Бундай ҳикояни барча туркий тилда сўзлашадиган халқларнинг дарсликларига киритиш керак. Токи улар ҳам она тилларидан жудо бўлмасин. Ҳикояни ўқиб, маза қилдим. Баъзи жойларида ҳатто кўзларимда ёш чиқиб кетди.
Холдор Вулқон.
Шерзод Комил Ҳалил
Соқов балиқлар
(ҳикоя)
Шимолдан эсаётган совуқ шамол шаштида беором тўлқинлар қирғоқ қумларини ялаб, югираётган, баклан қушлари эса, аллақандай ғайри ҳадикдан безовталана бошлаган 1937-йилнинг сентябри. Сув қушлари ва тўлқинлар ғалаёни қулоққа чалингувчи Вистино кўрфазига яқин ижорлар мактабида портфель қўлтиқлаган, бошида қора шляпа, узун қора плашч кийган бир номаълум киши пайдо бўлди. Алмисоқдан қолган, девор сувоқлари кўчиб, тўкилиб бораётган мактаб биносида шу куни қиёмат қўпганини хаёлпараст она тили ўқитувчиси Теркан Сиирола биринчилардан бўлиб ҳис қилди. Боиси, мактаб директори кекса Коккеро ижор тили дарсига пўкка терак каби дароз, урфдаги федор шляпали, портфел тутган бу номаълум нусхани олиб кириб:
— Бу киши НКВД зобити кичик лейтенант Николай Волгин бўладилар, — дея уни ижор болалари олдида таништирганидаёқ, тил ўқитувчисининг кўнгли алағда бўлди.
Зобит ўқитувчининг узалган қўлини ҳавода қолдирмаслик учун истамайгина кўришгач, эски синфхонага ва ижор болаларига бир муддат зимдан назар солди.
— Энди гапни чўзиб ўтирмайман, ўртоқ Коккарев, — деди у директорга.
— Директорнинг фамилиялари Кокеро, кечирасиз, — хижолатомуз тезда унинг сўзларига тузатиш киритди, она тили ўқитувчиси.
Бу гаплардан синфдаги ўқувчилар юзига табассум югурди. Директор мулзам бўлиб, аввал зобитга, сўнг она тили ўқитувчисига боқиб, тушунтириш берди:
— Кокеро ижорча фамилия, рус тилида ҳурматли Волгин айтганларидек, Коккарев бўлади.
Теркан Сиирола директордаги бу ўзгаришни кўриб, анграйиб қолди. НКВД зобити олдида бунча қийшанглашни директор учун қандай аҳамиятли бўлишлигини ўзича чамалади.
— Сизнинг фамилиянгиз Сииролами? — гапнинг ўзанини муаллимга қаратди зобит.
— Ҳа, шундай, — деди она тили ўқитувчиси.
— Русчага Сидоров дея ўзгартириб олсангиз бўлади, сиз ҳам, — хотиржам таъкидлади зобит.
Болалар юзига энди кулги югурди. Теркан Сиироланинг ич — ичидан ғазаби келди, аммо, буни ташқарига чиқармади. Ахир, қаршисида кимсан НКВД зобити турарди. Тилидан тойиб, оёғи осмондан бўлиб кетсинми?! Йўқ, Теркан Сиирола ҳали ақлини еб қўйгани йўқ, аммо, шундай бўлса-да, унинг юзидаги нафратни хушёр зобит дарҳол сезди.
— Бунга қаршилигингиз борми ўртоқ Сидоров? -деди у.
— Сиирола, — тузатди муаллим.
— Майли, фамилиянгиз ҳақида ҳали алоҳида гаплашамиз, — деди зобит, қайсар муаллимга бироз ён бергандек. -Мақсадга кўча қолайлик. Болалар, сизлар ҳам, мана бу тил ўқитувчингиз ҳам менга диққат билан қулоқ тутинглар. Бугундан бошлаб, ижор тилида дарс ўтилиши тўхтатилади. Менинг қўлимда мана бу буйруқ бор. Ўртоқ Сталин шахсан ўзлари имзолаганлар.
