай соғинади.
Бошқа халқларни тобе қилиш мақсадида, уларнинг хат- саводли зиёлийларини қувғин қилиб, қамаб, ўлдириб, яшаш жойларининг тарихий номларини ўзлари истагандай ўзгартириб, у халқларнинг миллий маданияти, тили ва имлосини, зехнияти, тарихий ҳотирасини барбод қиладиган империалистик лойихалар ижроси асарда ҳаётий акс этдирилган.
Адабий қаҳрамонлар тирикдай.
Асарни ўқиган одам, худди ўша майда, йўқолиб бораётган элатлар каби Ўрта Осиё халқларини гоҳ араб имлосидан кирилл ёзувига, гоҳ кириллдан лотин имлосига ўтказиш орқали тентиратиб, кекса ва ўрта авлод вакиллари билан кенжа авлод ўртасида чуқур жарлик хосил қилиш, саводсизлаштириш, у халқларни ичкилик, гиёхвандлик, қимор, ва ахлоқий бузуқлик гирдобига отиб, шу йўл билан тараққиётдан тўсиш сиёсати ҳали ҳануз жадал давом этдирилаётгани ҳақида қайғу билан ўйлай бошлайди.
Айниқса, Ижор миллатининг фидоий фарзанди, Ленинград Университетида таълим олган, ўз халқи тарихидан бохабар, ўзининг ўқитувчилик фаолияти давомида ёш ижорларнинг сиёсий онгини юксалтириб кўзини очаётгани учун ноҳақ қамоққа олинган, сталин қатағонига учраган зиёлий Микола Партаненнинг бир ижор болани қутқариб қоламан дея денгизга ғарқ бўлган ҳолати шундай маҳорат билан акс этдирилганки, ўқувчи ўша адабий қаҳрамонга, худди ўз яқинига ачингандай ачинади.
Бу бадиий асар тарихий илдизларидан, миллий маданияти, урф одатларидан, имлосидан, ҳотирасидан ва зиёлийларидан жудо қилинган, миллат сифатида йўқолиб бораётган халқларга қилинаётган зулм, миллий фожия, фалокат ҳақида хабар бериб, инсоният боши узра ташвишли жаранглаётган бир бахайбат ёнғин қўнғироғини эслатди менга.Холдор Вулқон
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси24-08-2024.
Кеч соат 6:25.
Канада, Онтарио.
Одам Атонинг охирги авлоди
(қисса)
Биринчи қисм
I
Тўлқинлар балиқчилар қишлоғидаги соҳилдан майда мавжлар ҳосил қилиб ортга қайтиши биланоқ, бакланлар муздек совуқ оқимлар устида доира чизиб, майда балиқларни нишонга олганча, ғалати хоч шаклидаги фигуралар ҳосил қилиб, бир майлда сузиб ўта бошлашди. Батаҳқиқ, бунинг ортидан оқчорлоқларнинг жазавали чинқириқлари бўй кўрсатди. Бироқ айни ов пайтида бу денгиз йиртқичларини причалга тақалиб келган моторли қайиқнинг шовқини чўчитиб юборди. Доим кулиб юрадиган, очиқ чеҳрали, ўрта ёш қайиқчи — ёғли нерпа терисидан ишланган мўйнали телпагига қараганда, маҳаллий аҳолидан бўлиб, у қишлоқдошларини Кингисеп портига олиб бориб, яна қайтариб Николинога олиб келиб қўядиган ва шунинг ортидан тирикчилик қиладиган ижорлардан эди.
Бардошни синовчи икки соатлик йўлда ёлғиз ўзи келган йўловчига қайиқчи майин қумли қия соҳилга чиқишига ёрдам бермоқчи бўлиб, унга қўлини узатди, лекин нотаниш одам унинг бу имо-ишорасини сезмагандек, хушнудлик билан ўзини қирқоққа отди.
Бутун сув йўли давомида маъюс ва жим келган меҳмон қайиқчига бир оғиз ҳам гап қўшмади. У ўткир калхат тумшуғидек кўринадиган бурнини плашининг ёқасига кўмиб ўтирар, фақат вақти-вақти билан қўлидаги портфелига қараб қўярди. Худдики, у бирор матнни ёд олаётгандек, ингичка ва қонсиз лабларини беўхшов қимирлатиб, бармоқлари орасида бир неча қоғозларни сиқиб ўтирарди. Денгиз сатҳи бўйлаб бу каби саёҳатларни юзлаб маротаба ўтказадиган қизиқувчан ва бажонидил суҳбатдош бўлишга одатда раъй кўрсатадиган қайиқчи ҳам негадир бу жиддий сайёҳга биринчи бўлиб гап қўшишни ўзига эп кўрмай, бу мўнғир сувлиқ бўйлаб оғир сукут ичра келди. Шунга қарамай уни бир тахмин қийнарди: бу кенг елкали, йўғон бўйин, катта қиррали шляпа кийган тасодифий саёҳатчи ким, алоҳа ҳозирда Ленинградда мода ишқибозлари иттифоқо шундай кийинишади, аммо уни Николинога қандай шошилинч иш чорлаган бўлиши мумкин?
Қарангки, улар кўк бўшлиғининг зич қўрғошин булутлари остида уюр-уюр тўлқинли совуқ сувлар бўйлаб жим сузиб келишди, худдики, атроф-жавонибдаги чуқурликлар остида, яқинлашиб келаётган бўроннинг нафаси янглиғ сукунли эди бу жимлик. Бу сукут хобгоҳи узра баъзида булутлар орасида пайдо бўладиган бўшлиқда қуёш Колбино қишлоғи уйларининг томлари устидан ошиб ўтиб, зариф нурларини денгизга сочар, Ижора заводининг* пўртаҳол рангли ифлос чиқиндилари эса Ижора дарёси орқали денгизга қўшилиб кетарди. Мазутли суюқликнинг қуюқ ёғли доғлари бўронида сузиб ўтаётган — ёғоч ғўлалари, сув ўтлари билан қопланган қутилар, гўё денгиз тубидан чиқиб келаётган қароқчиларнинг хазина билан тўлдирилган сандиқлари каби маҳаллий ўғил болаларни тасаввурини ҳаёжонга соларди. Ўйноқи оқимлар бу заҳаролуд доғларни қайиқ юзасига елпир ва ҳар сафар қайиқчи бу каби бегона ашқол-дашқоллар билан тўқнашмаслик учун қайиқни ҳайдашда, мўъжизавий ҳаракатларни амалга оширишга тўғри келарди.
Соҳилга чиқиб олган нотаниш одам, қисқа, бўғиқ овозда сўради:
— Биродар, раҳбариятга кимга учрашса бўлади?
— Мерконга.., — шоша-пиша жавоб қилди қайиқчи. — У ҳам мактаб директори, ҳам қишлоқ совети раиси бизга…
— Ҳа, яхши жойини топган экан,- жавоб қилди сирли меҳмон бироз жилмайиб. — Мен ҳам яхши жойга келдим.
У ҳақ эди. Негаки унинг бир қанча сафдошлари поезд билан узоқ шимолга — чукчалар, коряклар, юкогирлар яшайдиган ерларга кетганди, у каби омади чопганлар эса яқин шимолга — ижорлар, кареллар, водлар яшайдиган жойларга юборилганди…
— Жаноб, бу тошлар орасидан мен сизга йўл бошлаб боришим мумкин… У шу йўлдан борилаверса, чап томондан шифер билан қопланган бешинчи уйда туради, эшиги устида байроқ илинган… Сизга кўрсатайми?
— Раҳмат, шарт эмас… Мен ўзим топиб бораман, — деди меҳмон ўзининг келишини беркитишга саъй кўрсатиб, сирли оҳангда.
— Биласизми… Мен ҳам кулбамга, шу йўлдан кетаман аммо ортга қайтишим бор. Қайноғамнинг хотинини саккиз ойлик ҳомиласи бор, мен уни Кингисеп туғруқхонасига элтиб қўйишим лозим. Илгари ҳам икки марта ҳомиладор бўлганда, бу балиқчи аёлни туғруқхонага элтиб қўйганман.
Нотаниш одам хайрлашиш учун унга қўл силкиб жўнаб қолди, гўё байроқ осилган бинога олиб борадиган йўлни, ундан кўра яхши биладигандек қатъий ва шахдам қадам ташлаб борарди у.
II
Бу орада, бир кун олдин Халқ таълими комиссарлигининг амалдори келиши ҳақида хабар топган етмиш ёшли, сочлари оқарган, кўринишидан хушмуомила ва камтарин кўринадиган Меркон эрта тонгдан бери, кулранг сув юзасига осилиб қолган булутли кўк этагига боққанча, икки марта уйдан чиқиб йўл қаради. У мактабга кетаётиб, ўт ўчирувчилар минорасида — бу жойдан бутун қишлоқ кафтдек кўриниб турарди — қўриқчи бўлиб ярим иш кунида ишлайдиган Айнага причалдан нотаниш одам кўриниши билан ёнғин қўнғироғини одамлар қўрқиб, кулбаларидан югуриб чиқмайдиган тарзда оҳиста ва уйғун тарзда чалишни тайинлади: — Ёнғин, ўзингизни қутқаринг, деб қичқириш шарт эмас…
Мактабга келганидан кейин ҳам йўлаклар бўйлаб ҳаёжонланиб, югургулаб юрган Мекрон шахсан ишонч ҳосил қилиш учун биринчи ва иккинчи синфларнинг бўм-бўш синфхоналарига қараб: ҳамма нарса тартибга солинганми-йўқми деб кезинар, ўт ўчирувчи минорасидан чалинган бўғиқ қўнғироқни эшитмай қолдиммикан, деб хавотирланар, меҳмон қоровул минорасидан кўзга ташланмай айланма йўллардан келаётгану буни Айна пайқамай қолдимикан, деб юрагига ғулғула тушарди, бу ҳол бежизга эмаслигини директор ва амалдор мактаб остонасида юзма-юз тўқнашиб қолганида, ҳаммаси маълум бўлди.
Мекрон аввалига бир оғиз ҳам миқ этолмади, саросимага тушиб, елкасини қисиб қўйди:
— Ўртоқ Кочубей Иван Матвеевич… хуш келибсиз, — дея меҳмонга қўлини чўзди у ва унга портфелини кўтаришга ёрдам бермоқчи бўлди, бироқ меҳмон туйқусдан қилинган бу ҳаракатдан ажабланиб, оғир хўрсинганча, сумкани орқасига яширди. Одатда феъл-атвори бўйича камгап бўлган Мекрон ўзини оқламоқчи бўлиб, мактаб йўлаги бўйлаб, меҳмонни ёнидан юриб, шоша-пиша гапира бошлади.
— Ҳа… мактабимиз сокин ва шинамгина… лекин буни сиз таътилга йўйманг… ҳозир бизда фақат битта бошланғич синф ўқийди… йигирма бир ўқувчи… икки қиз… — у мавзуни оғриқли нуқталарга бурди, аммо ўйлаб қолди, дарҳол масалани шундай гапларга буриш тўғримикан?.. Меҳмон Николинодаги ягона мактабни таъмирлашга ёрдам берадими, ё илгари халқ таълимидан келган ўртоқлар сингари кўру-карга айланадими?..
У афсус билан сўзида давом этди: — Бундан йигирма йил олдин ўқувчиларининг шовқин-суронидан икки қаватли бу мактаб биноси ларзага келарди… ўша пайтлар оддий ўқитувчи эдим… иккита фандан дарс ўтардим: биология ва физикадан… Ом қонунига ўхшаган қонуниятларни болаларга ўргатардим..
Унинг Ом қонунига инспектор олдида беихтиёр мурожаат қилишини сабаби, мактаб ҳаёти Николино аҳолиси учун маънавий ва интеллектуал маёқ бўлган ажойиб йиллар бўлганлигини, шу билан бирга Мекроннинг қайтариб бўлмас даражада йўқотилган ёшлигининг меҳнат ила дам олишсиз ўтган кунларидан сўзлаб беришга иштиёқмандлиги билан боғлиқ эди.
Меҳмон йўл-йўлакай қорайган шифтни, узоқ вақтдан бери оқланмаган, уста қўли тегмаган деворларни, эсдан чиққан барча нарсаларни синчковлик билан кўздан кечирди.
