Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Холдор Вулқоннинг «Олисларда ёнган чироқлар» номли китобидан бир боб.

Элнинг ҳаққи
(Эссе)
Собиқ шўро замонлари эди. Қишлоғимизда «сариқ» касалга чалинганлар ва шу касаллик туфайли ўлаётганлар сони кўпайиб кетди. Чунки, қишлоғимиз марказидаги аҳоли зич яшайдиган жойда юқимли касалликлар шифохонаси бўлиб, у ерда узоқ-яқиндан келган сариқ касаллар даволанишарди. Юқимли касаллик аввало ҳаво орқали юқса, тун бўйи касалхона ховлисида тимирскаланган дайди итлар, мушуклар кундузи хонадонларга қайтар, ит ва мушукларни силаган катталар, айниқса, болалар ўзларига дахшатли касалликни юқтириб олар, айниқса, қушлар сариқ больница ахлатларига қўниб, сўнг аҳоли ховлисидаги мева чева, узумларни чўқир, шу тариқа бу мудхиш инфекцияни тарқатар эдилар. Сариқ касалларни чаққан искабтопарлар албатта соғлом одамларни ҳам чақар, шу асно касалликни қон орқали бошқаларга юқтирар, чивинлар, возиллаб учиб юрувчи, дастурхондаги таомларга қўнувчи пашшалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлар эди. Мен касалхонани зудлик билан чеккароққа, аҳоли яшамайдиган жойга кўчириш кераклигини айтиб, бонг ура бошладим. Лекин Туман раҳбарларининг бу ишга парвойи фалак эди.Охири мен бир тўйда сўзга чиқиб:
— Азиз ҳамқишлоқлар, қишлоқ марказидаги касалхона тезроқ кўчирилмаса, яқинда ҳаммамиз «сариқ»қа чалиниб, ногирон бўлиб қоламиз. Шунинг учун эртага соат 12 да касалхона ёнига боринглар. Тинч норозилик намоишини ўтказамиз — дедим.
Эртаси куни соат 12 да 300 чоғли хамқишлоқларим тўпланиб « Йўқолсин сариқ больница!», дея тўполон қила бошлади. Полохон маҳалласда яшайдиган Фозил ака деган киши кўйлагини ечиб, мотоциклининг бокидаги бензинга бўктираркан, чўнтагидан гугурт чиқарди ва: — Холдор! — деди у менга, — сен бизнинг бошлиғимиссан! «Огонь!» десанг бас, касалхонасига ўт қўйиб юбораман! Менинг жондан азиз фарзандим ҳам шу касалхона сабаб, «сариқ» касали юқди ва ўлди! Айт, ука! Нима қилай?! — деди.
Мен Фозил акани тўхтатдим: — Биз бу муаммони ур — йиқитсиз, тинч, сиёсий музокара йўли билан ҳал қиламиз! — дедим. Туйнукдан қарасам, оқ халат кийган врачлар қўрқиб, ичкарида у ёқдан бу ёққа югириб юришибди. Айниқса Аллакпар деган қораянтоқлик дўхтир. Ўша «катта»ларга қўнғироқ қилдими, валлохи аълам, ҳайтовур, узоқ кутдирмай, райкомдан ва милициядан бир гала ходимлар етиб келишди.