У тил ўқитувчисининг ёзув столи устига портфелини қўйиб, ундан буйруқни олди-да, аввал ўқитувчининг юзига яқинлаштирди, сўнг уни шунчаки болалар томонга ҳам кўрсатиб қўйди. Ўқувчилар ҳеч нарсани тушунмагандек ҳайрон боқар, директор эса, унга ялт этиб қараган тил ўқитувчисидан кўзини олиб қочди. Теркан Сиироланинг ичидан нимадир чирт этиб узилгандек бўлди. Авзойи баданини негадир совуқ тер қоплади.
— Ижор тилини қайси синфларда ўқитамиз унда? — сўради у, зўрға тили калимага келиб.
— Умуман ўқитилмайди. Биз кўп миллатли мамлакатимизда ягона рус тилини жорий қилишни бугунги куннинг асосий талаби деб биламиз. Шунинг учун ўртоқ Коккарев, ижор тили ўқитувчисини бугундан бошлаб аризасини оласиз, ўқитувчи сифатида у фаолиятини тўхтатади.
— Ҳа, албатта, — унинг сўзини тасдиқлади директор. — Шундай қиламиз. Ижор тили бўлмагач, бу тил ўқитувчисини ушлаб тура олмаймиз.
— Ахир мен… — тутилди Теркан Сиирола.
— Сиз синфхонадан чиқаверинг, ижор тили энди йўқ.
— Сўнги бора дарсимни ўтмоқчи эдим…
— Ҳеч қачон, — рад этди кичик лейтинант. — Биз буйруққа қарши бормаймиз.
— Албатта, ўртоқ Волгин, — зобитнинг сўзларига қўшилди директор.
Теркан Сиирола ҳавоси чиққан пуфакдек бужмайиб титради. НКВД зобитига бирор эътироз қилишга бошқа ҳадди сиғмади. Ўқувчилар билан сўнги бора ижор тилида хайрлашиб, синфхонадан мулзам бир қиёфада чиқди. Директор болаларга тинч ўтириб туришни ва ҳозир рус тили ўқитувчиси дарсга киришини тайинлагач, зобит билан ташқарига чиқди…
Теркан Сиирола зобитнинг кўз ўнгида ўз хоҳишига биноан ишдан бўшаётгани ҳақида директорга ариза ёзди.
— Кетаверишингиз мумкин, — деди зобит. — Шахсан менинг сизга бирор эътирозим йўқ.
Тил ўқитувчисининг мактабдаги фаолияти шундай тугади. Теркан Сиирола шундан сўнг, бошқа ҳеч қачон мактабга келмади. Вистино қирғоқларида ота касби бўлган балиқчилик билан шуғуллана бошлади. Денгиз ва баклан қушлари унинг ҳамроҳи бўлди. Мактаб директоридан ҳам, ижор тилини олиб ташланишинига айтарли қаршилик билдирмаган ижорлардан ҳам қўлини ювиб қўлтиққа урди. Баъзан каталакдек ёғоч уйида ўтириб почтадан келган рус газеталарини варақларкан, кичик халқлар тилида дарслар ўтиш бутун мамлакат бўйлаб тўхтатилганлиги ҳақидаги хабарларга кўзи тушарди. Газеталар яна халқ душмани бўлган маҳаллий халқ вакиллари ҳақида ҳам истеҳзоли мақолалар ёзарди. Теркан Сиирола замон нотинчлигини, қалтис вақтларда яшаётганини ич-ичидан туяркан, бу ғурбат ва маҳрумият шамоли унинг ҳаётини ҳам ағдар-тўнтар қилиб юбормаса гўрга эди деб ўйларди. Воқеатан у адашмаганди…
Октябрь оёқлаб қолган вақтлар эди. У одатдагидай кўрфазга кунни бир қисмини ўлдириш учун балиқ овига келганди. Тушгача қармоқда эрмакка анча-мунча балиқ тутиб қўйди. Кўрфаз тарафга ғалати юкхонага эга ва унда русча «хлеб» деб ёзилган машина тўғри Теркан Сиирола тарафга, газ педалини босганча катта шашт ва ҳовур билан бостириб келди. Собиқ муаллим нима бўлаётганидан бехабар анграйиб қараб турарди. Машина тўхтар-тўхтамас, унинг ичидан иккита ҳарбий формадаги ходим ва ўша мактабга келган таниш зобит отилиб тушганча, Сииролага уни қамоққа олиш ҳақидаги ордерни кўрсатди.