Эндиликда чарчаган, лоқайд амалдорнинг қизиқишини яна қайта қозониш мақсадида Мекрон тинмай вайсарди:
— Илк хўрозлар қичқириши билан ўртоқ Кочубей, темирчининг ўғли Ерромни, сизни ҳурмат-эҳтиром билан причалдаёқ кутиб олишга юборгандим. Қарангки, у сизни учратмабди, таъассуф… Ерромнинг тўғри йўлдан эмас, айланма йўлдан спиртли ичимлик сотувчи дўкон ёнидан ўтадиган одати бор… У буни хотинидан яшириб юради… Лекин унинг аёли бўлган бизни Айна, ўт ўчирувчиларнинг қўриқчи минорасида ишлайди, у барибир ҳаммасини кўради…
— Дўкон ёнидаги айланма йўлдан келдим мен… Лекин сизнинг Ерромингизни йўлда учратмадим, — деди Кочубей бўғиқ оҳангда тор йўлакда нафаси тиқилиб.
Директор меҳмон учун ҳозирланган кабинет эшигини очгунча, амалдор яна бир мунча вақт сокин, бўм-бўш синфхоналарга кўз югуртирди.
Ичкарига киришгач, инспектор директор рўпарасидаги ўриндиққа оғир чўкди, коридордагидек ўтроқ ва турғун ҳид билан қопланган кабинетга лоқайдлик билан қаради. Унниққан стол, сарғара бошлаган қоғозлар билан тўлдирилган иккита шкаф, стуллар ўрнига эса, маҳаллий дурадгорлар ясаган қўлбола ўриндиқлар унинг энсасини қотирди. Маориф халқ комиссарлигининг ходими алоҳа энди Мекронга диққат билан қош чимириб, бўз кўзларини тикиб, унга ўзича баҳо берди, иттифоқо, Мекрон ҳам ўз ҳаётида туман даражасидан пойтахт даражасигача текширувга келганларни кўраверганидан, бу оддий ва аста-секинлик билан ўлиб бораётган қишлоқда, яна бир инспекторни келиши бу ерларнинг на одатий ҳаёт ритмига, на мактабнинг аянчли аҳволини жилла ўзгартиришига ишонмасди, шунинг учун у: бу ҳам бизга ҳеч қандай ёрдам бермайди, деган хулосани хаёлидан ўтказди.
— Сизга расман ўртоқ Мекронов деб мурожаат қилсам бўладими? Шу таклифга нима дейсиз?.. Комиссарият ҳисоботида ёзаман ҳаммасини…
Мезбон бундай кутилмаган таклифдан бироз ҳайратга тушди.
— Майли, агар сизга шу қулай бўлса, — ғўлдиради Мекрон, ғазабини ичга ютиб, бошини қуйи тушираркан.
Суҳбатдошининг саросимаси ва ҳатто норозилигини пайқаган инспектор юзаки тушунтириш берди:
— Сизга Ленинграддан хабар беришган бўлса керак… Комиссарлик бўлимига маҳаллий халқларни ўқитиш ва уларга маърифат улашиш вазифаси юклатилган. Мен яқиндагина Чукчалар, Эвенклар яшайдиган тундрадан қайтдим, бизнинг шарофатимиз билан илгари алифбо ва ёзувга эга бўлмаган коряклар иш юритишда лотин алифбосини муваффаққиятли ўзлаштирмоқда… Қолаверса у ерда асл исм — шарифларни ягона кирилл стандартлари бўйича номлаш учун ажойиб ишлар амалга оширилди.
Кочубей ибратли суҳбатни ўта расмий ва зерикарли бошлади. — Масалан, маҳаллий мактаб директори Ритхэу фамилиясини Ритхаевга алмаштирди… Партия котиби Северпушнина Юванга эса Иванов фамилияси ёзилган совет паспорти топширилди… Фарқни ҳис қилаяпсизми? Бир сўз билан айтганда, уларга Қизил байроқни топшириб, ортга бой таъассуротлар билан қайтдим…
Директор меҳмоннинг қуруқ ҳисоботини баъзур тинглаб, ўзини боса олмасди: «Мекронов бўламанми, энди… Менинг ота-боболарим етти пуштигача ижорча исм-шарифда юришган бўлса, менга келганда, бу анъана бузиладими?..»
Номидан ажралаёзган Мекрон авлодининг сўнги вакили эканлигини хаёл пучмоқларидан ўтказиб, хўрликдан эзиларкан, бундан қутилиш учун бирдан ўзини қишлоқ советининг раиси ва депутати эканлигининг маъсулиятини ҳис қилиб, бообрў оҳангда узилган суҳбатига қайтди. У меҳмонни соҳилда кутиб олиш учун юборган Ерром ҳақида баъзи қўшимчаларни инспекторга билдириб қўйишни жоиз деб топди:
— Қарилик қурсин, менга ишониб топширилган вазифани мана шу нопок, ичкиликбоз Ерромга ишониб, сизнинг олдингизда бу куйга тушганимдан хижолатдаман. Мен уни жамоат тартибини бузгани учун жаримага тортишим мумкин… Қирғийкўз Онуфри ота мастлар ҳақида айтганидек, ичкиликбозлар ҳам ибодатхона олдида тиланчилик қиладиган черков каламушлари билан бир хилдир… Мен темирчи Онуфрига айтаман, Ерромни тўрини ҳам, қайиғини ҳам бермайди, унга кечки овқатга балиқ ҳам йўқ, отаси уни телбаларча яхши кўрса ҳам талабимни сўзсиз бажаради, гарчи у меросхўри сифатида унга ачинса ҳам… Отани тушуниш мумкин, ахир у ота-да…
— Ҳаммаси тушунарли ўртоқ, — деди Кочубей, — халқ ўзи ҳам билмаган ҳолда, ўлгудек ичиб юрибди… худди Чукчалар, Эвенклар ва бошқа шимол қабилалари каби… лекин Комиссариятда уларнинг тилини, урф-одатларини, турмуш-тарзини сақлаб қолиш учун Сталиннинг оталарча ғамхўрлиги остида ишлаб чиқилган кенг дастур бор. Майли, келинг энди, асосий масалага ўтайлик.
Жойларда «Ишга киришинг!» деган аввалдан билдирилаган огоҳлик чақириғи туфайли, қишлоқ оқсоқоли ва мактаб директори бўлган Мекрон, кўп нарсага инспектор келмасдан анча илгари тайёргарлик кўриб юрганди. У оғзини карракдай очиб, ўртоқ Кочубей қайси масалани қаттиқ талаб қилиши мумкинлигини ўзича чамалади. Бироқ Кочубей кутилмаганда, шкаф эшигини очиб, қўлини айиқ тасвири туширилган иккита қизил ва битти кўк чизиқли ёғочдан ишланган қадаҳга узатгач, ҳаммаси тезда ҳал бўлди. Кочубей қадаҳдаги ижор тилида ёзилган ёзувни ўқишга тиришди. Директор енгил хўрсиниб, ўқишга ёрдамлашди: «Ижор миллий ўйинларида ғолиб чиққан мактаб жамоасига. 1923 йил.»
— Йигирма учинчи, — Кочубей ҳеч қандай ҳаёжонсиз олис йил номини такрорлади. — Ўн етти йил олдин… Бундай чоғда халқ эртакларида айтилганидек, «нўхот подшо даврида» деган маталлар ёдга тушади негадир.
Аммо бу узоқ сана директорнинг қалбида жуда кўп ҳаёжонли ҳиссиётларни уйғотди:
— Ҳа, ўртоқ инспектор… бир пайтлар… ўқитувчиларнинг бутун жамоаси, ўрта мактабнинг биринчидан ўнинчигача синфлари бор вақтлар эди… Мен ўша йили директор этиб тайинланганман.
…Бизнинг Николинода ўшанда бир минг етти юзта сайловчи бўлиб, уч юз хонадон яшарди, ҳамма соғ-саломат эди, онгли, ҳушёр ёшлар сафи ўсиб борарди… — Мекрон бирдан давлат амалдори билан тил топишиб, чиқишиб кетди. — Ҳар баҳорда ижорларимиз бир-икки марта «Доира» ўйинида йиғилиб туришарди… Кексаю ёш завқланарди… қувноқ ҳайқиришарди.
— Қанақа завқ? Бу мактаб ўқув дастурида борми? — директорни хотираларини узиб қўйди Кочубей.
— Йўқ, лекин бу керак… болаларча эпчиллик, ўткир кўз керак бу ўйинда, ақл-заковат ривожланади, — Мекрон камдан-кам қолган тишларини кўрсатиб кулиб қўйди, — кекса ҳам, ёш ҳам бир даврада йиғилади. Ўйинбошининг қўлида қайин пўстлоғидан ясалган халқа бўлади. Иштирокчилар доира бўлиб, таёқ тутиб туришади… Мана шундай, — муштини қисиб қўлини кўтариб кўрсатиб бермоқчи бўлди у, худди бу ўйинни ўзи ўйнаётгандек гўё. Ўйинбоши таёқ тутиб турганлардан истаган бирини нишонга олиб, халқани ташлайди. Халқа кимнинг таёғига илинса, у шарт бажариши керак бўлади. Атрофдагилар қийқирадилар, ўйинбошининг кўзларида қувонч порлайди. Ўйин қоидасига кўра, халқа таёғига илинган кишига, ўйинбоши масалан, хўроз каби қичқиришни буюради, у тонгда товуқхонадан қичқирадиган ҳақиқий хўрознинг овозига ўхшаб қичқириши шарт… Қу-қу-қу-қуқ… Кулгу ва ачиниш, ҳаммаси шу нигоҳларда зуҳур этади. Агар шартни бажарувчи ҳаммасини қойилмақом уддаласа, у ўйинбошига айланади, халқа отиш ва шарт қўйиш унинг чекига ўтади. Акс ҳолда у доирани тарк этади, ўйинбоши навбатдаги қуръада, яна бошқа издошни танлайди, бу сафар у қўйга ўхшаб маърашни, кейинги сафарда эса, қарғадек қағиллашни сўраши мумкин…
Меҳмон қизиқиб сўради:
— Таёғига халқа тушган одам хўроз бўлиб қичқирмаса-чи? У қичқиришдан бош тортса нима бўлади?
— Ўйинга қўшилган одам шартни бажаришга мажбур, акс ҳолда, унинг устидан одамлар кулади, ҳар ҳолда бундан у хурсанд бўлмайди.
— Кекса чолларнинг ўйин-кулгулари экан-да, ҳаммаси. Ёшларга буни ўргатиш керак эмас, — бармоғини ниқтаб тушунтирди меҳмон. — Бунинг ўрнига мактаб ўқувчилари учун совринига рангли ҳошияли диплом бериладиган қўшиқлар танловини ташкиллаштириш керак, масалан: «Биз бахтли мамлакат пионерларимиз!» мавзусида.
Директорнинг хаёлидан оғир вазиятдан усталик билан чиқиш учун кутилмаганда қувноқ фикр лоп этиб ўтди:
— Бу ўйинлар бир минг тўққиз юз ўттизинчи йилларнинг гапи ахир.
Меҳмон унинг гапларини маъқуллади:
— Бу гапингиз ҳам тўғри, ҳатто пойтахтдан олисда, тундра бўйлаб буғуларда кезиб юрадиган чукчалар ҳам, аллақачон янги замоннинг нафасини ҳис қилиб, янги завқлардан ҳузурланмоқдалар. Масалан, улар музлатилган морж жигарини ейишдан баҳслашмоқдалар, — у гап оҳанги бошқа ўзанга ўзгариб кетаётганини англаб, суҳбат мавзусини беихтиёр тўхтатди.
— Биз беҳуда, бекорчи мавзулар ҳақида гаплашаяпмиз, ҳолбуки, мени вақтим кам… Ўзи бир кунга келганман, ҳатто соқол олиш ва тишларни тозалаш учун ҳеч нарса олмадим, қиладиган ишлар эса кўп, эҳ-ҳе, ҳали биз қумли Осиёда яшайдиган қорақалпоқларгача етиб боришимиз керак. У ёқдаги саводхонлар ҳалигача на араб, на лотин алифбосини танлолмай сарсон… Уларнинг исмлари ҳам жуда ғалати, жуфт-жуфт: Содиқни — Содиқ ўғли, Бердини — Худой-Берди ва ҳакозо шаклда айтишади. Иш юритишдаги статистик чалкашликлар кўп уларда…
У портфелига қараб, жаҳл билан рементини тортиб, маҳкам боғлади: — Менга энг муҳим ҳужжат папкаларини кўрсатинг, ўқитувчиларнинг тажриба алмашиш ва малака ошириш ишларини, мактаб эҳтиёжларига оид ҳужжатлар ҳамма-ҳаммаси керак…
Бироқ улар юзма-юз столга ўтиришлари билан эшик таққиллади. Кўзлари карашмали, пешонаси аро оқиш сочлари гажим-гажим бўлиб тушган ёш аёл хонага кўз югуртирди.