Мен қишлоқ аҳли номидан сўзлаб, касалхонани кўчириш тўғрисидаги қатъий талабни туман ҳокимлиги мутасаддилари олдига кўндаланг қўйдим. Ўша пайтдаги райком секретари ёрдамчиси Анвар Мўминов деган одам: -Ука, битта касалхонани кўчиришга қанча маблағ кетишини биласизми? Бу фалонча пул бўлади — деди, катта бир рақамни айтиб. Мен унга: -Наҳотки ўша сиз айтаётган маблағ, юқимли касаллик туфайли жигари шишиб, қирилаётган аҳоли соғлигидан ҳам қиммат бўлса? Ўйлаб гапиряпсизми? -дедим. Шундан кейин улар (қамаб қўйиш мақсадида бўлсалар керак,) мен билан алоҳида, ичкарида гаплашмоқчи эканликларини айтдилар.Мен кўнмадим. Шунда, ўша пайтлар ижроқўмми, колхозга райис бўлибми ишлаб юрадиган амакимиз Саидов Назиржон менга астойдил насихат қила бошлади. Унинг айтган гаплари ҳамон сўзма сўз эсимда. У: -Сиз билан бизнинг томиримизда битта одамнинг қони оқмоқда, тўғрими? -деди у гапни узоқдан бошлаб. Кейин, юқимли касалликлар бўлимини чеккароқ худудга кўчирилишини талаб қилиб, ўтказаётган тинч акциямизни тўхтатишга ундай бошлади. Мен ҳали ҳануз ўйлаб, ўйимга етолмайман. Бир томонда юқимли касаллик дастидан қишлоқ аҳли азият чекиб, кунда кун ора у ердан ҳамқишлоқларимизнинг ўлиги чиқаётган бир пайт, ўз амаким, кап — катта раҳбар арзимаган муваққат, яъний ўткинчи мансаб — мартабани деб, ўз ҳақ — ҳуқуқини тинч йўл билан талаб этаётган қишлоқ аҳли иродасига қарши чиқиб турса. Буни қарангки, айнан ўша сариқ больницадан юққан «Гепатит С» касаллиги билан Назиржон аканинг 18 ёшли навқирон ўғли оламдан ўтди. Машраб деган бола эди. Мен уни ўз укамдай яхши кўрардим. Жойи Жаннатдан бўлсин. Эсимда, бир куни касалхонага тушиб қолсам, «Холдор акамга нима бўлди экан?» -деб, уйда мастава тайёрлатиб, мева -чева тўла тўрва билан келиб, ҳол -аҳвол сўраган эди. Мен ўшанда унинг кўзи сарғайиб кетганини кўриб:- Машраб, сен бугуноқ сариқ касаллигига анализ топшир, сариқ касалга чалиниб қолганга ўхшайсан -дедим. У хўп деб, лабороторияга анализ топширди ва айтганимдай, у гепатит хасталигига чалинган экан. Бечора уйда: — мен негадир чарчаб кетяпман -деб сўрида ётса, унинг битта сал гангирбошроқ акаси бор эди. Юрса, аёлларга ўхшаб лапанглаб одимлайдиган. Ўша: -Сен бахона қиляпсан, тур ўрнингдан, молларга томдан ўт ташла -деб Машраб раҳматлини ишлатаверган. Назиржоннинг ҳам бу ҳолатга парвойи палак. Охир оқибат, Машраб вилоят юқумли касалликлар бўлимига ётқизилди. Лекин энди кеч бўлганди. касаллик зўрайиб кетган экан. Бир куни дўхтир Машрабнинг акасига: -Э, даданга айт, вазият жиддий. Уканга қарамайсизларми? -деса, Машраб раҳматли кўзлари тўла жиққа ёш билан: -Қўяверинг, дўхтир, буларга одам керак эмас -деган экан. Машрабнинг ўша гапларини эсласам, бўғзимга тош тиқилгандай, димоғим ачиб, кўзларимга аччиқ ёш қалқиб чиқади беихтиёр.Назирдин ўлим тўшагида ётган ўғлидан хабар олмай, кайфу сафо қилиб юраверган экан ўшанда. Кейин, кўп ўтмай Назирдиннинг Ўктам деган ўғли бирдан кўр бўлиб қолди. Ўктам узоқ йилллар инжиқланиб, ёруғ оламни кўролмай, қуёш нури тегмаган гиёх каби озиб, ранги оқариб, ногиронлар аравачасида ҳаракатланиб яшади. (Ўзидан келиб, ўзидан кетсин)Икки йилча бўлди Ўктам ҳам оламдан ўтди. Маслахат қишлоғи марказига елиб, югириб, замонавий поликлиника қурдирган тадбиркор шифокор Жумабой ака Парпиевнинг айтишича, Назирдиннинг учинчи филдек семиз ўғли қандли диабет касалига мубтало бўлиб, юраги ишдан чиқиб, чўпдай озиб, ярми ҳам қолмаган эмиш. Худо шифо берсин. Назридиннинг отасилан эрта етим қолди. Отаси ўлиб кетгач, етим қолган Назридиннинг суннат тўйини дадам раҳматли ўз хисобидан ўтказиб, қўлини ҳалоллаб қўйган эканлар.
Яхшидан боғ қолади деганларидай, собиқ шўро замонларида обком секретари бўлган Бектош Раҳимов йўллар қурдириб, анҳору дарёлар устига бетондан мустахкам кўприклар қурдириб кетди. Маслахатдаги Хонариқ устига қурилган бетон кўприк ўшалар жумласидан.
Андижон вилояти собиқ ҳокими Қобилжон Обидов Асакада автомобилсозлик заводини қурдириб, ишга туширдилар ва Ватанимиз автомобил индустриясига эга бўлди.
Бугунги Андижон Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов эса андижон шаҳрини ва вилоятдаги шаҳру қишлоқларни, таниб бўлмас даражада ободонлаштирдилар. ҳоким буванинг отасига раҳмат.