— Бу ноқонуний балиқ ови учун, ўртоқ Сидоров — тушунтириш берди Волгин.
Собиқ муаллим истехзоли жилмайди.
— Сиирола, — деди у ўткир кўзларини зобитга тик қадаб. — Бир минутга рухсат берсангиз.
Волгин индамади, аммо ўқитувчининг талабини рад ҳам этмади.
Теркан Сиирола тутган балиқларини тизимчасидан чиқарганча, денгизга эҳтимол баклан қушларига улоқтирди.
— Хайр!
Бу хайр видоси балиқларгамиди, баклан қушларигами, ёки денгизга, ё кўрфазга, ё ватангамиди, энди бундан қатъий назар, собиқ муаллим учун ҳаммаси тугаган эди…
Шундай кейин Сиироланинг ҳаёти қандай кечган, нималар бўлган бу бир унга ва Худогагина аён. У бу ҳақда ҳеч кимга гапирмаган. Вистиноликлар собиқ муаллимни урушдан кейин далва-далва бўлиб кетган исқирт ҳарбий дала кийимида қишлоқда тўсатдан пайдо бўлиб қолганидагина сезиб қолишди. У билан илгари мактаб директори бўлган, эндиликда қишлоқ совети раиси вазифасида ишлаётётган Кокеронинг шахсан ўзи келиб гаплашди. Аввалига Сиирола оқсоқолга терс қараб тураверди. Кокеро уни сабр билан кутди.
— Теркан, — деди оқсоқол. — Мен сенинг олдингда гуноҳкорман. Мени жазога тортишинг мумкин.
Сиирола унга ялт этиб қаради.
— Жазолашим мумкин?! — заҳарханда нигоҳ ила собиқ директорга қаради у. Унинг ажин қоплаб шилинган шапақдай тўзғин юзлари, чўпдай озиб қолган афтодаҳол қиёфаси Сииролага заррача ачиниш уйғотмади. Зеро бу ҳол виждон оғриғидан қийналган кимсанинг кўринишидан кўра, кўпроқ қариликдан қуриб-қурқшаб бораётган таъвияни ғариб аҳволини эслатди унга. — Мен сизни жазолаганим билан энди нима ўзгаради?.. Мен беш йил туҳмат билан қамоқда ўтирдим. Беш йил урушда бўлдим. Бу вақт ичида бир авлод ижор тилини ўқимасдан махф бўлди. Бу вақт ичида сиз нима қилдингиз? Ўз ҳаётингизни асраб, мени қурбонликка ташладингиз?! Бас, мен биламан, сиз Волгиннинг кучугисиз, кетинг уйимдан…
Кокеро кетмади, ғазабга минмади, билъакс айбини тан олди.
— Ҳақсан Теркан, — деди у. — Мен хатога йўл қўйгандим ўшанда. Энди буни тузатиб бўлмайди, буни ҳам биламан. Сени нон деб ёзилган машинада қамоққа олиб кетишганини эшитганимдан сўнг, ҳаммасини тушунгандим. Миллатнинг ғанимлари она тили ўқитувчиларини йўқотиш пайига тушиб қолдими, бу ўша ғариб миллатнинг тилини ойболта билан чопиб ташлагандек бир гап эканлигини англаш учун онгим, фаросатим етмади. Мен эса, на сени, на ижорларимиз тилини ҳимоя қилдим. Ўшанда ўзимни ҳимоя қилдим деб ўйлагандим. Кейин, ўйлаб кўрсам, ўзимни ҳам ўшанда она тилимизга қўшиб кўмган эканман. Бошқа тарафдан ўйлаб кўрсанг, агар сен каби мен ҳам советларга қарши бўлсам, улар мени ҳам тинч қўйишмасди.