Меҳмон уни томоғигача маҳкамланган рангин нейлон кўйлакда эканини пайқади.
— Депутат қабулини бекор қиласизми, ёки бошқа режангиз борми? — сўради у мўраларкан.
— Кўрмайсизми, менинг ҳам шундай қабулларим бор, ўртоқ инспектор, — деди идора эгаси саросимага тушиб, — бекор қилишим керак… Учрашувга қанча одам келган?
— Ҳозирча бир киши… — деди аёл меҳмонга диққат билан тикилиб. — Ларин момо… Йиғлаб ўтирибди…
— Йиғламасин, жаҳлини боссин… Билинг-чи, нега келган? Кейин менга хабар қиласиз…
— У қайиқда ўзини Кингисепп касалхонасига олиб боришни сўрайди… Ухлолмаётган экан, овқат емаяпти ҳатто, қорин оғриғидан азоб чекмоқда.
— Бу жиддий ҳолат, — жавоб олди аёл. — Менинг номимдан Филатонга айтинг, уни зудлик билан олиб кетсин…
Эшик ёпилиши билан Кочубей сўради:
— Филатон… Мени олиб келган қайиқчими?
— Айнан ўша… Завод денгизга мазут тўкмаган пайтлари у бир ўзи қайиқда Кингисепга ва Николино оралиғида қатнайди… Ўн беш йиллар илгари пирсда қайиқлар тўла турарди, кимдир иш билан, кимдир касалхонага борарди, баъзилар якшанба кунлари Кингисепп бозоридан қичқичбақа ёки сельд балиғи сотиб олиб келиш учун борарди… Маъзур тутинг, — тушунтирди идора эгаси. — Мен одатда шу ерда, ҳам қишлоқ советини раиси сифатида, ҳам депутат сифатида одамларни қабул қиламан… Ўқитувчиларнинг шахсий ишлари ҳақида ҳам сўраганмидингиз? — у инспекторга яхшилаб боғланган папкани узатди: — Ҳарбий ва жисмоний тарбия ўқитувчиси бизда бирлаштирилган, ўртоқ Ерхо икаласини олиб боради, унвони пропоршик.
Иттифоқо дераза остидан шовқин, овозлар эшитиларди… ҳовлида ҳарбий дарс бор эди.
Меҳмон унчалик қизиқмасдан, унинг шахсий иш қоғозларини варақлади, портфелидан дафтар чиқариб, унга қандайдир ёзувлар ёзиб қўйди, сўнг бошини кўтармасдан сўради:
— Меҳнат ва мудофаа тоифаларига ажратилганми ходимлар? Биринчи, иккинчи тоифаларга бўлиниб, ўқитувчилар шу тарзда юз фоиз қамраб олинганми? — у жавобни ҳам кутмасдан ўрнидан турди, бўз қумлоқ ҳовлида ўртоқ Ерхонинг ўқувчиларни шуғуллантираётганига кўзи тушди.
— Ҳа, дадиллик бор, — деди у ҳарбий ўқитувчининг болаларни югуртираётганига имо қилиб. Аммо кейин инспекторнинг нигоҳи ҳовлининг ёғоч панжараси ортидаги тепаликка кўтарилган ибодатхонага тушди.
У орқасида турган директорга кескин ўгирилди:
— Мактаб орқасидаги православ черковими? У ерда нима гаплар? Сизлар у ерда яшринча ибодат маросимларини ўтказаётгандирсиз балки?..
Суҳбат кутилмаганда мафкуравий ва диний тус олганлиги сабабли директор ҳушёр тортиб, зах кулранг шифтга кўзларини жим тикди.
— Бу ибодатхона қабристоннинг ёнида қурилган, ўтган асрдан қолган хотира, бизнинг ён қўшниларимиз карелларнинг она Россияга содиқлигига финлар тажовуз қилган даврга оид, — деб жавоб берди Мекрон Ленинграддаги депутатлик йиғилишларида ўқитилганидек баланд овозда, бироқ кутилмаганда, узоқ хириллаб йўталди, — биласиз фуқоролар уруши пайтида руҳонийлар ҳайдаб чиқарилди, черковга тўпдан ўқ узилган, кўриб турганингиздек гумбазга зарар етказилган. Ўшандан бери, бу ёғоч бино кўчанинг дайди итлари, мушуклар ва бошқа мавжудотларнинг бошпанасига айланган… Бизга уриб сингдиришмоқчи бўлган ёт бу динни рад этдик, ҳаммамиз ота-боболаримизнинг азалий эътиқодлари билан қолдик, эндиликда бизнинг ҳам синфий онгимиз анча ривожланди, ҳамма нарсанинг фарқига яхши борамиз.
— Ҳа! — инспектор миннатдорона бош ирғади ва руҳонийларга муносабатини билдирди. — Диний мастликка берилмоқчи бўлганлар учун социалистик онг тўсиқдир… Онгни қайта қуриш эса мактабни энг муҳим вазифасидир…
— Шунга ҳаракат қилаяпмиз, — деди директор: «Синф дарсларида қатнашганингизда, буни ўзингиз ҳам ҳис қилардингиз» деб кутилмаганда мавзу йўсинини ўзгартирмоқчи ҳам бўлди у юрагида ғамгинлик ҳис қилиб. Лекин яна ибодатхона мавзусига қайтди негадир. — Ибодатхонадан ном қолган холос. Яқиндан бориб қарасангиз, барча мустаҳкам тахта ва устунларни балиқчилар рўзғор эҳтиёжлари учун олиб кетишган, черковнинг фақат ярим ёниб кетган скелети қолган холос. Николино қабристони ҳам салкам юз йиллик тарихга эга. Узоқ умр кўрган Авитал момомизнинг айтишича, ибодатхона гумбазининг вайронадан олдин бўйи икки, эни тўрт қадамлигини ўлчаб кўришган экан… Эндиликда у ерларда айланиб ҳам юриб бўлмайди. Ҳар бир ерда қабр, ҳаммасига мана бундай қилиб таъзим қилиб ўтишингиз керак! — у ҳаракат билан ҳолатни кўрсатди, қишлоқ тарихига саёҳатни афсус билан якунларкан, қўшимча қилди: — Тез орада катталар овоз берувчи фуқоролар йўқлиги сабабли қишлоқ кенгашига сайловни бекор қилиш бўйича тақдимнома киритади. Мен эса аллақачон халқнинг танловига айланиб бўлганман… Тўртинчи муддатга қоламан… Бу вақт оралиғида ватандошларимга қўлимдан келган ҳамма яхшиликларни қилишга ҳаракат қиламан…
— Ҳа, афсус, заифлашган халқлар йўқолиб кетмоқда, масалан, сизнинг қўшниларингиз водьлар орасида ичкиликбозлик ва бузуқлик одатий ҳолга айланган, — деб елка қисиб қўйди инспектор, — яхшиям инқилоб туфайли бақувват ва соғлом халқларни бизда асраб қолиш имконияти вужудга келди, акс ҳолда, кичик халқлар тарих зарварақларида ёки бўлмаса, Эрмитаж музейининг кўргазмаларида намойиш этиладиган афсоналар ва ғорлардаги қоятош расмлари каби фақат хотиралардагина қоларди.
— Адабиёт ўқитувчимиз Микола Партаненнинг бу борадаги фикрлари бошқача… Сиз уни бир тинглаб кўришингиз керак, — деди директор. — Мен ўзим Партаненнинг назариясини тўлиқ тушунмаяпман.
— Яна қанақа назария? — деди Кочубей жеркиб.
— Сиз ва Микола бу мавзуда ўзаро муҳокама қилишингиз мумкин бўлганида эди, — деди директор бироз чалкашлик билан. — мен уни назариясини қисқача тушунтиришга ҳаракат қиламан. Унинг фикрича, алоҳида олинган инсон — шахс сифатида асалари катакчаларидаги минглаб катаклардан бири сифатида болалик, ёшлик, ўрта ёшлик ва кексаликни бошдан кечиради. Шу шахснинг умумиятини ташкил этувчи халқ ҳам, худди шундай фаолиятни, яъни туғилиш, яшаш ва йўқ бўлгунга қадар яшайди. Халқларнинг туғилишидан, қартайиб йўқ бўлгунга қадар, беш юз йилдан минг йилгача бўлган давр ўтади… Уларни йўқ бўлишига нафақат ташқи ҳолатлар — чет элликлар билан урушлар, анъанавий турмуш-тарзини ўзгартириш, атрофдаги заводларимизни табиий муҳитга, сув ва ҳавога чиқараётган заҳарли моддаларининг ҳам таъсири бўлар экан… Ижора дарёси орқали денгизга, заводдан чиқарилаётган чиқиндилар ҳам бу ўринда мана шундай таъсирга эга.
Бўш вақтларида Миколанинг ўзи билан ҳам ушбу чуқур мавзу бўйича муҳокама қилишни яхши кўрадиган директор эндиликда комиссарият инспектори билан ўртасидаги хизмат субординациясини ҳам унутиб, бетўхтов иштиёқ билан гапиришда давом этарди:
— Аслида Микола биз ижорияликлар орасидан етишиб чиққан ғаройиб бир шахсият. У Ленинград университетида «Калевала» эпоси** бўйича диплом ҳимоя қилган. XIII-асрга оид «Новгород йилномаси»дан ижорлар ҳақидаги биринчи эслатмани топиб университет профессорларини ҳайратга солган. Миколани кафедрага олиб қолишмоқчи эди, лекин бизнинг николинолик ватанпарваримиз бунга рози бўлмаган… Келажакдаги ҳаётимизни унинг назариясига кўра баҳоласак, ижорияликлар бу гуноҳкор заминда деярли етти асрдан бери мавжуд бўлиб келмоқда. Айнан шундай!
— Николинолик ватанпарвар — бу ақлдан оздирувчи тутуриқсиз ғоя… Бекордан-бекор буюк инқилобчи халқ ижорларни ўз қаноти остида олмади… Совет ҳукумати ҳар бир ҳолатга кафил ва жавобгар саналади. Ишонувчан халқ орасида бу каби ғалаён уруғларини экувчи кимсанинг менга ҳужжатларини беринг? — сўради Кочубей. — Сиз эса ўртоқ депутат, назаримда унинг илм-фанга қарши ғайрилмий қарашларига бўйсунгандексиз…
Шкафдан адабиёт ўқитувчисининг шахсий иш ҳужжатларини олар экан кабинет эгаси минғирлади:
— Эҳтимол ҳақдирсиз… Балки Миколанинг ўзи ҳам тинмай сўнги кунларда менга ўз ғоясини ўтказиш учун тайёргарлик кўргандир… У бўш вақтларида қадимий темир пичоқлар, жангавор болталар, ҳар хил балиқчилик анжомлари, идиш-товоқлар ва сопол кўзаларни йиғиб юради… яна бронза ва кумушдан ясалган аёллар тақинчоқларини, ҳунармандларимиз ясаган узуклар, эркаклар ва аёлларнинг рўзғор кийим-кечакларини харид қилади… Эҳтимол сизга бемаъниликдай туюлиши мумкин, аммо мен уни дарсдан ташқари пайтда бу каби оғриқли масалалар ҳақида гапиришини маън эта олмайман. Ахир у бизнинг олий маълумотли ягона ўқитувчимиз…у уйини келажакда Николино музейи учун васият сифатида қолдирмоқчи… шахсий ишларига қаранг…
Бу узун монолог давомида Кочубей адабиёт ўқитувчисининг шахсий ишларининг ҳар бир саҳифасини диққат билан кўздан кечирди, баъзи нарсаларни дафтарига ёзиб қўйди.
— Айна ҳам мактабда ишлайди, — деди директор унга унинг папкасини узатаркан. — У ҳам мактабда қоровул, шу билан бирга ўт ўчирувчи минорасида қўриқчи бўлиб ишлайди.