Аммо яқин ўтмишда ўтган баъзи, нонобқочар амалдорлардан эсласа арзигулик бирон иншоат ё қурилиш қолган эмас. Ундай такаббур, симёғочдай ғўдайган олчоқ кимсалар халқ мулкини зимдан талон -тарож қилгани ҳам оздай, туғилган кунини, тўю ҳашамини, ҳатто қўштирноқ ичидаги ҳайру эҳсонини ҳам ўз гумашталари хисобидан бепул ўтказиб, яна ўша харомкаламуш ҳамтовоқларини ишга солиб, катта катта бино ва иншоатларни қинғир йўллар билан қоқибаҳосига, ёки сувтекинга ўзлаштириб олардилар.
Лекин, ундай нопок кимсалар охир оқибат Худои Таолонинг қаҳру ғазабига учраб, аламли азобларга дучор бўлдилар еган ичган харом луқмалари тешиб чиқди.
Энди яна сариқ больница масаласига қайтамиз. Ҳамқишлоқларим ўз фикрида мустахкам туриб, мени ўраб олиб, улардан ҳимоя қилдилар. Айниқса, Ҳакимов Абдумалик ака. Ҳафсаласи пир бўлган райком ва милиция ходимлари мажбур музокарага киришишди.
Одатларига кўра қоп -қоп вадалар бериб, одамларни тарқалишга буюрди. Лекин маҳалла аҳли тарқалмади. — Қачон Холдор Вулқон “Тарқал” деса, тарқаламиз — дейишди улар.
Шундан кейин милиция бошлиғи билан Анвар Мўминов деган райком секретарининг ёрдамчиси менга — Одамларингизга айтинг, тарқалишсин — деди.
— Яхши, одамларни ҳозир тарқатиб юбораман. Лекин, айтилган гаплар қуруқ вада бўлиб қолаверса, бир ҳафта ичида касалхона кўчмаса, яна митинг қиламиз! — дедим мен.
Ходимчалар яна бир бор вада беришгач, мен митингни тарқатиб юбордим. Эртасига эрталаб мени негадир милиция идорасига эмас, район ижроия қўмитасига чақиришди. Бориб, мени чақиртирган одамга учрадим. У Сайдилло Бегалиев деган кимса экан.( Сайдилло Бегалиев кейинчалик Избоскан туманига сўнг Андижон вилоятига хоким қилиб ҳам тайинланди) У: — ука, сизни кечаги митинг масаласида чақирдик. Самолётга чипта тайёр. Сиз зудлик билан Тошкентга учиб, Маслахат қишлоғидаги юқимли касалликлар бўлими муаммоси бўйича Ўзбекистон Соғликни Сақлаш Вазирлигига борасизда, ҳаммасини шахсан вазирнинг ўзига айтасиз — деди.
Бу гапдан менинг ғазабим қайнади. — Нега мен Тошкентга борар эканман? – дедим, ниҳоят.- Юқимли касалликлар касалхонаси туфайли эпидемия тарқалиш арафасида турсаю бевосита эл соғлигига жавобгар министрингиз бу ёққа келиши ўрнига мен бораманми? — дедим.
Сайдулло Бегалиев менга бир зум тикилиб турдида, — Э, сиз ўзи гап уқмайдиган бола экансиз — деди. Мен шартта ортимга бурилиб, ташқарига чиқиб кетдим. Қишлоққа қайтиб борсам, мактабда мени ишдан четлатиш учун менинг иштирокимсиз хуфя йиғилиш ўтказишаётган экан.
Йиғилишда қориндор бир кимса сўз олиб менга: — сариқ банисани кўчиришни сизга ким қўйибди? Сиз кимсиз? Ким бўлиб қолибсизки, сариқ банисани кўчирасиз?! Мана биз кўчирсак бошқа гап. Бир неча ўлдир — медолланни соҳибимиз — деди у кўксидаги медальга ишора қилиб. Мен кулдим. — сариқ банисани кўчириш учун одам албатта ўрден – медалли бўлиш керакми? Юқимли касалликдан қирилаётган халқни ҳимоя қилиш барчанинг бирдай бурчи эмасми? — дедим мен.
Узоқ музокара тортишувлардан сўнг мени ишда қолиш ёки қолмаслигимни овозга қўйишди. Буни қарангки, кўпчилик овоз билан мени ишда қолдиришди.
Мени Тошкентга жўнатиб хуфя йиғинда ишдан олинишимни режалаштирган маккор кимсаларнинг фитнаси амалга ошмади.
Бир ҳафта деганда «сариқ» касалликлар шифохонаси аҳоли яшамайдиган жойга кўчирилди.