Теркан Сиирола кекса ижорга нафрат билан, ҳатто бироз ачиниб қаради.
— Амали ва ўз шахсий эҳтиёжи учун элини сотадиган тужжорлари бор миллат йўқолиб кетишга ҳаммадан кўра кўпроқ маҳкум. Улар ишонган оқсоқоллар қўрқоқ, раислар сотқин экан, бу элнинг эртаси йўқ. Мен сизни ортиқ кўришни хоҳламайман. Уйимдан кетинг, йўқолинг!
Собиқ муаллим Кокерони уйи остонасидан шу тариқа ҳайдаб солди. Қишлоқ совети раиси шу кетганича, ҳеч қаерга кўриниш бермай қолди. Сиирола уни аввал бетоб бўлиб қолганини Вистино қишлоқ дўконидан егулик харид қилгани чиққанида эшитиб қолди. Бир ҳафтадан сўнг эса, чолнинг вафот этганини эшитди…
Ўшандан бери қанча даврлар ўтди. Сииролани урушдан кейин яна қамашди. Унга майда миллатчилик, оммани ҳукуматга қарши гиж –гижлаб, совет халқининг бирлигига раҳна солиш айби қўйилди. Теркан бу нарсаларни ўйлаб ўйига етолмайди. Унинг биргина талаби ижор тилини ўз мактабларида ижор болаларига ўқитиш бўлган. Ҳукумат эса бунга қарши. Ижор тилининг йўқолиб кетиши у ҳукуматни заррача қизиқтирмасди…
1953 — йилда Теркан Сииролани қамоқдан озод қилиб, оқлашди, аммо ижор тилини мактабларга барибир қайтаришмади. Сиирола қамоқдан чиқиб келгач, марҳум Кокеронинг бева қолган қизи Ульянага уйланди. Оилавий бирликдан Агафон исмли ўғил туғилди. Теркан Сиирола хотини Ульяна билан бирга Вистинода ташкил этилган «Балтика» балиқчилик колхозига ишга кирди. Қолган умрини Вистинода балиқ тутишга бағишлади. Ўтган йиллар давомида одамлар ижор тилини унутиб юборишди. Ҳатто ижорман дейишга нисбатан уларда қўрқув пайдо бўлди. Буни Теркан Сиирола саксонинчи йилларнинг охирида қора папка кўтарган ҳукумат одамлари аҳолини миллий бирлигини рўйхатга олиш учун келганида ўғли Агафонни улар билан рус тилида гаплашаётганида сезиб қолди. Ҳукумат одами ўғлидан сўрарди:
— Миллатингиз нима?
Агафон жавоб берди:
— Менинг отам ва онам ижор, лекин ўзим русман.
Эндиликда қариб қолган Теркан Сиирола турган ерида ҳайратдан тахтадай қотиб қолди. Ўғлининг қалбига ижор бўлишдан уялиш, йўқ, тўғрироғи, кичик миллатга мансубликдан нафратланиш туйғуси қачон қарор топди?! Нега?! Нечун?! Сиирола ўғлига ҳеч нарса демади. Вистино кўрфазига кетди. Балиқларга, баклан қушларига ижор тилида сўзлагиси келди. Қисматнинг ижорларга нисбатан шафқатсиз муносабатидан ўкраб йиғлаб юборди.
— Энди ҳеч нарса бизни қутқариб қолмайди, ҳеч нарса!.. — денгизга қараб йиғларди чол.
Денгиз эса, бир маромда шовуллар, бакланлар балиқ талашиб сувга шўнғир, ҳаёт ўз оқимида давом этарди…
Шу орада кўп ўтмай советлар давлати тарқалиб кетди. Ўз давлатига эга бўлган халқлар озодлик байроғини кўтарди. Ўзгаришлар аста-секинлик билан Вистинога ҳам келди. 1993 йилда «Балтика» колхози қишлоқда ижорлар этнографик музейини очди. Борган одамлар у ерда ижор кашталарини, уй-рўзғор буюмлари ва шунга ўхшаш эски нарсалар бор экан, деб келишди. Теркан Сиирола бормади. Ўлган маданиятни майитини кўришга рағбат йўқ эди унда. Шу пайтларда Агафоннинг ўғли Денис(отаси унга русча исм берган) Москвада ўқирди. Бир куни у Москвадан келиб, Теркан Сиирола турадига хона эшигини қоқди:
— Денис келдингми болам? — набирасини қучоқлаб, бағрига босди чол.