— Ўт ўчирувчи минорасида қўриқчилик масъулиятли вазифа, худди хизматдаги аскар каби… Аммо унга икки вазифа берилиши бошоғриқ масала…
Директор Айнанинг шахсий ҳужжатлари солинган бошқа папкани инспекторга узатаркан, тушунтирди:
— Ўтган баҳорда қишлоқда ёнғин бўлмагани учун ўт ўчириш минораси қўриқчиси лавомини қисқартириб, иқтисод қилинган маблағ ҳисобидан мактабни таъмирлашга сарфлаш таклифи билан комиссариятга мурожаат қилгандим… Мактабни қандай аянчли ҳолатда эканлигини кўрдингиз, деворлар, шифтлар қорайиб кетган, хира чироқларни эса аллақачон алмаштиришимиз керак эди. Катта ўртоқлар йиғилишларда ободонлаштиришга штат ажратиб, пулдан ёрдам беришга ваъда қилдилар… Лекин натижа бўлмади… Бахтга қарши кейин қишлоқда тасодифан шундай катта ёнғин чиқдики, бунга ўхшаши олдинлари ҳеч қачон бўлмаган. Илгариги замонларни кўрган бизнинг юз ёшли руно қўшиқчимиз ва эртакчимиз Авитал Параксеруно ҳам бунданда катта ёнғинни эслолмади. Ҳолбуки унинг ақлу хотираси бутун, у «Калевала»ни бошдан-оёқ ёд билади… Авитал момо буни иблис Лемпо***нинг ҳийла-найрангисиз кимдир қила олмаслигига амин… чунки аланга тили саккизта уйни бирдан қамраб олди, куйган одамлар узоқ вақт яшай олмасдан тез орада жон таслим қилди, уларни мактаб олдидан олиб ўтиб, ибодатхона ортидаги қабристонга қўйиб келдик. Шундай бўлди, — афсус билан хулоса қилди ҳикоячи…
Бироз жимликдан сўнг, у яна инспекторга юзланиб: — Энди мактаб учун пулни қаердан олишни билмайман, — деди ўксук ҳолда. — Ҳар ҳолда ўқувчиларнинг ота-оналаридан буни сўрай олмайман… Улар шундоқ ҳам корюшка ва салака каби балиқлар билан озиқланади, аммо Веден****нинг ёвуз иродаси туфайли денгизда деярли майда балиқлар қолмади.
Директорнинг нолайи — зорланишларию хурофатга берилган азмойишларидан чарчаган Кочубей Айнанинг шахсий ҳужжатлари папкасини қайтариб бераркан:
— Балки қўшимча даромадни йўқотмаслик учун уйларга ўт қўйган Айнанинг ўзи бўлса эҳтимол, — деди. — Унинг қарамоғида ўрнидан турмайдиган кампир қайнонаси, доим маст бўлиб юрадиган эри Ерром ва қайнотанинг бошқа болалари бор.
Инспектор буларни ҳаммасини Айнанинг шахсий ҳужжатларидаги ёзувлардан билиб олганди.
— Нималар деяпсиз? — қўл силкиди директор. — Бундай бўлиши мумкин эмас… Айна камсуқум, худодан қўрқади. У югуриб ухлаб ётганларни қайтанга уйғотган, ёрдам сўраб илоҳ
Ильмаринен* * * * *га мурожаат қилган.
— Бу яна қанақа Худо бўлди? — сўради Кочубей жаҳлга миниб.
— Маъзур тутинг, Айна ҳам кўпчилик ижорлар каби хурофатчи, худди менга ўхшаб, — ўзини оқлай бошлади директор. — Мен уни биламан, мактаб олдидаги йўлдан қора мушук югуриб ўтса, у тўхтаб қолади, бу қандай белги бўлди, яхши кун бўладими-ёмонми, деб, ташвишга ботади. Мен эса мушук туфайли унинг устидан куламан… Янги ахлоқ, афтидан ҳали бизнинг ҳамма ахмоқликларимиздан тўлиқ халос қилмаган… бу ибтидоий ҳиссиётларимиз устидан ҳали йиллар давомида ишлаш керак бўлади, — у ич-ичидан бу ёқимсиз суҳбатни тезроқ тугатишни истарди, чунки директор ўзи ҳам сезмаган ҳолда, жуда кўп кераксиз гапларни сўзлаётганди, буни ниҳоят туйқус илғади шекилли, фойдали ишга ўтиш учун дабдурустдан сўради:
— Ўртоқ Кочубей, бизнинг миллий ичимлигимиз симадан синаб кўришга нима дейсиз? — инспектор ҳали жавоб қилмасданоқ, кабинет эшигини ланг очиб, директор: — Айна! — деб баланд овозда чақирди. — Ҳурматли меҳмонимизга кўзада сима * * * * * * келтиринг!
Ичкарига зум ўтмай, аввал нейлон кўйлакда кўриниш берган, лекин эндиликда ранг-баранг фартук тақиб олган ўша оқ сочли аёл яна кўриниш берди, у нимхира нигоҳ билан директорга кўзани узатди, унда олтиндек тўқ сариқ кўпикли ичимлик жилваланарди, у меҳмонга норози нигоҳ билан қараб қўйди. Иттифоқо, инспекторнинг қишлоққа ўт қўйиш ҳақидаги гумонини эшик ортидан туриб эшитгандек эди у, Айнанинг индамай чиқиб кетгани ҳар ҳолда шундан далолат берарди.
Кочубей директордан қисқагина сўради:
— Бу ерда оқ сочли аёллар кўпми?
— Эътибор қилмаган эканман бунга, — деди Мекрон қўлларини ёйиб.
— Унинг келиб чиқиши водлар* * * * * * *дан эмасми?… — сўради инспектор. — Бу ерга турмушга чиқиб келган… қон аралашгандан сўнг, соғлом зурриёд туғилишига умид қилишган.
— Ҳа, бир сўз билан айтганда, воқеа айнан шундай кечганини аниқ айтиб бердингиз, — тан олди Мекрон.
— Нима хаёлимга келса, шуни айтдим, — жавоб қайтарди Кочубей. — Бу Павловнинг итга иккинчи бош тикишидек бир гап аслида…
III
Кочубей қовоғини солиб, ўқитувчи Микола Партаненнинг шахсий ҳужжатларини варақлаб, дафтарига у ҳақида алланималарни белгилаб олаётган вақтида, Николино ватанпарварининг пойтахтдан чекка ҳудудда инспектор келганидан хабари ҳам йўқ эди. У яна ўша юз йиллик руно матнларини куйлайдиган Авитал момони — ўша тирик афсоналар, ижорларнинг сеҳрли эртаклари, қўшиқлар, мақоллар ва латифаларнинг шу кунларгача етиб келган ягона ҳикоячисини зиёрати билан банд эди. Ёши каби бўйи ҳам дароз, озғин бу кампир, қишлоқнинг энг чеккасида, бир вақтлар денгиз қирғоғининг саёз қумли кўрфази бўлган ва эндиликда вайронага айланган, на катерлар ва на балиқчилар қайиқлари келмай қўйган, атроф-жавониби денгиз ўтлари ва чиғаноқлар билан қопланган кулбада — бир замонлар балиқчиларнинг хотинлари кўрфазнинг бутун узунлиги бўйлаб тортган симтўрлар билан атрофи ўралган, ҳайҳотдек ғариб гўшада, ёлғиз ўзи, зоҳидона ҳаёт кечирарди.
Кўп замонлардан бери уйдан чиқмайдиган, айниқса, оқшомлари ҳатто ҳовлисига ҳам қадам ранжида қилмайдиган Авитал момо ўқитувчига элдошлари каби кундалик ташвишлар билан андармон бўла олмаслигининг сабаби, у кўрфаз одамлар учун ўз аҳамиятини йўқотган даврлардан буён кўр эканлигини тан олди. Ҳолбуки у шу ёшда ҳам ўзининг зеҳни ва ҳушёр хотирасидан мосуво бўлмаганди. Бутун бошли туманда «Калевала» достонини — ижорларнинг келиб чиқиши ҳақидаги қадимий руник матнларни — тўй-ҳашамлар ва ҳарбий қўшиқларни, марсияни, номаълум куйчилар томонидан куйланган турли хил ижод намуналарини ёддан биладиган ягона одам бўлиб, фавқулодда бундай хотирага эга бошқа бировни бу ерлардан топиб бўлмасди, иттифоқо, бу гўшани уларнинг қўшнилари кареллар тилида ижорлар яшайдиган ерлар — «гўзал замин» деб ардоқланишидан ўқитувчи ҳам шу сўқир кампир каби ғурурланарди.
Биринчи марта Микола еттинчи синф ўқувчиси бўлганида, қўрқув ичра кампирнинг ёғоч уйини эшигини қоққанди, у Авиталнинг илк ҳикояларини, ўшанда, биринчи бор эшитганди. Орадан уч йил ўтгач, у Ленинград университетига ўқишга кирган ва эндиликда ўзида жо қилган ёзуғлар туфайли қимматбаҳо саналадиган дафтарида кампирнинг эртакларини ёзиб олишга киришганди. Авитал кўп йиллар давомида хотирасида сақланган ҳамма нарсани — ижорларнинг афсонавий ҳаёти, дунёнинг яратилиши — унга кўра бу замин само қуши — қалдирғоч томонидан бино қилинганди, алалхусус, бошқалардан фарқли ўлароқ, муқаддас заминда яшовчи ижорларнинг ўзига хос дунёсини, ҳамма-ҳаммасини унга айтиб берганди кампир. Ўқитувчи Авиталнинг йилдан-йилга оғирроқ бўлиб бораётган касалликлари уни хотирасидан афсоналарни ўчириб ташлашидан, элдошлари тарих лавҳаларида тилга олинмай ўтиб кетишидан қўрқарди. Шу боис кампирнинг миннатдор тингловчиси, келажак авлодлар Финландия кўрфази қирғоқларида яшаган кичик балиқчиларнинг ҳаёти ҳақида билишлари учун «Калевала» каби қимматбаҳо қўлёзмаларни алоҳида китоб сифатида нашр этишни хоҳларди. Авитал ҳам кетишидан олдин муқаддас китобнинг ҳар бир саҳифасини заҳм ета бошлаган хотираси юкидан уни озод қила оладиган бир одам пайдо бўлишини, салкам бир аср, аламли умид билан ўлмасдан узоқ кутганди. Эндиликда у ҳатто тўшаги бўлган дивандан ҳам ҳа, деганда туролмасди, зулматда шамдек ёниб, ўчай-ўчай деб қолганди, устига-устак кампир сўқирликдан азият чекар, дунёнинг безовта қилувчи товушлари ва овозларини эшита олмасди, бироқ у бир маромда, сокин ва бўғиқ овозда, унутилган халқининг муаммолари ва бахтсизлиги ҳақидаги Ильмаринен сагасини куйларди…
Иккинчи қисм
I
Адабиёт ўқитувчиси Миколани айни вақтда мактабда бўлиб турган муҳим меҳмон ҳақида огоҳлантиргач, Айна тор қирғоқ бўйлаб ўзининг асосий хизмат жойи — ўт ўчирувчиларнинг минораси томон шошилди.
Денгиз гўё балиқ танасидаги тангачалар билан қоплангандек маъюс жимирларди. У катта тошлар устидан эпчиллик билан сакраб ўтаркан, қайғули осмонга хавотир билан қаради. Уфқдаги булутлар кўк тоқида айланиб, охир-оқибат завод мўриларидан чиқаётган зич тутун билан айқаш-уйқаш қўшилиб кетди. Миноранинг кўп йиллик қўриқчиси сезгир тажрибаси билан агар чақмоқ чақса, кўк туйнуги тешилиб, ёмғир қуйиб берса ажабмас, деб ўйлади. Минорага етиб келгач, у завод биноларига, кейин эса қишлоққа, ҳар бир кулбанинг олов чиқиши мумкин бўлган заиф нуқталарига қаради…
Айна ҳар сафар баландликдан денгиз сувига, қирғоқдаги бир вақтлар ташлаб кетилган ва эндиликда ағдарилиб ётган қайиқларга қараганда, ўғли Антеро каби синфда адабиёт ўқитувчисини тинглаганидан кейин орзу қиладиган
Ильмаринен илоҳининг қутқарувчи сандиқларини эсларди. Аммо денгизга унинг тўртинчи синф ўғлини орзулантирган бу сандиқларни ижорлар худоси эмас, билъакс заводдан кераксиз ашқол-дошқоллар билан сувга чиқариб юборадиган завод ишчилари оқизарди, Айнани эса бундан кўнгли оғрирди. У маъюс бўлиб уйга қайтарди шундай вақтлар, бетоқат бўлиб ухлашга тутинарди, аммо тез-тез уйқуси бузилиб, қичқириб уйғониб кетар, тўшакда ўгрилиб ён-атрофига ўқрайиб қараб қўярди. Аммо ҳозир ухлашнинг мавриди эмас. Об-ҳаво кўкнинг юқори қабатларида момақалдироқ ҳосил қилиб қалдираркан, совуқ шамол эсиб, Айнанинг оқ сочларини елпирди…
Донишманд ижорлар орасида ҳар бир киши ўз тарихини фақат қирқ ёшида келибгина англай бошлайди, деган нақл бор, Айна ҳали бу ёшга кирмади, аммо унинг ҳам англайдиган кечмиши, ўз шахсий тарихи бор, ҳа, бу аёл маҳаллий халқдан эмас, у бу ердан аравада икки соатлик йўлда, денгиз қирғоғида жойлашган Лужиц қишлоғидан келган водь қизи эди.