Кейинчалик Андижон -Асака йўналишидаги «Гулистон» махалласи аҳолиси тоза ичимлик суви масаласида ёрдам беришимни сўраб, менга ёзма мурожаат билан чиқдилар. Мен бир мустақил журналист сифатида уларга ёрдам кўрсатишни ўз зиммамга олдим.Гулистонликларнинг айтишича у маҳаллада тоза ичимлик суви муаммоси мавжуд бўлиб, сув битта жойдангина олинар, узоқ масофадан флягаларда сув ташиётган болаларни ва катталарнинг айримларини серқатнов йўлда машина уриб, ҳалок этиш каби бахтсиз ходисалар тез тез юз бериб турар экан.Мен Андижон туман ҳокимлиги мутасаддилари билан бўғишиб юриб, бир ярим километр жойга полиэтилен қувирлар кўмдириб, «Водасбор» деган жойдан Гулистон маҳалласига тоза ичимлик суви олиб келиб, аҳолининг дуосини олдим. Гулистонликлар ҳозиргача ўша қувирдан келадиган тоза ичимлик сувидан фойдаланмоқдалар. Худога шукр.
Яна бир ҳайрли ишни Қораянтоқ маҳалласида амалга оширдик. Халқ дарди билан елиб, югирадиган маҳалла масжидининг ўша пайтдаги имоми Абдулҳамид тоғанинг айтишича, қораянтоқликлар ҳам ўз шахсий қабристонлари бўлмагани боис, одам вофот этса, маййитни қўшни қишлоқларнинг мозорларига дафн этиб юрар эканлар. Абдулҳамид тоға иккаламиз елиб, югириб, охири пахта яккахокимлиги авж олган паллалар ҳокимлик билан суришиб, ёқалашиб юриб, пахта далалари четидан 1 гектар қабристон ажратдирдик. Энди Қораянтоқликларнинг дуо қилишларини кўрсангиз эди. Аҳоли роса хурсанд бўлди. Бир куни ўша қишлоқда яшовчи Абдураҳмон ака деган инсон менга: -Ука, раҳмат.Қачон қабристонга одам дафн этилса, эл сизнинг ҳаққингизга ҳам қўл очиб, алохида дуо қиляпти -деди.Бу гапларни эшитиш мен учун жуда қувончли эди.
Бир куни ўзимизнинг Хонариқбўйи махалласига қувир тортиб, кўчани газлаштирдик. Одамлар роса хурсанд бўлди. Отахонлар, онахонлар ҳаққимизга дуои ҳайр қилдилар. Битта онахон мени тўхтатиб: -Болам, илоё умрингиз узоқ бўлсин. Ҳар куни газга чой қўйиб, овқат тайёрлаган пайтимиз сизни эслаб, дуо қиляпмиз -деди.Ундан ҳам қизиғи кейинроқ рўй берди. Ўша кўча аҳолиси ўзаро маслахатлашиб, кўчани менинг номим билан аташга қарор қилибдилар. -Энди бу кўчани Холдор Вулқон кўчаси деб атаймиз. табличкалар ёзиб, уйларнинг дорвозаларига ўрнатамиз дейишди. -Мен уларга миннатдорчилик билдирар эканман, кўчани менинг номим билан аташга лойиқ иш қилмаганимни айтдим. Миннатдорчилик шу даражага бориб етган эди. Ҳа, халқимиз ўзига етган заррача яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам абадий ёдидан чиқармайди.Шунинг учун ҳам халқимизни яхши кўраман, доимо унга талпиниб яшайман.
Эҳҳе, мазлумларни очофат, еб тўймас таппаталар харомхўр валломатлардан ҳимоя қилиб, қанча қишлоқлар аҳолисини тоза ичимлик суви, газ билан таъминлаган эдик ўша пайтлар! Биз амалга оширган ҳайрли ишларнинг рўйхати узун. Энди ўйласам, ўша пайтларда мен мандатсиз депутат бўлган эканман.Бу нарсаларни шунчаки мақтаниш учун айтмаяпман, балки, озгина бўлса ҳам элнинг корига яраб, халқимиз берган тузни оқлаш йўлида ўша замонлар амалга оширилган эзгу ишларни фахр билан эътироф этмоқдаман ҳалос.
Ўша дамларни эслар эканман, умримнинг қоронғу даштларини ёритиб порлаётган савоб чироқларини кўраман, озгина бўлса ҳам халққа ёрдамим текканини эслаб, енгил тортаман, хурсанд бўламан. Ҳамда буюк саркарда, шоир бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг:
Бори элга яхшилик қилгилки, мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
деган мисралари ёдимга тушади.