— Бобо, мен Москвада ижтимоий антропология марказида ижорлар тили ва маданияти бўйича илмий иш бошладим, — деди.
— Сен, наҳотки?.. — ҳайрон бўлди Теркан Сиирола. — Отанг Агафон бундан хабардорми?
— Йўқ, — деди Денис. — Мана биринчи бўлиб сизни хабардор қилдим. Эртага мен билан Вистино музейига борасиз. У ерда мен нутқ сўзлайман. Ижор тилида!
— Ижор тилида?!
— Ҳа, ижор тилида, бобо.
— Ахир ижор тилини энди ижорлар ҳам билмайдику, болам.
— Эслатамиз бобо, эслатамиз!
Теркан Сиироланинг кўзларида ёш қалқди. Эртасига у Ульяна ва Агафон ҳамроҳлигида Вистино музейига борди. Эски колхоз биносининг мўъжазгина залида одамлар йиғилганди. Музейга келганлар ижор болталари, тешалари, сандонлари, мис кружкалар, товоқлар, тўқимачилик буюмлари, кўзалар, эски чироқлар, ёғоч буюмлар ва бошқа зеб-зийнат ва амалий санъат намуналарини кўриб, ижорлар маданиятидан фахр ҳиссини туйишарди. Залда йиғилганлар қошида сўз навбати Денис Сииролага берилганда, ҳамма уни жим эшитишга чоғланди.
Негаки, москвадан келган тадқиқотчи йигитча кутилмаганда соф ижор тилида сўзлай бошлаганди. Аввалига ҳеч ким ҳеч нарса тушунмасдан унга диққат билан қулоқ тутиб, бу йигитча нима деяётганини илғаб олишга ҳаракат қилишди. Теркан Сиирола одамларни кузата бошлади. Уларнинг димоғига нимадир тиқилгандек, кўзларига ёш айлана бошлади, юзларига табассум югурди. Улар пичирлаб атрофидагиларга нимадир демоқчи бўлишарди, лекин ижор тилида сўзлар ёдларига келмаганидан, ўз она тилларида гапира олмаганлариданми, уялиб, ҳатто йиғлай бошладилар. Денис Сииролани ҳамма тушунаётганди, лекин улар энди ижор тилида гаплаша олмас эдилар. Буни кузатиб турган Теркан Сиирола Ульянани, ҳатто Агафонни ҳам йиғлаб юборганини кўрганидан кейин, фожиа кўламини янада чуқурроқ ҳис қилди. Ахир, бундан ортиқ фожеа борми?! Сен бу тилни тушунасан, ахир бу тил, она сути билан сенинг қалбингга кириб борган, аммо энди бу тилда гапира олмайсан, бир оғиз ҳам сўзлай билмайсан. Кўзларингдан оқаётган ёш, ўша тилнинг соғинчи, ўз миллатинга хиёнатингни, ўзингни кечира олмаслигингни исёни. Ўз халқингни, ўз тилингни унутишинг, гапира олмасдан кўзларингдан ёш билан сизиб чиқаркан, буни азоби қанчалар оғирлигини Теркан Сиирола бутун важоҳати билан сезиб турарди. Кўз ёшларининг томчилари, пешонасидан оқаётган реза-реза терлар кекса чолнинг ҳам қувонч кўз ёшларимидими, армонимидими энди буни аниқлаб бўлмасди. Денис ижор тилида сўзларкан, ижорлар йиғларди, одамлар йиғларди…
Вистино қирғоқларида эса
кўрфаз сувлари шимолдан елаётган совуқ шамолда беадоқ жимирлар, балиқлар сузиб юрар, қирғоқдаги баклан қушлари бўлса, тўлқинларнинг нотинчлигидан безовталанарди.
2023.
Москва-Переделкино.