Кочубей қизиқиб қолган оқ сочли мактаб ишчиси, «Павловнинг ити» руҳидаги жодугарлик намунаси бўлган бу аёл Николинога, ижорларга келин бўлиб келганди. Халқ орасида ҳурматга сазовор бўлган донишманд лақабли темирчи Онуфри сирли табиат ҳодисаларини, айниқса, олов ва темирни мистик хусусиятларини уйғунлаштирганидек, қадим ижорлар қонига водь қонини қўшиб, маҳаллий халқ орасида оқ сочли одамлар пайдо бўлишига сабабчи бўлганди. Ижорлар кўпайишидан кўра, камайиб кетаётганидан ташвишланиб, у элатдошларининг қонини қўшниларининг қайноқ қонига суюлтириб, оғриқ ва азобни бирлаштириб, элатини ёшартиришни мақсад қилганди. Худди дарахтларни пайванд қилиб, янги навга эга бўлинганидек, ижор ва водларни бир-бирига никоҳлаб, янги ижорлар ва водлар туғилишини чамалаганди оқсоқол. Тўқувчи Айна ва балиқчи Ерромни никоҳ тўйи ана шундай мақсаднинг ҳосиласи бўлиб, қабилалар аро барака ёғилишини истаб, тўй ўтказишганди улар. Ёш аёл ҳомиладор бўлиши биланоқ, ижор аёллари уларнинг кулбаси томон ёприлиб келишганди, ёши-қари бариси деразалардан қараб кетишар, аёлни ва болани соғлигини сўраб, сеҳргарлар каби муваффаққиятли натижа учун ибодат қилишарди. Ўша вақтлардаги ижорларнинг ҳолати худдики, Марям Исони туғилишини кутаётгандек таъассурот қолдирарди.
Бола туғиладиган кунда табриклаш учун аёллар игна билан тўқиладиган чақалоқлар кийимини тикишарди, онаси эса унга доривор ўтлар ва рангли тошлар илинган болалар сандиқчасини ясаш билан андармон бўлди. Айнанинг эри Ерром эса, тўққиз ой давомида, боланинг соғлиги, ҳамда, келажакда шимолий денгиздан океангача чўзилиб, кўпайиб кетадиган оқ сочли ижорларнинг эртаси учун дўстлари билан ҳар куни сима ичиб юрди. Икки маҳаллий доя, бўлажак Исонинг иссиқ, мурғак жуссасини биринчи бўлиб кимнинг қўлига тегишини кўриш учун рақобатлашишга тайёр эди, аммо Айнанинг юрти — Лужицдан келган Аалто уларнинг бошида туриб, навбатчилик қиладиган бўлди.
Кекса аёл Аалто, Карелиянинг икки қабиласи водлар ва ижор уруғларининг қайта тикланишида ўзининг алоҳида иштироки борлигини яхши тушунар, бу тикланиш жараёнида ҳар куни ичадиган отага эмас, аксинча онага катта роль юкланганлигини табиийки ҳис қиларди. Шу сабабли у мўъжизани кутиш ойларида, ўз халқи олдида зиммасига тушган хабаргирлик ролини, бекаму кўст бажариш учун қийин йўл азобига қарамай, элатдошларига қувноқ муждалар элтиб, Лужицга от аравада тўрт марта бориб келди. Ҳамма-ҳамма боланинг эсон-омон туғилиши учун ибодат қиларди, водлар ҳали у туғилмасдан уни Антер деб атай бошлашди, уни адолат учун курашчи, Ильмаринен худосининг руҳонийси бўлишини башорат қилишарди.
Иттифоқо тишсиз Аалта ўша ташландиқ ғижирлайдиган аравада Лужицга қайтиб келганида, ғўнғиллаб, ғамгин овозда элатдошларига боланинг юзини очиб кўраётганда, унинг дағал сочларига кўзи тушган ҳамоноқ, қўлларини худди оловда куйгандек тортиб олганини ва ундан узоқлашганини айтиб берди. У болани онасидек оқ сарғиш, ипакдек майин сочли бўлишини чамаганди, аммо маст Ерромнинг қора қони ирсий рақобатда устун келди ва Антеронинг қорамағиз юзини тўқ малларанг пахмоқ сочлар билан безади қисмат…
— Ҳа, биз табиатга қарши боролмаймиз, — хўрсинди Айна кўкка қараб, бошидан кечирган хотиралар ва эндиликда тўртинчи синфда ўқиётган ўғлининг тақдири ҳақида ўйларкан.
Унинг ҳам йўлини тақдир бу ердаги барча ўсмирлар каби яна уч йилдан сўнг, мўрт қайиқларда бўтана сувлар орқали заводнинг туманли ҳаётига элтадими?! Айнанинг эри билан ҳаммаси аниқ эди, у кундан-кун баттар бўлса бўладики, энди ўзгармайди, унинг маъносиз ҳаёти шу зайлда, охиригача кетади, аммо боланинг қисмати қандай бўлади?
Бу қўпол, такаббур инспекторнинг Ленинграддан келиши бежизга эмас… Илгаридан бу каби текширувлардан яхшилик кутишмасди. Уларнинг ҳаммаси бир гўр, мактабга ёрдам беришга ваъда беришади, аммо кейинчалик маълум бўладики, улар ҳаммасини шунчаки унутиб юборишади.
Айна шундай хаёллар билан банд эди. Бу вақтда эса самовий бўрон булутларнинг барча қоронғу ва маъюс сояларини қишлоқ уйлари устига тортиб улгурган, спирал шаклидаги чақмоқнинг акси заводнинг қуюқ тутун чиқаётган мўрилари устидан йилтираб ўтарди…
Туйқус турган шамол Айнаннинг боши устидан эсиб, ўт ўчириш минорасининг жомига тегиб ўтди. Жомнинг чалиниши Айнани ҳаёт ҳақиқатига қайтарди. Яқинлашиб келаётган фалокат ҳақидаги огоҳлантириш каби хавотирли оҳанглардан одамни тинчлантирувчи сўнаётган оҳангларгача айрича товушлар ифодаси бор эди шамолнинг қўнғироқ чалишида…
«Бу қўнғироқларнинг нима кераги бор?» деб ўйларди Айна. «Бало келса, бўм-бўш уйдан ҳам қочиб чиқиб бўлмайди, қўнғироқ овозини эшитган касал кампирлар остонагача ҳам етолмайди…»
Қўнғироқ чалиниши эҳтимол мактабнинг ҳарбий ўқитувчиси Ерхо учун қувончлидир. Ҳарбий дарс машғулотларида унинг «ўнгга, чапга, марш!» деган ҳайқириқлари, балки шундай паллаларда иш берса керак. Балки шунда Ерхо ўзининг синф ўқувчиларига кўрсатиш учун черковнинг вайронага айланган минорасини, унинг қандайдир мўъжиза туфайли омон қолган ва шамолли кунларда қайғули жиринглайдиган жомини ўққа тутиб оввора бўлмаган бўларди. Дарвоқе, Ерхо томонидан уриб туширилган ўша жом раҳбариятнинг буйруғига кўра, ёнғин минорасига ўрнатилди. Бу қишлоқ бюджетидан самарали фойдаланишда қўл келди, натижада ёнғин бўлганда, керак бўладиган насос олишга ажратилган пул иқтисод қилиб қолинди, ўз навбатида бу қўшимча пулларга мактаб фасадини ранг беришга ишлатадиган бўлишди.
Сўнги уч ёки тўрт ёмғирли мавсумдан сўнг, момақалдироқ ва чақмоқлар негадир Николино осмонини айланиб ўтди — бундай сукунат ва иноятни одамлар қишлоқнинг янги оқ сочли келинининг дуолари шарофатидан деб билишди ва уни «Айна — момақалдироқни тўхтатувчи» деб атай бошлашди.
Аммо бу лақаб ўт ўчирувчилар минорасининг қўриқчисига қимматга тушди: келгуси йил учун харажатлар сметасини тахмин қилган қишлоқ совети раиси Ленинграддан мактабни таъмирлаш учун маблағ ўзлаштириш умидида ўт ўчирувчилар минораси харажатларини том маънода қисқартиришни сўради. Айнa қийин вазиятда қолди, энди у фақат мактаб қоровулигина эди, аммо бу узоққа чўзилмади.
Баҳорда у ўт ўчирувчилар минораси билан хайрлашиб, фақат мактаб қўриқчилиги билан андармон бўлиб юрганида, кутилмаганда ёнғин чиқди.
Тонгга яқин, туни бўйи гумбурлаган момақалдироқ, чақмоқ чақиб, завод мўрилари устидан йилтираб, чамаси ўттиз метрли ёғочдан ишланган сув насоси минорасига келиб урилди, туйқус аланга уйларнинг томлари бўйлаб югургилаб кетди. Олов тили деразалардан кириб, одамларни ямламай ютишга чоғланди. Катта кўчадаги қирқ кулбадан саккизтаси бутунлай ёниб кетди, куйиб ўлганлар бўлди, улар ичида Локки момо ҳам бор эди, у фалаж бўлиб, қутқарув эшиги томон қадам ташлай олмаган. Завод қонунлари ҳали ҳам крепосной давридагидек қаттиқ бўлгани туфайли, унинг ўғли Крикко ва қизи Пеша дафн маросимида ҳатто иштирок этолмади. Темирчи Онуфри ва Айна, ўғли Антерни қўлидан ушлаб қабристонга боришди, Ерром уларга қўшилди. Узоқ танаффусдан сўнг, Онуфри Худонинг итоаткор қули бўлган Локкининг руҳини тинчлантириш учун хотира ваъзини, ибодат китобларидан хирқироқ овоз билан ўқиди…
Ўша йили кетма-кет учинчи сайловда, Айна ҳовлиларни айланиб, қишлоқ кенгашига ягона номзод, ҳурматли Мекрон учун овоз беришга чақириш вазифасини олди: ўшанда етмиш саккиз жон, шулардан ўн иккитаси кампиру чоллардан иборат бўлган жамоат овоз бериш ҳуқуқига эга эди…
Худо раҳмат қилгур муҳтарама Локкининг дафн маросимидан кейин, қишлоқ советининг маблағлари тортилди, бухгалтерия ҳисоботлари қайтадан кўтарилди, қишлоқнинг 1932 йил учун молиявий харажатлар режаси кесиб ташланди, мактаб томини таъмирлашга ажратилган пуллар ёнғинга қарши насос сотиб олмаслик учун аввалгисини тиклашга сарфланди…
…Бу галги момақалдироқ Айнанинг ҳушини йиғиштириб олишга чорлагандек, чақмоқ сувга тушди, денгиз уфқлари туйқус ялтираб ўтди. Булутлар орасидаги милтилловчи бўшлиққа қараб, Айна иккинчи иш вақти бошланиш арафасида эканини тушунди. Охирги қўнғироқни чалиш ва мактаб эшикларини, омборхона қулфи билан қулфлаши керак эди у…
II
Бу орада эртакчи Авитал билан хайрлашган Микола мактабга шошилди, бироқ ишхона ҳовлисига кирганида, директорни хонасига кириш фикридан қайтди ва тўғридан-тўғри синф хонасига қараб юрди. Ўйладики, агар у инспекторга суҳбат учун керак бўлса, уни директор чақиртиради. Ўқитувчи директорнинг деразаси олдидан ўтаётганда, ғалати товушлардан ҳайрон бўлди: дам-бадам жимликдан сўнг, юракни зирқиратадиган қичқириқ ва кулгу, қувноқ ҳайқириқлар эшитиларди у ердан. Микола тинглади, директор ўриндиғи яқинида осилган радиони ёқиб қўйганди, одатда у хонасига қамаб, кимгадир танбеҳ бераётганда, шундай йўл тутарди. Ходимларни қаттиқ сўзлар билан тергаётганда, у буни бошқалар эшитмаслиги учун бўғиқ радио садолари билан товушларни ёпиб қўярди. Унга ҳар доим таъна қилиш учун асос топиларди, дарс қолдираётган ўқувчилар, электр моторни ўз вақтида таъмирлай олмаган, аммо қишлоқни тарк этаётган механик, шаҳардан муҳим телеграммани кечикиб юборган почтаси, хуллас Мерконга кимларгадир таъна қилиш учун мавзу кўп эди. У айниқса, қабристон қоровули, ҳеч кимга озори тегмайдиган итоаткор Егорканни кабинетига қамаб олиб, муштини столга уриб, уни сўкарди, чунки у Николино черкови унга ишониб топширилган қишлоқнинг оз сонли аҳолисининг энг сўнгиси қабристонга боргунча мавжуд бўлиши керак деб ҳисобларди. Яқин келажакда бу ерга ўзи ҳам боришини тасаввур қилган етмиш ёшли қария Меркон бундан ғазабланар, ўзини тутолмасди.
…Ҳарбий дарс машғулотлари тугаб, танаффус вақтида футбол тўпи тепиб юрган болалар мактаб ҳовлиси бўйлаб югуриб юришарди.
Улар Миколани кўришлари билан ҳаёжонга тушишди, сўнг югуриб келиб ўқитувчини ўраб олишди. Ҳар доим жиддий ва такаббур Ерходан фарқли ўлароқ, адабиёт ўқитувчиси ўз дарсларини ҳазил ва латифалар билан безаб, синф тахтасида ранг-баранг қўлёзма плакатлар осиб, кўргазмали ўтказишни яхши кўрар ва бу билан ўқувчиларни руҳлантирарди. У болалар ўсиб улғайганидан сўнг, ўзларининг она тили ва адабиётини, ижорлар тарихини билган ҳолда, ишлаб чиқаришнинг нажосату заҳарларини денгизга ташлаётган ва қирғоқ қишлоқлари балиқчиларининг ҳаётини хору-залил айлаётган қабоҳатларни тўлиқ ҳис қиладиган одамларга айланишини орзу қиларди. Айниқса у бошқа болаларга қараганда, ўзини отаси бўла туриб етимдек ҳис қиладиган Антерога кўпроқ эътибор қаратар, унга кўпроқ меҳр ва билим беришга рағбат кўрсатарди, буни Айна ҳам кўрар, ўғлининг Миколанинг хонасига, китобларини қайтариш учун келганида, ўқитувчи уни қандай кутиб олганлиги, уларнинг ўзаро муносабати қандайдир ўзгача, каттароқ туйғулар асосида қурилганлигини мактаб ҳовлисидан туриб, бир чеккадан жимгина кузатарди она. Бугунги дарсда ҳам Антер ўқитувчисининг фолбин Авиталнинг оғзидан ёзиб олган Ильмаринен худоси ҳақидаги навбатдаги воқеага диққат билан қулоқ солди. Айна синф деразаси олдидаги мис қўнғироқни силкитиб, дарс тугаганини эълон қилганида, Антеро одатдагидек танаффус вақтида ўқитувчисининг ортидан синфдан чиқди. Антер онасини қўлидан ушлаб, кулиб, унга тинмай ўқитувчи айтиб берган воқеаларни тушунтирарди:
— Ҳа, тезроқ бўла қол, уйга қайтишинг керак, — деди Айна. — Товуқларга тариқ сепишни унутма…
Бу вақтда директор хонасидан қувноқ базм садолари қулоққа чалинарди.
— О, бу қандай кулгули… Мен бундай қила олмайман! — дерди кимдир у ердан.
— У ерда нима бўлаяпти она? — Антеро унчалик қизиқмай сўради.
— Уйга бор ўғлим… Уйга айтаман… тез кет, — ўғлини катталарнинг маст-аласт даврасига гувоҳ бўлишини истамаган Айна, уни деярли ҳайдаб солди. Сўнг югургилаб, мактаб ҳовлиси дарвозасига қулф осди.
«Бу ерда нима кулгу?» ўйлади Микола директорнинг кабинети деразасига яқинлашиб. Анчадан буён ювилмаган дераза ойнасининг хира кўзгусида ичкаридаги ҳамма нарса яққол кўзга ташланмасди. Микола кўзларини тикиб, кабинетда нималар бўлаётганлигини илғашга интилди, аммо бунга у ердан эшитилаётган чала ярим сўзлар ва қийқириқлар йўл бермади. Ичкарида нима бўлаётганини тушуниш учун Айна уни мактаб ҳовлисидан базм бўлаётган кабинет ойнадан яққол кўринадиган жойни кўрсатди…
Ниҳоят ўқитувчининг нигоҳида дастурхон устида қўйилган, ярим бўшаган кўзалар, балиқлар ва бошқа зиёфат қолдиқлари бўст-бутун намоён бўлди. Эшикнинг икки томонида, худди буйруқни бажараётгандек, ҳурматли директор Мекрон, ҳарбий фан ўқитувчиси Ерхо маст ҳолатда таёқ кўтариб, довдираб туришарди.
— Диққат! — Кочубейнинг хириллаган овози янграрди қарама-қарши тарафдан, у чайқалиб бир қўли билан директор ўриндиғининг суянчиғини ушлаб олар, сўнг яна сирғалиб дарахт пўстлоғидан эшилган халқани силкитарди.
Микола ҳаммасини тушунди ва жилмайиб қўйди. Маст одамлар маҳаллий халқнинг аллақачон ярим унутилган эски ўйини «Доира»ни бошлагани унга ёқди. Микола бунақа ўйинларни болалигининг хотиралари сифатида эсларди, Мекрон каби кексалар учун эса бундай ўйинлар баъайни ҳаётнинг ўзи каби чуқур маънога эга тўлиқ бир мазмунни ифодаларди.
— Эй, пропоршик, от қандай юради? — деб қичқирди Кочубей халқани Ерхога ташлаб.
Ерхо таёғини чайқаб, Мекрон билан аввалдан тил бириктириб, халқа учаётган томонга атай интилаётганини Микола тушунди, аммо халқа шунча интилишга қарамай таёқ ёнидан ўтиб кетди.
— Эй пахмоқ, от туёғини овозини қил, ютқиздинг-ку, пропоршик, — деди тили зўрға айланиб Кочубей халқани тўғри ташлай олмасдан, гарчи ўзи ютқизган бўлса ҳам.
— Тк-тк-тк-тк-тк…, — деди маст Ерхо оёқларини у ёқдан бу ёқдан тебратганча, Кочубейнинг буйруғига итоат этиб.
— Йўқ, ёлғон айтаяпсан, ундай эмас. Тик-цик, тик-цик… Мен Бунённий отлиқ аскарларида намунали аскар бўлганман. Отни юришини яхши биламан.
Кочубей Ерхони шарманда қилиб, энди мўлжални Мекрон томонга қаратди. Мекрон эшик тутқичига таянганча, отилган халқани маҳкам тутиб олишга тайёр турарди.
— Сиз энди нима бўлиб берасиз ҳурматли депутат? — деди Кочубей. — Болалигингизда ғоз каби қичқирганмисиз ғағалаб? Эслаб кўринг?..
Кочубей чайқалиб, халқани кўтарганча, Мекроннинг таёғини мўлжаллади, лекин сирғалиб стулга йиқилди. У симага қўл чўзди, аммо заифлашган танаси билан гурс этиб стол устига қулади ва шу ерда бошини эгиб қимирламасдан қотди.
— Чарчади у, — деди Мекрон, — ухлаб қолди. Келинг, Ерхо, ёрдамлашинг, уни мени уйимга олиб бориб ётқизайлик. Эртага ўзига келиб қолади.
Кочубейни икки томонидан қўл ва оёқларидан ушлаб, бу ярим ўлик инспекторни судрагудек бўлиб кўтариб, Мекронни уйи томон йўл олди улар…
«Бу чириган, шаҳарлик интеллигент… икки стакан сима ва селёдка думи билан хотирасини йўқотди-қўйди,» — хаёлдан ўтказди Мекрон.
— Ўйинни шу тахлит ташкил қилиб, Ерхо сиз менга катта ёрдам бердингиз. Ўзингизни салкам нақ Будённийнинг отидек тасаввур қилдингиз… Биз ижорликлар одобли халқмиз, ҳокимиятни ҳурмат қиламиз… Аммо Иван Матвеевич каби жанобларга улар бизни чўчқадек хириллашга, ёки ҳовли итидек вовуллатишига йўл қўя олмаймиз. Менинг кампирим, меҳрибон Калерия, сизга ичиш учун гиёҳ дамламаси беради, уни ичинг, эрталабга бориб ҳушёр бўласиз…
… Аммо эрталаб, Мекроннинг зах, қоронғу уйида уйғонган меҳмон ўзини ланж ва касал ҳис қилди, шунинг учун у, зудлик билан Ленинградга қайтишга қарор қилди.
Улар меҳмонни бир кун олдин уни Николинога олиб келган ўша Филатон қайиғига ўтирғизишди, инспекторни совғасиз қайтариб юборишни истамай, оёғи остига ҳиди унниқиб турган бир қоп қуритилган корюшка балиғи ва бир жуфт сима қўйишди…
Учинчи қисм
I
Орадан уч кунча вақт ўтди, шу вақтда халқ таълими комиссарлигидан Николинодаги мактабни ёпиш тўғрисида буйруқ келди. Бошланғич мактаб ўқувчиларига ўқишни Колбинодаги етти йиллик завод мактабида давом эттириш буюрилди, у ерда уларни Филатон икки сменада қайиқда олиб борадиган бўлди. Ижорияликлар ўртасида чуқур денгиз кўрфази номи билан аталган Усть-Луга портини қуриш режалаштирилаётганлиги, унга олиб борадиган саёз сув бўйлаб қишлоқни вайрон қиладиган темир йўл қурилиши ҳақидаги сусайган гаплар яна авж ола бошлади, улар заводга кўмир олиб келиш ва у ердан металлни бозорга сотиш учун керак бўларди.
Бундай гаплар ўтган йили Кингисепдан келган чет эллик муҳандис Ҳерман Бауэр баржа ишчиларига «Ахтунг!»* * * * * * * * дея буйруқ бера бошлаган пайтда пайдо бўлган бўлиб, у маҳаллий аҳоли томонидан қийшиқ трубкада тамаки чеккани учун қийшиқ оёқ деган лақаб орттирганди. Ўшанда қора скафандр кийган ва сузгичларга эга ғаввослар унинг «Ахтунг!» деган буйруғи билан лойқа сувга шўнғирдилар, сув тубидан нималарнидир ўлчашарди, у ердан алланималарни қидирардилар, трубкадан нафас олишиб, сўнг гавдаларини судраганча ясси қирғоқларга чиқардилар.
Кўп ўтмай улар кутилмаганда бу ердан кетиб қолишганди. Портгача чўзилиши керак бўлган темир йўлни Лужицгача олиб бориш мўлжал қилингани туфайли Николинони шимолий шамоллардан ҳимоя қиладиган арча ўрмонларини таг-туби билан асфалософинга гумдон қилинди. Шунга қарамай охирги пайтларда ишлар негадир тўхтаб қолганди. Сувдаги ва қуруқликдаги ишларни дабдурустдан бундай тўхтаб қолишини Худонинг шарофатидан деб билган хурофотчиларни бундай ҳалокатли фикрдан қайтаролмади Мекрон, у тез орада заводнинг Николино учун фавқулодда фожеали бўлган муваффаққиятларини давом этишини сезарди.
Мактаб ёпилиши билан ижорлар қишлоқ тақдири ҳақида билиши учун яна Мекрон қабулхонасини чор тарафдан қуршаб олдилар, улар қишлоқда мактаб туфайли, жаҳаннамнинг борлигига соддалик билан ишонишганди. Заводнинг минг йиллик Николинони бузиш ҳақидаги иблисона ғояси, олий ҳокимият томонидан тўхтатиб қўйилди, чунки маҳаллий одамлар янги социалистик ҳаёт тарзини қабул қилганди, бас шундай экан, Одам Атонинг бу сўнги авлодларини йўқ бўлиб кетишдан ҳимоялаш ва унинг ўзгармас руҳи бўлган мактабини сақлаб қолиш бу ҳокимият ва унинг жамиятининг ҳам вазифаси саналарди.
Дарвоқе, Мекрон ҳақида нима дейиш мумкин? У охирги бўлган воқеалардан сўнг, шунчаки саросимага тушиб, хўрсиниб қўйди, илгари у кўп йиллар давомида Николинодаги мактаб туфайли партиясиз ҳам ишчи-деҳқонлар кенгашига тўғридан-тўғри депутат этиб сайланар, шу боис Ленинград шаҳрига турли масалалар бўйича сўров юбориш ҳуқуқига эга эди. Энди эса миллий масалалар бўйича кенгаш делегатлиги завод порти ва темир йўлига бевосита хўжайин Ленинград шаҳар советига ўтиб кетди ва депутат партия аъзоларидан кўрсатиладиган бўлди. Шу боис Мекрон нафақат иссиқ креслоси ва кабинетидан, балки барча депутатлик имтиёзларидан маҳрум бўлди.
Мекрон билан бирга адабиёт ўқитувчиси Микола, ҳарбий фан ўқитувчиси, пропоршик Ерхо ҳам ўқитувчилик ишидан айрилди, лекин тез орада у қарор қабул қилиб, ҳеч бир ташвишсиз касбини ўзгартириб заводга ишга кирди: у ерда Ерхони пўлат ишлаб чиқариладиган очиқ оловли печда уста ёрдамчиси сифатида ишга олишди.
Айна мактаб мол-мулки бўлган супурги, челак ва бошқа ашқол-дашқолларни ҳужжат асосида бирма-бир топшириб, ёнғин минорасидаги ишига қолди, гарчи мактаб ёпилган бўлса-да, муассасанинг кейинги тақдири номаълум бўлгани учун ўт ўчирувчилар назоратчисини маоши халқ таълими томонидан тўлаб борилди. Баҳор жим ва сокит ўтди, кўкда булутлар кам, момақалдироқ ва чақмоқдан асар бўлмади ҳисоб. Аммо қишлоқда вақти-вақти билан ёнғин чиқди, бунга завод томонидан қишлоқдаги одам яшамайдиган бўш уйларни бирин-кетин, ими-жимида ёқиб юборилаётганлиги сабабли, бу каби ёмон ишлар рўй бера бошлади.
Буларнинг ҳаммаси порт ва темир йўл келажаги учун амалга оширилаётганди, чунки аҳоли пунктлари бу ерда мўлжалланган завод келажагини минг йиллар давомида орқага тортиши мумкин бўлган тўсиқ эдики, буни бартараф этиш учун улар аста-секинлик билан қишлоқни вайрон қилиш ва йўқ қилиш ишларини жадаллаштирган ва ҳар эҳтимолга қарши омма олдида иккиланиб, ҳамма-ҳаммасини яширинча, тунлари, зулматда амалга оширишарди. Айна умидсизликка тушиб қолганди, лекин оқсоқол қайнотаси қўшни элатдан келган келинни қўллаб кўнглини кўтарарди:
— Хафа бўлма, — дерди у, ўзининг ёмон ўғли Ерромга шундай виждонли қизни никоҳлашганидан куюниб. — Қишлоқ бюджети сендан ҳеч нарсани қирқиб ташламайди. Бизга санитария машинаси нега керак? Бизга денгиз орқали фельдшер юборишди, ҳолбуки, у келмагунча, бизда на астма, на аллергия, на сариқ касаллик, на ошқозон ости бези саратони, на қонли диарея каби касалликлар йўқ эди. У денгиздан қандай келган бўлса, шундай қайтиб кетди ва бошқа келмади. Балки у бу касалликларни қандай даволашни билмагандир, энди унинг бўш турган машинасини бизга нима кераги бор?! Мен қишлоқ аҳли билан маслаҳатлашувда унга ажратган пулларни сени маошингга сарфлашни айтаман…
Дарвоқе, мактабни ёпилишининг барча айблари Николинода ўсиб улғайган, лекин шаҳар тўралари олдида тиш-тирноқсиз ва нотовон бўлган кекса Мерконнинг зиммасига юкланди. Элатдагилар амин эдилар: мактабни ёпиш бу ҳали бошланиши, одам яшамайдиган уйларни ёқилиши, ўрмонларни кесиш ва яланглик бўйлаб шпаллар ётқизиб келинаётганлиги, ҳамма-ҳаммаси, қишлоқнинг ҳалокатга маҳкум этилганлигидан дарак берарди. Денгиз қирғоқларидаги ғаввосларга «Ахтунг! Ахтунг!» дея буйруқлар берилганлиги бежизга эмасди. Заводнинг қишлоқни йўқ қилиш қарори ижорларни Миколани қишлоқда оқсоқол қилиб сайлашга ундади, улар бир кун уни Ленинградга бориб, университет ўқитувчиларидан ёрдам сўраб, мактаб биносида ижор идишлари, йигирув ғилдираклари ва бошқа уй-анжом буюмлари билан тўлдириб этнография музейи ташкил қилиш орқали уларни ҳаётини сақлаб қолишига ишонишарди, эҳтимол у эски ёзиб олинган ёзуғларини тўплаб, бир китоб нашр этса ҳам ажаб эмас. Одамлар қулоғига музей ва завод сўзлари, бамисоли синонимдек эшитилар ва яқин келажакда порт ва темир йўл билан ўраб олинган, бу ўлик халқага айланган ижорлар дунёси, йигирманчи асрнинг қўлёзма йилномаларида, ўша китобда ёзилган битиклар орқали янги асрга етиб борар эҳтимол…
Миколанинг тақдири ҳақида ҳам тўхталсак… у шовқин-суронга, ўқувчиларнинг қувноқ қийқириқларига ўрганиб қолгани учун, эндиликда ўзи тушиб қолган вазиятга дабдурустдан кўниколмади. Уни тез-тез соҳил ёқасида, қирғоққа урилаётган тўлқинларнинг чайқалишини кузатаётган, денгиз шоввасига қулоқ тутиб ўтирганча, буни мактаб ҳовлисидаги ҳайқириқлар ва шовқинлар билан алмаштирган ҳолда, муқояса қилаётганини, уни бир лаҳзага бўлса ҳам кузатган одам илғаши, кўриши мумкин эди. У эрта тонгдан соҳилга келар, биринчи синф болаларини Филатон қайиғида Колбино мактабига жўнаб кетишаётганини кузатарди…
II
…Болалар мактабдан қайтаётганда, завод учун келган баржалар қайиқни соҳилга тўхтайдиган йўлини тўсиб қўйганида, ўқувчилар шимларини ҳимариб қувноқлик билан ўзларини саёз сувларга отишар ва қирғоққа томон кечув билан чиқишарди. Шундай пайтларда, болалар Миколани ўраб олишар ва лотин алифбосини кирилл алифбосига алмаштиришгани ва улар буни янги мактабда қанчалар қийналиб ўрганишаётганини сўзлаб беришарди…
Айна буларнинг ҳаммасини, ўт ўчирувчилар минорасидан туриб, атрофни дурбин билан кузатаётганида кўриб ўтирар, Антеронинг Миколага ҳаёжонланиб, нималарнидир айтаётганини кўриб қувонар, ўзининг бепарво отасининг меҳридан маҳрум бўлган ўғлини, ўқитувчисига бўлган ҳиссиётларидан онанинг юрагида ажиб хурсандчилик бўй кўрсатарди.
Зеро, она ўғлини тарбиялашдан воз кечган отаси, Антеро ҳаётида ҳеч қачон қаттиққўл эркаклик ролини сингдирмаганидан, боланинг эртанги келажагида бу — йўқотишлар ўлароқ из қолдиришидан хавотирда эди.
…Болалар мактабдан кейин уйга шошишарди. Антеро эса, бу дунёда ёлғиз, адашган каби яшаётган Микола билан соҳил ёқасида ҳамон гаплашиб ўтирарди. Ўша кунларда Микола Ленинградда китоб нашр этиш ва музей ташкил қилиш ҳақида бир неча бор бориб келганига қарамай, ҳали айтарли бирон нарсага эришмаганди, Антеро ўқитувчидан эшитган денгизнинг захоб сувларида Илмаринен илоҳи томонидан ясалган ижорликларни қутқариши мумкин бўлган сирли сандиқларни денгиз орқали юборилишини интиқиб кутарди…
Ўша мудҳиш кунда, эрталаб денгиз шу қадар бўронли эдики, ғазабланган пойгада бир-бирини қувиб ўтиб кетган қора тўлқинлар турли йўналишларда оқиб келаётган ёғоч ғўлалари ва бошқа ашқол-дашқолларни саёз сувли соҳилларга олиб келиб урар, қирғоқларга итқитар, у ердан яна денгиз тубига олиб кетарди.
Ленинград сафаридан эндигина қайтган Микола, ўт ўчирувчилар минорасидан соҳил томонга юриб келарди, табиийки, бу ерда у мазутли доғлар билан қопланган ифлос денгиз сувидан заҳарланган сув ўтлари қабатида илашиб қолган ўлик балиқларни кўрди, исёнкор денгизнинг қутираётган важоҳати билан сассиз тўқнашди.
Ўқитувчининг руҳи оғир ва лоҳас бўлиб қолди. У шаҳар сафари давомида Николинода музей очишга рухсат ололмаганди. Бюрократик идораларда бир эшикдан иккинчисига югуришга тўғри келар, бу югуришларда — кунлар, ойлар, йиллар ўтиб кетиши ҳеч гап эмас эди, музей ҳақидаги асосий гаплар бир четда қолиб, улар яқин вақтлар ичида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган янги ҳаёт ҳақидаги муваффаққиятлар ҳақида ҳаёжон билан гап сотишар, ҳали бир нарса демасингиздан сиз билан баҳслашиб кетишар, қандайдир экзотик қишлоқ музейи ҳақидаги гаплар, бу одамлар қулоғига кирмас, билъакс, бундай ҳаракатлар, уларнинг наздида тараққиётнинг тўхтатишга бўлган ҳаракат, эскилик сарқитлари бўлиб гавдаланардики, Микола улар билан вақтини шунчаки зое кетказаётганини тушуниб бундан эзилди, иттифоқо, унинг ортга қайтишидан бошқа йўли йўқ эди…
III
…Куннинг иккинчи ярмида, Микола соҳилда денгизни дурбин билан кўздан кечирарди. У яна болаларни мактабдан қайтишини кутаётганди, уларнинг кулгу ва ҳазиллар билан йўғрилган шўхликларини кузатарди ўқитувчи…
Болалар қайиқ соҳилга яқинлашиши билан қирғоққа қадам қўйишлари ҳамоноқ аввалига ўқитувчини ўраб олишар, сўнг уйларига тарқалишарди. Бу гал ҳам шундай бўлди, қирғоқ бўйида Антеро қолди ва унинг ёнида ўтирди. Ўқитувчининг ғамғин ва мулзам нигоҳига назар соларкан, Миколанинг кўнглини кўтариш учун Антеро унга ҳазиллаша бошлади. Ўқитувчи миннатдорона Антеронинг елкасига қўлини қўйди, улар бир муддат уфққа тикилганча шундай ўтиришди, денгиз кечагидан кўра бироз тинчлангандек эди, аммо тўсатдан катта бир тўлқин сув тубидан мисоли ўсиб чиққан девор янглиғ юқорига кўтарилиб, қирғоқ томон бостириб кела бошлади.
Антеронинг тасаввури бирдан жонланди: бир вақтлар шу ерда, қумлоқ қирғоқда, Микола унга нажоткор Вяйнямёйнен* * * * * * * * * нинг денгиз орқали келиб ижорларни қутқариши ҳақида афсонани айтиб берган эди. Унинг қадду-басти ҳайбатли тўлқинларга ўхшарди, у денгиз тубида, ижорлар дунёсида шайтон туғилажак соатларни кутади, шунда ўз ҳаётини хавфга қўйиб, Вяйнямёйнен қоронғу тубсизликдан қалқиб, Одам Атонинг охирги авлодларини қутқариш учун ер юзасига кўтарилади…
Ғазабланган денгиз йиртилган елканларни, тўрлар ва қайиқ бўлакларини, завод баржаларини парчинланган кабиналарини ағдар-тўнтар қилиб, қирғоқ томон шошди. Антеро буни кўраркан, ўтирган жойидан сакраб туриб кетди:
— Ана, қаранг… Вяйнямёйненнинг қутқарувчи қадду-басти зулматдан кўтарилди, — бола кутилмаганда денгиз томонга югуриб кетди. У сувга ўзини ташлаб, умидсизлик халқобига айланиб улгурган катта қоронғу гирдоб томон сузиб кетди.
Бу ҳолатдан Микола туйқус шошиб қолди, у бир муддат боланинг ортидан қараб қоларкан, баржа кабинасини Антеро томонга ҳаракатланаётгани кўрди ва денгизга ўзини отди. Тўлқинлар аллақачон Антерони ютиб юборишга шайланган, Микола умидсизлик билан унга етиб олиш учун сузарди. Алал-оқибат шашт ва ҳаракати беҳуда кетмади Миколани, у лоҳас сув узра, ўсмирнинг заифлашган танасидан маҳкам тутиб, қирғоқнинг саёз сувлари томон интилди. Антеро шу ердан, соҳилга баъзур судралиб чиқди, қоқилиб сув ютди ва ниҳоят, қумлоқ қирғоққа чиқаркан, юзтубан йиқилди. Бу вақтда, кутилмаганда қирғоқ томон келган катта тўлқин, болани қутқараётиб заифлашган, ақл-ҳушини йўқотаёзган Миколани ортга судургулаб кетаётганди, иттифоқо, бу чоғда у, болалигида онасининг ярми ўчиб кетган, парчин-парчин суратларини эслаб, ҳаётнинг назаркарда нигоҳларига сўнги бора боқиб, хотиржам қирғоқдан узоқроққа, тўлқинлар ичра чуқурроқ кириб кетаётганди…
Сўнги дақиқаларда Микола бутунлай қўрқувни йўқотди, бўғиқ ҳавони ютиш энди у учун аҳамиятли эмас эди, собиқ ўқитувчи эркин, бахтиёр ҳолда ҳушини йўқотди, лабларда табассум билан қуйига, тубга чўкди…
Бу орада ўзига келган Антеро уни қандайдир сеҳргар, кучли даст қирғоққа маҳкам ушлаб турганини пайқади, жимир-жимир тўлқинлар уни денгизга қайтишга энди имкон бермаётганди. Ҳолбуки, тўлқинлар ҳамон пишқирар, соҳиллар қумини ялаб, кичик оқимлар ҳосил қилиб айланар, баржанинг вайроналари атрофида ўқитувчини аллақачон қопланган боши узра шовулларди.
— Денгиз ўқитувчимизни олиб кетди! — деб қичқирарди Антеро, иккинчи гуруҳ мактаб ўқувчиларини олиб кетиш учун соҳилга келган Филатонни кўриб.
Улар биргаликда Филатон қайиғида Микола йўқолган ҳудудларни уч марта кесиб ўтишди, аммо муқаддас қурбондан бирон-бир белги ва хабар топилмади, хиёнаткор денгиз ҳам эндиликда, кутилмаганда сокин ва осойишта бўлиб қолганди…
…Ўша қайғули кундан бошлаб, Антеро энди кўп вақтини денгиз қирғоғи бўйида ўтказадиган бўлди, у энди улғайганини ҳис қилар, ҳаётни қадрини ўзгача тушуна бошлаган, ватани Николино учун ҳамма одамлар каби қайғура бошлаганди, зеро, илгарилари балиқ овланадиган саёз қўлтиқлар ва соҳиллар бўйини аллақачон завод порти эгаллаб олган, улар кечаю-кундуз ахмоқона жингирловчи металлларни, денгиз орқали ташиш билан банд эди.
Иттифоқо, бу ҳалокатли жойдан нафақат балиқлар, оқчорлоқлар, нерпалар, моржлар, ҳатто бу ерларни доимий манзилгоҳга айлантириб олган бакланлар ҳам узоқ-узоқларга сузиб кетишди…
Фақатгина денгиз ҳаёжон ва хўрсиниш билан қирғоққа келиб уриларкан, чайқалиб, қаршилик кўрсатар, унинг оқимлари заводнинг ҳамма жойни эгаллаб, бошбошдоқлик билан бошқараётганларнинг раъйига киришни хоҳламасди.
Портнинг чап тарафидаги икки қоя завод баржалари ва кемалари учун маёқ вазифасини ўтарди. Бўрон вақтлари денгизни тинчлантириш учун ижорлар қадим замонлардан бери бу ерларга келиб, сеҳрли овозлар билан қичқиришар ва сув илоҳидан тинчланишини сўрашарди.
Эндиликда денгизнинг батаҳқиқ тинчланмаётганининг замирида заводнинг ҳамма нарса устидан ўтказаётган зуғумига нисбатан бир исённи кўрарди ижорлар. Алоҳа, бетиним тўлқинлар жарликнинг энг тепасигача сапчиб, унинг оҳактош қатламини чиғаноқлар билан қоплади, чайқалиб, тошлар гардини тарошлаб ювиб ташлади. Илгарилари бу ерда оқчорлоқлар қуёш нур сочган вақтларда учиб юришни яхши кўрарди, эндиликда улар ҳам бу жойларда кўринмас, жарлик эса аста-секинлик билан ўз тусини ўзгартириб, худди одам юзини эслатадиган шаклга кирганди.
Денгизнинг бу ўйинини биринчи бўлиб Ленинграддан келган этнограф Андрей Андросов пайқади, у шу кунларда ижор афсоналари ва Вяйнямёйненнинг қаҳрамонлиги ҳақидаги эртакларни ёзиб олиш билан банд эди.
У бир пайтлар Микола исмли истеъдодли ижор йигитига университетда дарс берган, уни ўша вақтдаги қиёфасини кўз ўнгига келтираркан, бўрондан кейин жарлик узра ҳосил бўлган одам юзи Миколаникига жуда ҳам ўхшашлигидан ҳайратда қолганди.
— Ё, Худо! — деб ҳайқирди таъсирчан профессор, — Вяйнямёйненнинг ҳийласидан ақлдан озиш мумкин…
…Кейинги сафар келганида Андросов руник матнлар куйчиси Авиталнинг оғзидан ёзиб олинган Миколанинг қўлёзмалари билан танишишга ва уларни нашр этиш учун олиб кетишга қарор қилганди. Қабристондаги дафн маросимидан сўнг, ўқитувчининг уйи эшик-деразалари ўраб-чирмаб ёпиб ташлангандан бери ўз ҳолида ётарди. Айна пойтахтлик меҳмон келиб, Мекрон билан маст ҳолда доира ўйинини ўйнаб, гоҳ чўчқа, гоҳ бойўғли, гоҳ хўроз бўлиб қичқиргандан пайтидан бери Миколанинг уйи томонга қадам ранжида қилмаганди. Энди у бу ерларга профессорнинг келиши шарофати билан, уйни у ёқ бу ёғига қараб, тозалаб қўйишга қарор қилганди…
…Профессор бутун бутун ҳафта давомида Миколанинг қўлёзмаларини Ленинграддан бирга келган аспиранти билан бирга эринмасдан ўрганиб чиқди, шу вақт давомида улар Миколонинг уйида яшаб, овқатланиб, бутун бир кунларни шу ерда ўтказишди.
Антеро уларга ёрдам берарди, у ижор аёлларининг мўйнали бош кийимларини, бўялган кўзаларни, хотинлар тўйларда киядиган кўйлаклару, эркаклар камарларини кўз-кўз қилар, зора этнографлар учун бирор эътибор тортадиган нарсани топиб бериш пайида тимирскаланиб юрарди…
Икала билимдон Антеродан бу буюмлар ҳақида сўраркан, унинг оғзидан чиқаётган оддий сўзларни ҳам синчковлик билан ёзиб олишарди, улар унга бир кун келиб рус ва ижор сўзлари луғатини ҳам охиригача биргаликда тузишларига ваъда бердилар…
Қайтишда этнографлар темир йўл шпаллари бўйлаб портга пиёда йўл олишди. Улар қояга яқинлашганда дам олиш учун бироз тўхташди.
Профессор Антеронинг тушунтиришларини ёзаётиб, Миколанинг кулбасида ишлаётган вақтида, тўлқинлар қоядаги нақшларни ўзгартириб, унга одам кўринишини аввалгидан ҳам ёрқинроқ акс эттирганидан янада қаттиқ ҳайратга тушди. Энди унга бу денгиз тубидан кўтарилган қиёфа Миколанинг юзи эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди.
Саёҳатдоши бўлган ходим профессорни русча-ижорча луғат устида машаққатли меҳнат устида ишлаётиб, ақлдан озган деган гумонга боришидан у асло ҳайиқмади. Андросов қояга чизилган расмга ишора қиларкан:
— Бу Одамнинг ўғли Ҳобил, — деди.
Аспирант профессорга тўғридан-тўғри қарши чиқмаслик учун бош ирғаб:
— Балки Қобилдир? — деб сўради.
Профессор бунга жавобан ноаниқ имо-ишоралар қилиб, заводнинг тутун бўрқсиб чиқаётган мўриларини кўрсатди…
2023-2024 йиллар.
Москва- Переделкино.
Изоҳлар:
* Ижор заводи — Россиядаги оғир машинасозлик корхонаси. 1722 йилда асос солинган завод ядро энергетикаси учун ускуналар, жумладан, ядровий реактор идишлари, нефт-кимё мажмуаси учун пўлатдан ярим тайёр металлургия маҳсулотлари, кўприк ва йўл металл конструкциялари, пайвандлаш электродлари ишлаб чиқаради. Завод ўз номини Ижора дарёси номидан олган. Дарё эса ижор халқи номи билан боғлиқ. Ижорлар 2021 йилги аҳоли рўйхатида 210 киши қолганлиги қайд этилган.
** «Калевала» эпоси — 50 та руник матнни ўзида жамлаган карел-фин поэтик достони. Халқ оғзаки ижоди бўлган бу достоннинг илк версияси 1835 йилда фин лингвисти Элиас Лённрот(1802-1884) томонидан
ёзиб олинган. Тадқиқотчи достон версиясини 1849 йилда нашр этган.
*** Лемпо — Фин мифологиясидаги афсонавий шайтон. Насронийлик келгунча у финлар, кареллар ва ижорларнинг иблис ҳақидаги ғоясини марказида турган образ бўлган. Лемпо сўзида финча лаънати маъноси мужассам.
****Веден — балиқчилар ҳомийси. Уни тинчлантириш учун маҳаллий аҳоли жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлган. Дарё, денгиз, кўллар олдида шовқин кўтармаган, унга ахлат ташламаган, сув маъбудасига нон, танга, совғалар олиб келишган.
* * * * *Ильмаринен — Карел-фин мифологиясидаги учта энг олий худолардан бири. У «Калевала» достонида қаҳрамон сифатида ҳам иштирок этган. Ильмаринен — шамол, ҳаво, осмон, об-ҳавога жавобгар саналади.
* * * * * * Сима — кучсиз маст қилувчи сариқ рангли ижор миллий ичимлиги.
* * * * * * *Водьлар — Болтиқ бўйида яшайдиган фин этник халқи. 2020 йилда Россияда аҳоли рўйхатга олинганда, водьлар 99 киши қолганлиги қайд этилган. Ленинград вилоятида 40 киши, Санкт-Петербургда 25 киши, қолганлар бошқа ҳудудда яшаши қайд этилган. Бугунги кунда бир неча киши гаплашадиган водь мулоқот тилининг ғарбий водь лаҳжаси сақланиб қолган. 2008 йилда водьлар Россиянинг маҳаллий озчилик тоифасига кирувчи халқлар рўйхатига киритилган.
* * * * * * * * «Ахтунг» — олмонча бу ибора «Диққат!» маъносида келади.
* * * * * * * * *Вяйнямёйнен — «Калевала» достони қаҳрамони. У маъбуда Илматарнинг ўғли, биринчи одам, сеҳргар. Айтишларича иблис Лемпо уни денгизга чўктирган. Аммо у бир кун денгиз тубидан бутун қадду-бастини кўтариб, Лемпонинг найрангларидан ижорларни қутқариш учун чиқиб келади ва дунёда адолат ўрнатади.
(Тамом)